O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Республика Маънавият тарғибот марказининг конференция эълони: талаблар ва таҳлиллар

Республика Маънавият тарғибот марказининг конференция эълони: талаблар ва таҳлиллар
223 views
09 April 2014 - 23:05

3

8 апрель куни Республика Маънавият тарғибот маркази саҳифасида  Марказ ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Вояга етмаганларни турли маънавий таҳдидлар ва информацион хуружлардан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтиши ҳақидаги эълон берилди.
Эълонда ёзилишича, конференция “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Дастурда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган бўлиб Фарғона вилоятида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда вояга етмаганларни маънавий таҳдидлар ёки информацион ҳуружлардан ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатнинг ўзи алоҳида бир мавзу. Зеро, маънавий таҳдид ёки информацион ҳуруж сингари тушунчаларга нисбатан ёндашувларда якдиллик бўлмас экан тинимсиз равишда олиб бориладиган тарғибот сиёсати бирор натижа бериши қийин.
Шу туфайли ҳам, бу сафар асосий мавзудан бироз четлашиб, бошқа бир масалага эътибор қаратишни лозим топдик. Бу ҳам бўлса конференция ҳақида Марказ томонидан ўзининг расмий саҳифасида берилган эълон матни билан боғлиқ.

Биринчиси, эълон матнида учрайдиган имловий ва услубият қоидалари билан боғлиқ хатолар бўлса, иккинчиси эса конференция материаллари тўплами учун бериладиган илмий мақолаларга қўйилган талаблардир.

Эълон матнида учрайдиган имловий ва услубият қоидалари билан боғлиқ хатолар ҳар қандай зиёли инсоннинг эътиборидан четда қолмайди. Бундан ташқари, эълонда республика миқиёсидаги нуфузли бир анжуман ҳақида сўз бораётгани ва унинг бутун республикада маънавий тарғиботни ўз зиммасига олган бир ташкилотнинг расмий саҳифасида берилаётгани ҳисобга олинса, бунинг анча жиддий бир масала эканлигини ҳис қиламиз.
Эълондаги имловий хатоларга аслида услубият қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабаб йўл қўйилган. Масалан, матнда “вазифаларни бажарилишини таъминлаш”, “жиноятчиликни олдини олиш”, “ҳуқубузарликни ва жиноятчиликнинг олдини олиш” каби бирикмаларга кўзимиз тушади.
1
Сўзлашув услубида ёзилган ушбу бирикмалардаги имловий хатоларни аниқлаб олиш тил қоидаларидан ҳабардор инсон учун унчалик қийин иш эмас албатта. Сўз юритаётганимиз – муҳим бир тадбир ҳақидаги кенг оммага мўлжалланган эълон эканлиги ҳисобга олинса, қатъиян расмий услуб қоидаларига риоя қилиш талаб қилинади.

Энди тил мавзусига чуқурлашиб кетмасдан эълон билан боғлиқ янада муҳим жиҳат – конференция материаллари тўплами учун бериладиган илмий мақолаларга қўйилган талаблар ҳақида сўз юритсак.

Эълонда таъкидланишича, конфренция материаллари тўплам сифатида чоп этилади. Конференция ташкилотчилари чоп қилиниш учун бериладиган илмий мақолаларга нисбатан ўз талабларини ишлаб чиқишган.

Масалан, эълонда илмий мақолалар матни тўлиқ 3-5 бет ҳажмда электрон ва ёзма равишда топширилиши лозим, деган талаб келтирилади. Ундан ташқари, мақола матни Microsoft Word 2003 дастурида, Times New Roman (ўзбек, рус ёки инглиз тилида), шрифти 14 кегел катталигида, 1,5 интервалда бўлиши талаб қилинади.

Агар келтирилган талаблар асосида ўзбек тилида бирор бир матн ёзиладиган бўлса унинг ҳажми ўртача 700-750 та сўздан иборат бўлади. Табиийки, бундай кичик ҳажмдаги матнга нисбатан “илмий мақола” атамасини ишлатишнинг ўзи қўпол хатолик бўлади. Одатда, бу каби талаблар конференция материаллари тўпламига бериладиган тезислар учун қўйилади. Бироқ, конференциянинг маърузалар шаклида ўтишини инобатга оладиган бўлсак, илмий мақолалар ҳам тўпламдан жой олиши табиий. Шундай экан, бу илмий мақолалар учун ўзига яраша алоҳида талаблар ишлаб чиқишни тақазо этади.
2
Бунинг учун конференция ташкилотчилари бўлган Республика Маънавият тарғибот маркази ходимларида “илмий мақола” ва “тезис” атамалари фарқини ажрата оладиган салоҳият ва илм бўлиши керак.

Қўйилган талаблардан яна бири берилаётган мақолалар матнининг илмий, техник ва стилистик таҳрир қилинган бўлишидир. Эълон матни билан боғлиқ юқорида келтирилган имловий ва услубий (стилистик) хатоларни инобатга олсак, илмий мақолалар эгалари учун мазкур талабнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.

Эълонда илмий мақолаларга қўйилган шундай талаб ҳам борки, бу конференция ташкилотчиларининг мантиқий фикрлаш доираси анча тор эканлигини намоён қилади. Ушбу талабга кўра, катта илмий ходим-изланувчилар ва мустақил изланувчиларнинг илмий мақолаларига илмий раҳбар (маслаҳатчи) тақризи талаб этилади.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сонли қарори билан ташкил қилинган катта илмий ходим-изланувчилик ва мустақил изланувчилик институтлари собиқ докторантура институти ўрнига ташкил қилинган.

Шу нуқтаи назардан, катта илмий ходим-изланувчилар ва мустақил изланувчиларнинг аксарияти вақтида фан номзоди илмий даражасини қўлга киритган ва илмий тадқиқот соҳаси бўйича етарли тажрибага эга инсонлардир. Ҳаттоки, уларнинг кўпчилигидаги илмий салоҳият Республика Маънавият тарғибот маркази ходимлари, шу жумладан, конференцияга келиб тушган мақолаларни кўриб чиқувчи кенгаш ёки комиссия аъзолариникидан юқори бўлса бордирки, лекин кам эмас.

Шундай экан, докторлик диссертацияси устида ишлаётган илмий ҳодимнинг мақоласи учун илмий маслаҳатчи тақризини талаб қилишнинг ўзи конференция ташкилотчиларнинг илмий соҳадан йироқ ва бехабар инсонлар эканлигидан дарак беради.

Замир Малик