O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Россияда меҳнат муҳожирлари учун квота бекор қилинади

Россияда меҳнат муҳожирлари учун квота бекор қилинади
142 views
01 April 2014 - 13:29

59656Ўтган ҳафта Россия ҳукуматининг Миграция сиёсати бўйича мажлисида мигрантларга ўрнатилган квота масаласи кўрилган.

Мажлисда Россия меҳнат вазирлигининг қаршилигига қарамасдан, Бош вазир биринчи ўринбосари Игорь Шувалов бошлиқ ҳукумат комиссияси мигрантлар учун иш ўринларини квоталаш тизимини бекор қилган. Ушбу квоталар визасиз киришга рухсат берилган давлат мигрантлари учун 2007 йилда жорий қилинган эди.

Федерал миграция хизмати (ФМС) томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси “Россия Федерациясида чет эллик фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритади. Мазкур ўзгартишларга кўра, мигрантлар патент асосида хусусий тадбиркорлар ва юридик шахсларга ишга ёлланишлари мумкин. 2010 йилдан бошлаб фақатгина хусусий тадбиркорлар патент асосида мигрантларни ишга ёллашга ҳаққи бор эди.

Меҳнат муҳожирлари учун янги турдаги “корпоратив патент”лар 1 ойдан 3 ойгача яроқли бўлади. Кейинчалик бу муддат 1 йилгача узайтирилиши мумкин.

Патентлар фақат берилган минтақа ҳудудидагина амал қилади. Патентлар учун федерал нархнинг энг кам миқдорини белгилаб қўйиш режалаштирилмоқда (районлар учун ойига тақрибан 1000-1500 рубль таклиф қилинмоқда) ва бу миқдор минтақалар томонидан яна оширилиши мумкин.

Мигрантларнинг корхоналар ва хусусий тадбиркорлар томонидан ишга ёлланиши учун патент тизимини жорий қилиш 2015 йилгача давлат миграция сиёсати Концепциясида назарда тутилган. Қонун лойиҳаси айнан мана шу концепция асосида ишлаб чиқилган.

Лойиҳа патент тизимига ўтиш билан бирга ҳар бир минтақа учун бериладиган патентлар миқдорини ҳам белгилаб беради.

Ҳукумат қарорига кўра 2014 йилда Россияга чет элликларни ишга ёллаш бўйича квота 1,6 млн қилиб белгиланган. 2013 йилда бу кўрсаткич 1,7 млн.ни ташкил қилганди.

Экспертларнинг таъкидлашича, патент тизими квоталаш тизимига нисбатан анча самаралироқ ишлайди, шу билан бирга маҳаллий бюджетларга ҳам даромад келтиради. Хусусан, иш кучига кўп эҳтиёжи бўлмаган минтақалар патентларининг нархини ошириб қўйиш орқали мигрантлар оқимини назорат қилиши мумкин бўлади.

Бироқ, айни пайтда, Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги квоталаш тизимининг бекор қилинишига қарши чиқмоқда. Вазирликка кўра, бу меҳнат бозорини издан чиқаради. Чунки квоталаш орқалигина кириб келувчи чет элликлар сонини чеклаш мумкин, ҳудди инқироз пайти квоталарнинг деярли икки баробарга қисқартирилгани каби.

Меҳнат ва миграция ҳуқуқи бўйича «CMS Россия» халқаро юридик компанияси эксперти Асида Агрбанинг таъкидлашича, миграциянинг салбий оқибатлари, хусусан, давлат кўраётган иқтисодий зарар биринчи навбатда, мигрантлар меҳнатидан фойдаланганлик учун давлат бюджетига пул тўланмаслигидадир. Шу сабабли ҳам юридик шахсларда ишловчи меҳнат муҳожирлари учун ҳам патент жорий қилиш масаласи бир неча маротаба кўтарилган.

ФМС матбуот котиби раҳбари Залина Корнилованинг таъкидлашича, янги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Россияда ишлаётган яна камида бир неча миллион меҳнат муҳожирини легаллаштириши мумкин.

ФМС расмий маълумотларга кўра, 2014 йилнинг март ойи ҳолатига кўра, Россиядаги чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахслар сони жами 10,6 млн.ни ташкил этади. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистон (2,3 млн), Тожикистон (1 млн), Қозоғистон (566 минг) ва Қирғизистон (526 минг) фуқароларидир.

ЎХҲ хабар маркази