Ўзбекистон халқ ҳаракати ташкилотининг Канада бўлими фаоллари, аввал хабар берганимиздек, 2005 йилги Андижон қатлиомини хотирлаб, 13 май куни Ванкувер шаҳрида пикет уюштиришган эди.
Шу ҳафтанинг бошида, “Ванкувер экспресс” газетасининг “РЕГИСТОН” саҳифаси эса тўлалигича Андижон фожеасига бағишланди.
Рус тилида нашр этиладиган кўп ададли бу газетага илова тарзида чоп этиладиган “РЕГИСТОН”, ЎХҲ Канада бўлимининг саҳифаси ҳисобланади.
Ушбу саҳифада ЎХҲнинг фаоллари Канадалик ўқувчиларни Ўзбекистондаги бугунги сиёсий ва ижтимоий вазият билан таништиришади шунингдек, ўзбек мухолифатининг диктатурани йиқиш йўлидаги ҳаракатларини ёритиб боради.
Саҳифанинг бу сонида ўқувчилар диққатига, ЎХҲнинг раиси, ўзбек мухолифатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг “Азия плюс” нашрига берган интервьюси ҳавола этилган.
Айтиб ўтиш жоизки, мухолифат етакчисининг интервюлари ва шеърлари “РЕГИСТОН” саҳифасида доимий чоп этилиб борилаяпти. Бунинг натижаси ўлароқ, Канадалик русийзабон газета шинавандалари бугун Муҳаммад Солиҳ ва ўзбек мухолифати ҳақида яхши билишади.
“РЕГИСТОН”нинг ушбу сони, юқорида айтиб ўтганимиздек, Андижондаги қонли воқеаларнинг 7 йиллигига бағишланди. Бобир майдонида содир бўлган қирғин ҳақидаги мақолалар, нуфузли xалқаро экспертларнинг интервьюлари билан бир қаторда, ЎХҲ Канада бўлими фаоллари ўтказган хотира пикети ҳақидаги расмлар ҳам саҳифада чоп этилган.
Улуғбек Ҳайдаров