O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Россия ОАВга ишонманг!

Россия ОАВга ишонманг!
441 views
25 March 2022 - 20:13

Кеча эса Россия ҳарбий-денгиз флоти ҳам оғир жудоликка учради. Путиннинг Бердянск бандаргоҳига йиғилиб олган катта десант кемалари украин артиллериячилари томонидан қўлланилган «Точка-У» ракетасидан битта еб, «Саратов» кемаси, ичидаги жанговар техника-ю, ўқ-дориси билан портлаб, турган жойида ғарқ бўлди. Қолган кемалар жиддий шикаст еганча, аранг қочиб қолишди. Бундан ташқари, ўша бандаргоҳда жойлашган, Украинанинг Мариуполь шаҳрини қамал қилаётган фашистлар техникасига ёқилғи етказиб бераётган ёқилғи-мой маҳсулотлари омбори ҳам узоооооқ ёнди.
Чернигов билан Славутични қуршаб олишга уринган Путин қўшинлари мақсадга эриша олмади. Изюм йўналишида ҳужумга ўтган ўрислар ҳам қаттиқ қаршиликка учраб, ортга чекинишга мажбур бўлди. Чернигов билан Сума орасида ҳаракатланаётган учта фронт орти таъминоти колоннаси йўқ қилинди. Запорожьедаги Ватан ҳимоячилари Гуляйполе туманидаги Малиновка қишлоғини ўрис босқинчиларидан озод қилди.
Бровари бўсағасида эса, ҳайратдан лол қолган маҳаллий аҳолининг гувоҳлик беришича, украинлардан қақшатқич зарба еган ўрислар ўз ярадорларини кўтариб олиш ўрнига, отиб ўлдириб кетишди. Ана сизга «русский мир»нинг асл башараси! Россияпараст фуқароларимиз буларни: «Иймону йўғ-у, инсофи бор», – дея мақташига ўлайми?!
Гостомель, Буча ва Ирпень ўртасида қуршовда қолган ўрис қўшини Гостомель шаҳрини тарк этмоқда.
Путиннинг егулиги қолмаган, ўқ-дорисининг таги кўриниб қолган ушбу қўшини қуршов ҳалқасини ёриб ўтишга уринмоқда. Сиртмоқни сиқиб бораётган Украина Қуролли Кучлари эса ўрисни чиқармай, бир четдан, шошмай қийратиб бормоқда.
Эсингизда бўлса, олдинги мақолаларимдан бирида аҳмоқ ўрислар Ирпень дарёсининг тўғонини портлатиб, ўзига ўзи ўтиб бўлмас тўсиқ ҳосил қилишганини айтиб ўтган эдим. Иван жиннининг ўша иши ўзининг бошини еди: кеча қуршовдан чиқишга уринган ўрис қўшини Ирпень томон йўл олар экан, Путин юборган жанговар техниканинг каттагина қисми дарё қайирига ботиб қолди.
Украинанинг жанубида ҳам қизғин жанглар кечмоқда. Кеча украинлар Херсон вилоятининг Александровка ва Станислав қишлоқларини ўрис қабоҳатидан тозалаб ташлади.
Вертолёт бошқарган яна бир Иван жинни кеча Малая Рогани деб аталадиган жой осмонида парвоз этиб, ўрислар эгаллаган марраларга қарата ўт очганча, ўз қўшинига катта талафот етказиб қўйди. Тентак ўрис Харьковни ўққа тутаётган бир гала фашистларни асфаласофилинга юбориб, бир дунё жанговар техникаси, шу жумладан, реактив тизимларининг бошини еб кетди.
Чиндан ҳам Путин авиациясининг тажрибали учувчилари ўтган бир ой ичида осмондан тўкилавериб, вертолёту, самолёт бошқарадиган одам қолмаган кўринади. Чунки кечанинг ўзида уриб туширилган 7 та самолётнинг учувчилари ҳали оғзидан эна сути кетмаган лейтенанту, катта лейтенантлар экан.
Кеча НАТОнинг навбатдан ташқари саммити ўтди. Унда қабул қилинган баёнотда айтилишича, Украина ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳақли бўлиб, НАТО томонидан Украинага кўрсатиб борилаётган ҳарбий-сиёсий ёрдам янада кучайтирилади. Хусусан, ушбу ҳарбий блок Украинага киберхавфсизлик, кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий таҳдидлардан ҳимояланиш соҳаларида ёрдам беришни давом этади.
Шунингдек, НАТО Украинага танкка қарши, ракетага қарши қурол-аслаҳа тизимлари, дронлар ва шу каби бошқа турдаги қурол-аслаҳа турларини етказиб, молиявий ва гуманитар ёрдам кўрсатиб боради.
New York Times газетасида берилган хабарга қараганда, расмий Вашингтон «Йўлбарс» дея ном берилган ишчи гуруҳ тузибди. Ушбу гуруҳ Россия томонидан оммавий қирғин қуроли қўлланилган ҳолатда АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан жавобан кўриладиган чоралар режасини ишлаб чиқиш билан шуғуллланар экан.
Фронтда юз бераётган ҳодисаларни кузатиб боринг.
Бироқ Россия ОАВга ишонманг!
Ўрислар биз ўзбекларни бир умр алдаб келган, бундан буён ҳам ўз мунофиқлигини қўймайди.

Шокир Долимов
истеъфодаги подполковник

Манба: t.me/harbiyyangiliklar