O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Рашк

Рашк
159 views
17 January 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ЭРТАК

Бир уй бор.
Бу уйда,
қачон қараманг,
совуқ ҳашам ҳоким,
ва қаттиқ тартиб.
Бу уй жуда тоза.
Кирадилар унга
фақат юракларга оёқни артиб…

* * * 

РАШК

Ҳазил

Мен севган қизларнинг тўйлари бўлса,
Юрагим қуш бўлиб кўкка чоғланур.
Лекин оғир бир тош келиб қайдандир
Унинг оёғига дарров боғланур.

Мен севган қизларнинг тўйлари бўлса
Бу ҳол қанча эриш туюлса ҳамки,
Юрагимнинг ярми бўлади ҳурсанд,
Юрагимнинг ярми бўлади ғамгин.

Балки бу тўйларни олқишлаш зарур,
Балки бу тўйларни лозим қоралаш.
Мен севган қизларнинг тўйида, хуллас,
Қорлар ёғиб турсин ёмғир аралаш…

(давоми бор)