ВВС радиосининг хабар беришича, Ислом Каримов мамлакатдаги 140 дан ортиқ аксар йирик саноат ва кимё корхоналарининг “зарар кўриб ишлаётгани”ни очик эътироф этган .
Каримов бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 17 январ куни бўлиб ўтган 2013 йил якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурга бағишланган йиғилишида гапирган.
Каримовга кўра, касод бўлган корхоналар орасида Тошкент трактор заводи, “Агрегат заводи”, “Чирчиққишлоқмаш”, “Ўзпахтамаш” очиқ акциядорлик жамиятлари бор.
Президентнинг айтишича, бу корхоналар “оғир молиявий аҳволга тушиб қолган”.
“Коммунал соҳада 26 та зарар кўриб ишлаётган корхона, шу билан бирга, йўл қурилиши соҳасида 13 та иқтисодий ночор корхона мавжуд экани ҳам ташвиш уйғотади”,- деб айтган Каримов.
Давлат раҳбари ҳукуматга 3 ойлик муддатда бу корхоналарни молиявий инқироздан ва банкротликдан чиқариш бўйича “йўл харитаси” ни ишлаб чиқишни топширган.
Унинг айтишича, “бундай чора-тадбирларни қўллаш фойдасиз бўлган корхоналар ноль қиймати бўйича хусусий жисмоний шахсларга сотилади”.
Каримов “хусусий мулк шаклидаги корхона давлат мулки бўлган корхонадан кўра анча самарали ишлашини” таъкидлаган.
Каримовнинг сўзлари унинг ўзи айни йиғилишда келтирган Ўзбекистон иқтисодида саноатнинг улуши ошиб бораётгани ҳақидаги рақамларга зиддир.
Каримов мамлакатдаги йирик корхоналарнинг касодга учрагани ҳақида гапиришдан аввал 2013 йилда “эришилган ютуқлар”ни бирма-бир санаб ўтган.
Жумладан, ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсгани ва инфляция даражаси прогноз кўрсаткичидан паст бўлиб, 6,8 фоизни ташкил этганини айтган.
Президентга кўра, ўтган йили мамлакатда “қарийб 970 минг киши иш билан таъминланган”.
Бу аҳоли сонига нисбатан олинса, дунёнинг саноати энг ривожланган АҚШ ва Британия сингари давлатларида яратилган иш ўринларидан кўпдир, – дейди BBC радиоси.
Каримовнинг айтишича, бу иш ўринларининг 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларида яратилган.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси ҳам айни рақамларни эълон қилган эди. Аммо мустақил иқтисодчилар ҳукуматнинг иш ўринларига доир бераётган рақамларининг ҳаққонийлигини савол остига олишади. Уларга кўра, миллионлаб ўзбекистонликлар хориждан иш излаётган бир пайтда бу рақамларга ишоний қийин.
Каримов ишсизлик даражасига доир рақамларга тўхталмаган ва меҳнат муҳожирлигини тилга ҳам олмаган. Ўтган йили у Россияга иш излаб бораётган ўзбекларни “дангасалар” деб атаганди.
Каримов шунингдек, мамлакат аҳолиси юз тутган йирик энергетика инқирози ҳақида ҳам лом-мим демаган. Айни пайтда унинг айтишича, 2014 йилда “Ўзбекистон-Хитой газ қувури”нинг учинчи тармоғини ишга тушириш режаланмоқда.
Газга бой Ўзбекистон аҳолиси сўнгги йилларда газ ва электр тақчиллигидан жабр чекиб келади.
Мутахассиларга кўра, Ўзбекистоннинг Хитой олдида олган газ етказиб бериш бўйича йирик мажбуриятларининг бир қисми ички истеъмол ҳисобидан қопланмоқда.
UZBEK.FM