Баҳодир ФАЙЗ
ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИ ТАРИХИДАН ЛАВҲАЛАР
(4-қисм)
ПАРОКАНДАЛИК
Бу пайтга келиб фақатгина Литва ўз мустақиллигини эълон қилишга улгурди, холос. Бошқа республикалар эса ҳали бу даражага етолмаган эдилар. Республика Олий Кенгаши Мустақиллик деклорациясини фавқулодда қабул қилган куниёқ қаттиқ ваҳимага тушган Каримов ўша куниёқ Андижонга жўнаб кетган эди. У Москванинг бу воқеага муносабатини ўша ердан кузатишга қарор қилди. Тошкентда эса ҳамма Мустақиллик Декларацияси расман эълон қилинишини интизорлик билан кутар эди. Бироқ на телевидения ва на радио ўша куни бу хусусда бирор бир хабар эълон қилишмади. Фақатгина Москвадаги “Время” дастуридан «Ўзбек парламентида содир бўлган воқеа” ҳақида қисқагина маълумот берилди, холос. Шунда Муҳаммад Солиҳ Премьер Министр Шукрилло Мирсаидов билан боғланиб, Парламент қарори зудлик билан эълон қилинмаса, пойтахт кўчаларида оммавий норозилик митинги бошланишини айтиб, пўписа қилди. Шу заҳотиёқ Каримов Солиҳга телефон қилиб, яқин орада мустақиллик ҳақида расман эълон қилишларини билдирди.
Ниҳоят эълон ҳам қилишди. Фақат, эртайиси куни. Ўшанда ҳам Декларация матни шундай таҳрир этилган эдики, гўё Ўзбекистон Иттифоқ бирлигига, агар у яхшилаб «янгиланса”, қарши эмас эмиш… Ана холос! Бу – халқ вакиллари қабул қилган қарорга тамомила зид нарса эди. Бир сўз билан айтганда бу – бориб турган сотқинлик эди!
РЕФЕРЕНДУМ
Москва Совет империясининг тез суръатлар билан таназзулга юз тутиши боис қаттиқ ваҳимага тушиб, республикаларга баъзи автономиялар бериш билан уни қутқармоққа беҳуда урина бошлади. Ҳолбуки, бу пайтга келиб парчаланиш тобора жадаллашиб борар, уни сақлаб қолишнинг сира иложи йўқ эди. Лекин шунга қарамай, «чиқмаган жондан умид» деганларидек, 1991 йилнинг март ойида “Янгиланган Социалистик Республикалар Иттифоқи учун” (За Обновленный Союз Социалистических Республик) мавзусида Референдум белгилашди.
“ЭРК” партияси Иттифоқни сақлаб қолишга қарши овоз беришга қарор қилди. Партия раҳнамоси Муҳаммад Солиҳ аразлардан кейин биринчи маротаба «Бирлик” штабига келиб Референдумда кучларни жамлаб, “бир ёқадан бош чиқариб” ҳаракат қилиш таклифини билдирди. Пўлатовдан бошқа ҳамма унинг асосли таклифига рози бўлиб, “ЭРК” нуқтаи назарини маъқуллашди. Лекин барибир якдил ҳаракат қилинмади. «Бирлик” раҳбарияти Референдум бўйича қарор қабул қилишни истамади. Унинг аъзолари эса мустақил фаолият юритиб, Референдумда «ЭРК”чилар билан бирга “қарши” овоз беришди…
Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) қабул қилган дастур бўйича “Янгиланган Иттифоқ учун” (За Обновленный Союз) нафақат республика раҳбарлари, балки норасмий гуруҳ ва ташкилотлар ҳам овоз бериши керак эди. Бу ўша пайт учун жуда муҳим эди. Бу СССР нинг лигитимлиги, ўзбекча қилиб айтадиган бўлсак, қонунийлигини сақлаб қолиш учун жуда зарур эди.
Мустақиллик учун курашаётган Муҳаммад Солиҳ гуруҳига қарши ўлароқ Пўлатовлар Совет Иттифоқини сақлаб қолган ҳолда демократия учун курашар эдилар. Улар: «Агар Ўзбекистон мустақил бўлса, демократия бўлмайди” деган фикрни илгари сургандилар…
Бу КГБ ўйлаб топган мустақиллик кўриниши ”модель независимости” эди. Айнан шунақа “кўриниш” ҳақида Пўлатовлар гуруҳи 1989-йилнинг охирларидан гапира бошлаган эдилар: “1989 йилнинг октябрида 9 нафар “Бирлик”чи ташаббуси билан Ҳаракат номидан чиқарилган Декларацияда, Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий масалалардаги Иттифоқ олдидаги масъулияти Федерация асосида, иқтисодий соҳаларда эса конфедерация асосида белгилаб қўйилган эди.” (Central Asian Survey, Vol.10. No.3, p.63)
Шу билан бирга кўпчилик, мустақилликни қўлга киритгандан сўнг маҳаллий диктаторлар ўз сарҳадларини демократиялаштиришга қаршилик қилишларини ҳам яхши билишарди. Бу ҳақда Муҳаммад Солиҳ ҳам гапирган эди: “Биз икки зулм ва исканжа остида яшаяпмиз – буларнинг бири Москва бўлса, иккинчиси – маҳаллий ҳокимиятдир. Ҳар қалай, аввал асосий зулмкор – Москвадан қутулиш керак. Кейин эса ўзимизнинг – маҳаллий зулмдан қутиламиз”.
