O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Россияда меҳнат муҳожирлари учун имтиҳон ўтказиш тартиби тасдиқланди

Россияда меҳнат муҳожирлари учун имтиҳон ўтказиш тартиби тасдиқланди
183 views
21 July 2014 - 14:46

ross muhojirlarga imtihonРоссия Федерацияси таълим ва фан вазирлиги меҳнат муҳожирлари учун имтиҳон ўтказиш тартибини тасдиқлади. Муҳожирлар қонуний тарзда ишлашлари учун нафақат рус тили ва тарихдан, балки, Россиянинг сиёсий тузуми бўйича ҳам тест топширишларига тўғри келади, деб хабар берди «Известия».

Вазирликнинг аниқлик киритишича тестга Россияга ишлаш мақсадида келаётган муҳожирларнинг билиши шарт бўлган саволларгина киритилган. Биринчи навбатда муҳожирнинг мулоқотга кириша олиш лаёқати аниқланади, улар унчалик катта бўлмаган ҳажмдаги матнларни – реклама, интервью ва кўрсатмаларни ўқий олишлари, анкеталарни тўлдира олишлари ва мулоқотни англай олишлари лозим. Сўз бойлиги даражасининг минимал кўрсаткичи 850 та сўздан иборат.

Тестнинг иккинчи бўлими Россия тарихидаги асосий воқеаларга бағишланган. Хусусан, муҳожирлар асосий тарихий шахсларни ҳамда мамлакатларнинг турли хил динлари ва миллий анъаналари ҳақида маълумотга эга бўлишлари лозим. Учинчи бўлим эса Россиянинг конституциявий тузилиши асослари ҳақидаги билимларни қамраб олади. Унга ҳокимият бўлинишининг асосий тамойиллари, кўп партиявийлик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари киради. Тўртинчи бўлимда – муҳожирларнинг Россия қонунчилиги бўйича ўз ҳуқуқлари ва юридик мажбуриятларини билишлари синалади.

Муҳожирлар учун имтиҳонлар Вазирлик тарафидан тасдиқланадиган ўқув муассасаларида бўлиб ўтади. Имтиҳонни топшириш учун муҳожир шахсан ўзи ёзма равишда ёки электрон тартибда ариза топшириши лозим бўлади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларга махсус сертификат берилади. Шундан сўнгина муҳожир ушбу сертификат билан ишлашга рухсатнома олиш мақсадида Федерал миграция хизматига мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Имтиҳон вариантлари камида 27 та давлатдан келган меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган ҳолда ишлаб чиқилган. Лойиҳани амалга ошириш учун уч йилда 20 млн. рубль сарфланиши айтилади.

Меҳнат муҳожирлари жорий йилнинг биринчи сентябридан бошлаб имтиҳон топширишлари шарт, бироқ Федерал миграция хизмати имтиҳон натижаларини 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб талаб қилишни бошлайди. Ҳозирда уй-жой коммунал хизматларида ишлаётган муҳожирлар рус тили имтиҳонларини топширишни бошлашган. Статистика маълумотларига кўра имтиҳон топшираётган муҳожирларнинг 80-85 фоизи имтиҳондан муваффақиятли ўтишмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими