Ракетага қарши мудофаа бўйича ҳар йили ўтказиладиган халқаро конференция ташкилотчилари Россиянинг 17-20 июнь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган тадбирда қатнашиш учун берган аризасини рад қилишди. Бу ҳақда “Украина сегодня: Finanso.net” хабар беради.
Тадбир ташкилотчилари бунинг сабабини яқинда юзага келган ва россиялик меҳмонларнинг қабул қилинишига имкон бермайдиган баъзи муаммолар билан боғлиқлигини билдиришган.
Ўз навбатида Россия ташқи ишлар вазирлигига кўра (ТИВ) ушбу қадам НАТО аъзолари, жумладан АҚШ томонидан олиб борилаётган Россиянинг ракетага қарши мудофаа масалалари бўйича мулоқотини йўққа чиқаришга қаратилган умумий кайфиятни ифодалайди. Бу мавзуни муҳокама қилиш – ҳам ҳарбий ҳам сиёсий каналлар орқали амалда тўхтатилган. Эндиликда экспертлар доирасида ва саноат йўналишларида ҳам барча алоқаларни тўхтатишга навбат етиб келди.
Бундан ташқари, Россия ТИВ халқаро барқарорлик ва стратегик мувозанатнинг бузилишига олиб келадиган Европа Иттифоқи ҳудуди бўйлаб НАТО ракетага қарши мудофаа тизимининг ривожлантириш билан боғлиқ ҳаракатлар авж олаётган бир пайтда бу каби ҳодисалар ҳавотир уйғотишини билдирди.
“Россия томони таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш бўйича ҳорижий ҳамкорларга бир неча маротаба таклиф билдирди ва бу таклифларнинг ҳануз ўз кучида, бироқ томонлардан бирининг мулоқотдан бош тортаётгани ҳолда буни амалга оширишнинг имкони йўқ. Ҳозирда юзага келган вазият, АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан яратилаётган ракетага қарши салоҳиятнинг ҳақиқий мақсади борасидаги Россия хулосасини мустаҳкамлайди холос”, – дея қайд қилади Россия ТИВ.
ЎХҲ ахборот бўлими