O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Россиядан пул жўнатмалари икки баробардан ортиқ қисқарди

Россиядан пул жўнатмалари икки баробардан ортиқ қисқарди
216 views
21 April 2016 - 10:50

1427132108_01145400“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Россия Марказий банки 20 апрель куни Россияда меҳнат қилаётган мардикорлардан Ўзбекистонга пул жўнатмалари 2015 йилда 50 фоизга камайганини маълум қилди. 2016 йилнинг биринчи чорагида эса пул жўнатмалари миқдори бундан ҳам озроқ бўлган.

Россия Марказий банкининг 20 апрель куни эълон қилган маълумотларига қараганда, жорий йилнинг январь ва февраль ойларида постовет давлатларидан Россияга келиб ишлаётган муҳожирлар ватанларига 690 миллион доллар пул жўнатган.

2015 йилнинг январь ва февраль ойларида бу кўрсаткич 1 миллиард 277 миллион долларни ташкил қилган эди. Демак, Россиядан пул жўнатмалари 50 фоиздан кўпроққа озайган.

Марказий банк статистикасида айтилишича, ўзбекистонлик муҳожирлар 2014 йилда ватанларига 5,5 миллиард доллар жўнатган. 2015 йилда эса ўзбек мардикорларининг Россиядан Ўзбекистонга жўнатган пуллари миқдори 2 миллиард 400 миллионни ташкил қилган.

Мутахасислар, иқтисоди меҳнат муҳожирларининг валюта жўнатмаларига қисман қарам бўлган Ўзбекистонда, бунинг ортидан ўзбек сўмининг кескин қадрсизланиши юзага келганини эътироф этадилар.

2015 йилнинг ўн ойи мобайнида Ўзбекистон миллий валютаси долларга нисбатан расман 9,36 фоизга қадрсизланди. Қора бозорда эса шу давр мобайнида доллар сўмга нисбатан 45 фоизга қимматлаган. Ўз исмини айтишимизни истамаган ўзбекистонлик иқтисодчининг фикрича, бу ҳолат Тошкент расмийларида иқтисодий бўҳронга қарши туриш режасининг йўқлигини англатади.

– Биринчидан, Ўзбекистонда иқтисодий бўҳронга қарши ҳукумат режаси ёки концепция ишлаб чиқилиши керак эди. Иқтисодий бўҳронга қарши касаначиликни ривожлантириш каби майда-чуйда лойиҳалар билан курашиб бўлмайди, – деди иқтисодчи.

Тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий ҳам ўз ҳамкасбининг фикрларига қўшилади. Унга кўра, Ўзбекистонга ташқаридан келаётган валюта миқдорининг озайиши, ўзбек сўмининг қадрсизланиши ортидан нарх-наво ҳам тез кўтарилиб кетмоқда. Иқтисодчининг айтишича, Ўзбекистонда нарх-навонинг мунтазам кўтарилиши тенденцияга айлангани иқтисодий сиёсат нотўғри олиб борилаётганидан дарак беради:

– Агар нарх-наво ва энергоресурслар 11 фоизга ошса, бунинг қолган маҳсулотлар нархига таъсири қоида бўйича 6-7 фоиздан ошмаслиги керак. Аммо Ўзбекистон шароитида бу кўрсаткич 20, хатто 50 фоизгача ошиб кетаяпти. Бу эса хўжалик юритиш нотўғри олиб борилаётганидан дарак беради. Яъни, экспорт ва импорт баланси меъёрида эмаслигини англатади. Республикада ҳалигача импорт экспортдан баланд. Шунинг учун инфляция ошиб кетмоқда, – деди Миркомил Тошкандий.

Россия Марказий банки ҳисоботида Ўзбекистондан ташқари Тожикистон ва Қирғизистонга ҳам пул жўнатмалари икки-уч баробарга камайиб кетгани айтилади.

Масалан, Тожикистонга Россиядан 2014 йилда 3 миллиард 831 миллион доллар жўнатилган бўлса, 2015 йилда фақат 1 миллиард 278 миллион доллар жўнатилган.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари муаммолари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари мутахасислари фикрича, пул жўнатмаларининг озайиб кетишига 2015 йилнинг 1 январидан меҳнат муҳожирлари учун патент жорий этилиши, Россиядаги иқтисодий инқироз ва рубль қадрининг кескин тушиб кетиши асосий сабаб бўлди.

ЎХҲ хабарлар бўлими