Айнан шу Баёнот Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) нинг тизим ва структуралари томонидан Муҳаммад Солиҳни ҳукумат билан тил бириктиришда айблаш учун асос бўлиб хизмат қилди. Ундан кейин эса, Пўлатовларнинг “ЭРК” партияси ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳга қарши олиб борган бутун «мухолифатдаги фаолияти”нинг асосий мазмуни, мақсад ва вазифасини ташкил этди.
Одатда совет кишиси маълум ва машҳур бир одам атрофида мунтазам ва уюштирилган ҳолда олиб борилган тазйиқ ва таъқибдан сўнг, истайсизми, истамайсизми, бу ерда КГБнинг қўли борлигини беихтиёр сезиб қолади. Айни пайтда мени ҳам баъзи дўстларимиз нохолисликда айбламасликлари учун чет эл матбуотида чоп этилган мана бу далилларни келтириб ўтмоқчиман: “1990 йилнинг баҳорида Муҳаммад Солиҳ биринчи маротаба Америка Қўшма Штатларига келганида «Туркистон” жамияти унга гўёки “Бирлик” учун деб компьютер совға қилган эди. Ҳолбуки бу пайтга келиб Солиҳ аллақачон «ЭРК” ни тузган эди. Эҳтимол шунинг учунми, ҳар қалай Тошкентда, КГБ ёрдамида, яна уни “Бирлик” ка берилган совғани ўзлаштиришда айблай бошлашди”. (Сentral Аsian Survey, Vol.10. No 3, p 71 )
Бу миш-мишларни ҳам айнан ўша Пўлатов тарқатар эди.
ДАВЛАТ ТЎНТАРИШИ (ПУТЧ)
Мулозимлар Совет Иттифоқини ҳеч қанақанги «янгиланиш” лар сақлаб қололмаслигини англаб етганларидан сўнг, бир нечта юқори мартабали «оташин йигитлар” давлат тўнтариши ясаб, шу йўл билан “империя”ни сақлаб қолмоқчи бўлишди. Лекин бу уриниш мағлубият билан якунланди. “ГКЧП” деб ном олган бу хунта атиги уч кунгина ҳукм сурди, холос.
Бироқ шу қисқа муддат ҳам совет кишилари ва раҳбарлари учун яхшигина синов бўлди десак муболаға бўлмас. Бу қалтис вазиятни Ислом Каримов ва унинг ҳукумати ҳам бошидан кечирди. Ўшанда Ҳиндистон сафарида бўлган Ўзбекистон раҳбари самолёт бортидан хунта раҳбари Янаевга табрик телеграммаси йўллаб, ГКЧП қарорларини тўла қўллаб қувватлашини маълум қилди.
Премьер Министр Шукрилла Мирсаидов эса барча матбуот нашрларига ГКЧП ҳужжатларини зудлик билан эълон қилиш топшириғини берди. Телевизордан сўзлаган депутатлар эса, Москвани ишонтириб, улар бошлаган иш Тошкентда аллақачон ўз самарасини бера бошлаганини башорат қилдилар…
“ЭРК” партияси 1991 йилнинг 19 августида Ўзбекистонда ГКЧП га қарши чиққан ягона сийсий ташкилот эди. Унинг бу борадаги Мурожжат ва Баёнотини чет эл матбуот воситалари бутун дунёга эълон қилди.
“Эрк”чилар бу масалада аслида “Бирлик” билан қўшма Баёнот қилишни мўлжаллашганди. Лекин Пўлатовни Тошкентда топишолмади. Кейин маълум бўлишича у ўша куниёқ Бишкекка жўнаб кетган экан…
Худди шу вазиятда “Эрк” фавқулодда съезд чақириб, ҳукуматдан Март Референдуми боис бекор қилинган Ўзбекистон Мустақиллигини зудлик билан қайта тиклашни талаб қилди.
“ЭРК” съездидан роппа роса беш кун ўтиб йиғилган Олий Кенгаш сессияси Ўзбекистон Мустақиллигини қайтадан эълон қилишга мажбур бўлди…
Михаил Горбачёв ҳокимиятга қайтгани билан, унда энди олдинги салобат ва салоҳият йўқлиги ҳаммага аён эди. Унинг атрофида эмин эркин ўралашиб юрган бир одам бор эди ва у ўзини энди бутун Кремлнинг соҳибидек тутарди. Унинг исми Ельцин бўлиб, воқкалар ривожи ҳам ўз мантиқий якуни сари елиб борарди…
Ўзбек мухолифати эса «ЭРК” тимсолида ўз орзу умидларининг рамзи ўлароқ – мамлакат мустақиллигига эришиш онлари яқинлашаётганини ич ичидан аниқ ҳис этиб турарди. Бу кутилгандан ҳам жуда тез содир бўлди. Ғарб тадқиқотчилари ўша дамларни шундай таърифлашади: ”1990 йилнинг февралидан “ЭРК” партиясига асос солган Муҳаммад Солиҳ иқтидордаги тузум ичида ўз мақсади сари дадил ҳаракат қилаётган лидерлардан бири эди. Лекин бизнинг 1991 йил сентябридаги учрашувимиз Солиҳ фикрларининг бир оз эволюционлашганини кўрсатди: “Ўзбекистоннинг тўлиқ мустақиллигига эришмай туриб на иқтисодий, на маданий ва на бошқа озодлик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас, деди у.” (N. Diuk & A. Кaratnycky. New Nation Rising. New York, 1991, p186)