Сўнги бир неча йил мобайнида Россия демографияси билан боғлиқ хабарлар ижобий тусга эга бўлса-да, бу борада мамлакатда ҳозирга қадар баъзи жиддий муаммолар бор. Уларнинг ичида энг муҳимларидан бири эса асосий меҳнат ресурсларининг қисқариб боришидир.
Шимолий Америка ва Европанинг бошқа ҳар бир давлати сингари Россия ҳам келажакни кўп сонли нафақахўрларни таъминлашга мажбур бўладиган кам сонли ишчилар билан қарши олади. Бундан қочиб қутилиб бўлмайди: узоқ муддат давомидаги туғилишнинг пасайиб бориши туфайли ёши катта авлод сони ёш авлод сонига нисбатан кўпчиликни ташкил қилади. Ушбу янги воқелик талабларига жавоб бериш учун эса, нафақа тизими шунга мослаштирилиши (яъни камроқ саҳоватли бўлиш) ва солиқлар оширилиши лозим.
Бу ҳолат турли мамлакатларда бир-биридан кескин фарқ қилади. Демографик ҳолати нисбатан яхшироқ бўлган Қўшма Штатлар вазиятдан минимал ўзгаришлар билан чиқа олади, бироқ умумий ҳолат ўзгаришсиз қолади. Россиянинг эса кам сонли иқтисодий жиҳатдан фаол бўлган аҳоли билан яшаш йўлини топишдан бошқа чораси йўқ.
Муаммо шундаки, 1990 йиллардаги “демографик бўшлиқ” туфайли ишчи кучининг қисқариб кетишига бўлган умумий тенденция юқори тезликда намоён бўлмоқда. Россия учун меҳнат ресурсларининг қисқариб бориши келажакда ўн йилларни назарда тутувчи узоқ истиқболдаги эмас, балки бугунги куннинг ўзида содир бўлмоқда.
Қисқа бир муддат учун бу кўпчилик россияликлар учун ҳушхабар ҳисобланади, зеро меҳнат бозоридаги талаб мамлакат тарихининг ҳар қачонги даврига нисбатан юқоридир. Бир неча ҳафта давомида Москвада бўлиб турли хил соҳа вакиллари билан учрашиш имкониятига эга бўлдим. Мени ишчи кучи етишмовчилиги ҳайратга солди – ҳамманинг оғзида шу гап. Бу ҳолат фақат Москвадагина эмас. Ҳаттоки провинциялардаги корхоналар малакали ишчиларни топишга қийналишмоқда. Маошларнинг эса барқарор ўсиб бориши кузатилади, кескин иқтисодий пасайиш кузатилмаса яна ўсишда давом этаверади.
Узоқ муддатли истиқболда янада қизиқарли ҳолат юзага келади. Владимир Путиннинг обрўси ўта саҳоватли нафақа сиёсати билан боғлиқ. Россиядаги нафақа ёши – дунёда энг паст қилиб белгиланган нафақа ёшларидан ҳисобланади, нафақа миқдори эса узлуксиз равишда ошиб бормоқда. Сўнги саккиз йил ичида ҳукумат йирик миқёсдаги ислоҳотлар ўтказиш ўрнига нафақа тизимидаги ёриқларни пул билан ёпмоқда. Бироқ бу ҳар доимий равишда давом этмайди: қачондир ҳукумат мавжуд тизимни камроқ саҳоватли қиладиган ўзгаришлар қилишига тўғри келади. Бу сиёсий вазиятни жиддий беқарорлаштириши мумкин. Чунки сафлари ҳамма вақт кенгайиб бораётган кўп сонли нафақахўрлар ўзларига нисбатан қилинадиган алоҳида эътиборга ўрганиб қолишган.
Меҳнат ресурсларининг қисқариб бориши Россия учун фожеага айланиши шарт эмас, бироқ узоқ муддатли истиқболда бу ҳолат иқтисодий ўсишга салбий таъсир қилади. Ундан ҳам муҳимроғи, ишчи кучи сонининг камайиб нафақахўрлар сонини нг ўсиб бориши ҳукумат учун жиддий сиёсий муаммога айланади. Путин иқтисодий ўсишдан келган даромадни яхши тақсимлай олади, бироқ ҳали у тугаб бораётган “пирог”ни тақсимлаш каби ҳолатларга дуч келмаган. Нафақа ислоҳотлари билан боғлиқ мавзу аслида унчалик қизикарли эмас, бироқ бу соҳадаги ҳолат Россиянинг энг жиддий муаммоларидан бирига айланиши мумкин.
Марк Адоманис,
“Forbes”,
2014 йил, 23 июнь
(инглиз тилидан таржима)