O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Рашитжон Қодиров устидан суд тугади, ҳукм ёпиқ бўлади

Рашитжон Қодиров устидан суд тугади, ҳукм ёпиқ бўлади
142 views
25 June 2019 - 16:54

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан ёпиқ суд жараёни тугаган, ниҳоий ҳукм эълон қилинадиган суж мажлисига журналистлар қўйилмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов коллегияси раисининг ўринбосари Икром Муслимов Тошкентдаги матбуот брифингида маълум қилган.

Газета.уз нашрининг мулозимдан иқтибос келтиришича, собиқ бош прокурор устидан жиноят ишини кўриб чиққан суд ҳайъати маслаҳат хонасига кирган.

Олий суд вакили ҳукм эълон қилинадиган аниқ санани тилга олмаган.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳар судида Рашитжон Қодиров билан бирга маҳкамага тортилган жами 13 кишига нисбатан ҳукмнинг эълон қилиши кутилади.

Олий суд мулозимларига кўра, суд ҳукми ҳақида Олий суд оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилади ва шарҳ беради.

Отабек Муродов
Ўтган ҳафта ишдан олинган Отабек Муродов ҳам ўтмишдоши сингари коррупцияда айбланади

Мулозимлар ниҳоий ҳукм эълон қилинадиган суд мажлисига журналистларни қўймаслик ҳақидаги қарорни жараённинг ёпиқлиги ва “махфийлик” грифи остида ўтиши билан тушунтирганлар.

15 йил мобайнида Ўзбекистоннинг бош прокурори лавозимида ишлаган Рашитжон Қодиров ўтган йил февралида ҳибсга олинганди.

Суд жараёни шу йил январида бошланган.

Рашитжон Қодиров ўзи бош прокурор бўлган 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Товламачилик” (165-моддаси), “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” (205-модда) ва “Пора олиш” (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланади.

У билан бирга маҳкамага тортилган шахслар ҳақида маълумот йўқ.

‘Катта срок олади’

Рашитжон Қодиров устидан суд жараёнини ниҳоясига етгани ҳақидаги баёнот ўтган ҳафта ишдан олинган яна бир собиқ бош прокурор Отабек Муродовнинг устидан тергов бораётгани ҳақидаги хабар манзарасида янграган.

20 июнь куни идан олинган Муродовнинг терговга жалб қилинганини Президент Шавкат Мирзиёев 21 июнь куни Сенатнинг ялпи мажлисида маълум қилган.

Президентнинг сўзларидан англашилишича, собиқ бош прокурор ҳам ўзининг ўтмишдоши каби коррупцияда айбланмоқда.

«Мана иккинчи прокурорни лавозимидан олиб, жиноий иш очдик. Вилоят ҳокимидан $100 минг, туман ҳокимидан $50 минг пора олган,» деб айтган Мирзиёев.

У Отабек Муродов ва унинг бошқа ўтмишдоши, ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг узоқ муддатга панжара ортига ташланиши эҳтимолига ишора қилган.

“Абдуллаеви ҳам, бошқаси ҳам катта срок олади ҳали,” – деб айтган Шавкат Мирзиёев.

kun.uzЯнги бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев олдига “тизимни коррупциядан тозалаш” вазифаси қўйилган

Президент ўтган йили Рашитжон Қодиров иши бўйича ҳам шунга ўхшаш баёнот берган, Қодировни “икки ойда телевизорга чиқариб, гапиртириши”ни айтганди.

Аммо Қодиров телевизорга чиқиб гапирмаган ва унинг суди кутилганидан узоқроққа чўзилган.

Ўтган ҳафта Шавкат Мирзиёев ўзи ҳокимиятга келган 2016 йил сентябридан буён учинчи бош прокурорни тайинлаган.

Ушбу лавозимга Ислом Каримов ўлими ортидан Президент вазифасини бажаришдан ихтиёрий равишда воз кечган Сенатнинг собиқ раиси Ниғматилла Йўлдошев тайинланган.

Президент Мирзиёев янги бош прокурор олдига “тизимни коррупциядан тозалаш” вазифасини қўйган.

Қийноқ иддаолари

Шу йил апрелида Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия (Аmnesty International) ташкилоти Рашитжон Қодировнинг қийноққа солингани юзасидан баёнот тарқатган.

Нуфузли инсон ҳақлари ташкилоти 67 яшар собиқ бош прокурорнинг қийноқларга солинаётгани юзасидан тезкор акция бошлаганини айтган.

Халқаро Амнистия жамоатчиликни Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийларига Рашитжон Қодировни қийноқлардан ҳимоя қилишни сўраб, мактуб ёзишга чақирган.

Ташкилотга кўра, собиқ бош прокурор жисмоний қийноқлар, уйқу бермаслик, ўлим таҳдидлари ва яқинларига нисбатан таҳдидларга юз тутган ва ўзи ҳамда бошқаларга қарши гувоҳлик беришга мажбурланган.

Ўзбекистон бош прокуратураси қийноқ даъволарини рад этган.

Бош прокуратура Рашитжон Қодировнинг “соғлиги унинг қамоқда қолишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаслиги, баданида ҳеч қандай жароҳат бўлмаганлиги”ни айтган.

ЎХҲ ахборот бўлими