ЎХҲнинг навбатдаги ёлғони. Ўзини “Замондош халқаро фонди” деб атайдиган бир ташкилотнинг сайтида 14 январь кунида эълон қилинган бир мақола шундай номланибди. Мақоланинг муаллифи эса Абулқосим Мамарасулов экан.
“Муносабат” рукни остида берилган бу мақолада шундай жумлаларни ўқийсиз: “2013 йил 13 январ куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида “Жиззахда зулмга қарши варақалар тарқатилди”, номли мақола эълон қилинди.Мақолага муносабат билдирмасдан олдиноқ таъкидлаш жоизки, ҳаминқадар мазкур сайтга аксарият ҳолларда ўқувчилар мутлақо ташриф буюрмаганлари туфайли мазкур сайт эгалари вақти вақти билан ана шу тарздаги “экстракласс” мақолалар эълон қилиб, кўпчилик эътиборини ўзларига тортишга уриниб келишади.
Энди эса мақсадга ўтсак. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ)нинг сиёсат майдонида пайдо бўлиши ортидан диктатор Каримовнинг ҳукумати кимларнидир унга қарши ол киш-кишлашда давом этаяпти ва шундан келиб чиқиб айтиш жоиз бўлса, “замондошчилар” олдиларига қўйилган вазифани бажараётганларини тўғри тушуниб, уларга бирор сабоқ беришга ҳам ҳожат қолмайди. Бунақа ол киш-киш қилинганлар яна бир қанча сайтлардир.
Чунончи, ЎХҲ сайтини биров кўрмаслиги, биров уни билиб, биров билмаслиги ҳақида ҳар қанча даъволар қилинмаса-да, аслида аҳвол биз айтаётганимиздек эканлиги ботма-бот ўз исботини топиб келади. Бироқ, бу каби мағзава пуркайдиган сайтнинг, ҳамда хабар муаллифининг ёлғонини исботлаш ниятида эмасмиз. Шунчаки, кимнинг ким эканлигини англаб олишни ўқувчиларнинг, қолаверса ўша “замондошчиларнинг” ўзларига ҳавола қилмоқчимиз.
Ўзбекистонда кўплаб сайтлар, шу жумладан ўзбек сиёсий мухолифати сайтлари, мустақил журналистик ва ҳуқуқбонлик ташкилотларининг сайтлари ва албатта Ўзбекистон ҳақида танқидий кўз қарашдаги мақолалар ёритадиган сайтлар ҳам блокировка қилинишини, уларга кенг жамоатчилик бемалол ташриф буюра олмаслигини инобатга олишимиз лозим. Шунингдек, Ўзбекистондаги интернет-кафеларидаги турли туман пойлоқчиларнинг навбатчилик қилишлари ҳам бугун сир эмас. Демак, интернетга ташриф буюрувчи ўзбеклар фақат ҳукумат сайтларини кўришлари мумкин холос. Аммо мамлакат аҳолисининг аксар қисми Россияда, яна бир қисми дунёнинг бошқа турли мамлакатларида яшаётганидан келиб чиқсак, интернет саҳифаларини бемалол кузата олиш имкони бўлган ватандошларимиз ҳар неки бор эканлиги ойдинлашади.
Демак, қайси сайтга қанча одам киради? Буни аниқлашга ҳурматли ўқувчининг ўзи киришиши ҳам мумкин. Дунё сайтларининг ташриф бўйича рейтингини кўрсатувчи энг нейтрал ва ишончли статистика сайтларидан бирини ушбу линк орқали топа оласиз: http://www.alexa.com/siteinfo. Масалан, сайтлар орасида ташрифларнинг кўплиги билан дунёда биринчи ўринда www.google.com ни кўрамиз.
Энди ўзбекзабон сайтларга эътибор қаратайлик. Озодлик радиосининг www.ozodllik.org сайти ташрифларининг кўплиги билан дунёда 147.910 ўринда турар экан. Табиийки, бу сайтни фақат ўзбекзабон мухлисларгина кириб кўришади холос. Би-Би-Си радиоси эса http://www.bbc.co.uk/ ташрифчилар кўплигига қараб дунёда 54 ўринни эгаллаяпти.
Бошқа баъзи сайтларга назар солиб ўтайлик. Ўзбекистон ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумот тарқатувчи uznews.net сайти 417.554 ўринни эгаллаб турибди. Дунё узбеклари сайтига ташриф буюрувчилар сони хам унчалик кўп эмас. Бу сайт (dunyouzbeklari.com) дунё статистикасида 23.523.532 ўринда экани маълум бўлди.
Ўзбек мухолифатига қараб тош отишни ўз моҳиятига айлантирган сайтлардан бири “Янги дунё”ни эса умуман бу рўйхатда кўрмаймиз (yangidunyo.org). Янги дунёнинг нечанчи ўринда эканлиги ҳисобга ҳам чиқмайди. Абдураҳим Пўлатов бошқариб келаётган “Ҳаракат” сайтига ҳам бир назар ташлайлик. У дунёда 6.214.382 ўринда эканлигини кўрамиз.
Энди ЎХҲ ни кўрайликчи. uzerk.org сайти эса дунёда ташрифларнинг кўплиги билан 4.047.708 ўринда эканлигини кўриш мумкин.
Аммо “Замондош халқаро фонди”нинг сайти эса (аслида zamondosh.blogspot.com саҳифаси орқали чиқади) 7.451.043 ўринда эканлигини кўриш мумкин. Яъни ЎХҲ дан тақрибан 3 ярим миллион орқада…
Сизга тақдим этаётганимиз, 2013 йилнинг 14 январь кунги, Европа вақти билан соат 18:00 даги кўрсаткичлардир.
“Аввал ўзинга боқ, кейин ноғора қоқ” дейдилар. “Замондошчилар” ЎХҲ га қараб ҳуришдан олдин ўзларининг аҳволларига бир қараб қўйсалар тузукроқ бўларди.
Тўлқин Қораев
Швеция