Иқтисодчи Юлий Юсупов — Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши ҳақида
Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги 7 октябрь куни 2030 йилгача Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиши комплекс концепциясининг лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳа муҳокамаси икки ҳафта давом давом этиб, 22 октябрь куни тугайди.
Концепцияда Евроосиё иқтисодий иттифоқи икки марта тилга олинган. Биринчи марта – иқтисодиётнинг янги шароит ва бозор механизмларига адаптацияси ниҳоясига етиши кўзда тутилган биринчи босқичда (2019-2021 йиллар). Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон шу давр мобайнида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан эркин савдо тўғрисидаги келишувни имзолайди.
“Иқтисодиёт соҳаларида сифатли структуравий ўзгаришлар” кутилаётган иқтисодий ривожланишнинг иккинчи босқичи (2020-2025 йиллар) давомида давлат сиёсатининг чоралари қаторида Евроосиё иқтисодий иттифоқи иккинчи бора тилга олинган. Ўшанда, концепцияга мувофиқ, “мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) киришини изчиллик билан киришини ўрганиш”, савдо сиёсатини либераллаштириш, нотариф савдо тўсиқларини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни ЖСТ билан келишув ва меъёрларига мувофиқлаштириш зарур бўлади.
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш эҳтимоли жамиятда қизғин баҳсларни келтириб чиқарди. “Фарғона” экспертларнинг Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилса, қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳамда бу ташкилотнинг минтақа учун аҳамияти нечоғлиқ эканлиги ҳақидаги фикрларни чоп этишда давом этмоқда. Бу сафар республиканинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига муҳтамал възолигини Ўзбекистоннинг Иқтисодий ривожланишига кўмак маркази директори Юлий Юсупов шарҳламоқда.
* * *
Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш – зиддиятли жараён. Унинг плюслари ва минуслари бор.
Асосий плюслар: меҳнат мигрантларимизнинг Россияда ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа мамлакатларида бўлиш шароити яхшиланиши, Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо йўлидаги тўсиқларнинг қисқариши. Иккинчиси экспортерларга фойдали бўлишидан ташқари, Ўзбекистондаги рақобатни кучайтиришга туртки бўлади. Ушбу масалаларни Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмасдан, икки томонлама шартномалар негизида ҳал қилиш мумкин эди. Бироқ Россия уларнинг ҳал этилишини Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик орқали борасида шарт қўйгани очиқ-равшан кўриниб турибди.
Яна битта плюс бор. Лоббиистларимиз ва протекционистларимизнинг Ўзбекистонга ўзлари учун манфаатли ҳаёт тартибини тақаш имкониятлари қисқаради. Ушбу қоидаларнинг аксариятини бундан буён иттифоқ доирасида белгиланади. Давлат бюртмаси бўйича ҳарид қилишларда юқорироқ божхона тўловлари ёки 20 фоизли юклама нарх қўйишга мажбурлашлар, импортга нисбатан янги талабларни қўйишларнинг имконияти қолмайди, қолган тақдирда ҳам бу ишни амалга ошириш ҳозиргига нисбатан анча қийин бўлиб қолади.
Тор маҳкамачилик ёки хусусий манфаатларни лобби қилиш муаммоларини биз ўз кучимиз билан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи иштирокисиз ҳам ҳал қилишимиз мумкин эди. Бироқ маҳаллий лоббистлар ва протекционистларнинг аждарҳоларча иштаҳасини ҳукуматимиз чеклай олиш салоҳиятига ишонмайман. Ҳаёт шуни кўрсатиб турибдики, ҳукумат уларнинг бирорта талабини рад этишдан ожиз қолмоқда. Бундан фақат маҳаллий монополистларнинг сифатсиз товарларини қимматига сотиб олишга мажбур бўлаётган аҳоли ва умуман олганда, ривожланишнинг асосий рағбатлантирувчи омили бўлган рақобатнинг йўқлигидан иқтисодиёт азият чекмоқда.
Бунақада биз мустақил равишда иқтисодий сиёсат юргизишдан ожиз эканлигимизни очиқ-ойдин тан олиш керак. Демак, бизга албатта четдан келган ташқи чекловчи керак, у бизларга ушбу лоббистлар томонидан тақдим этилган қарорларни қабул қилишимизга йўл бермайди.
Бутунжаҳон савдо ташкилоти шунақанги чекловчикка жуда ҳам муносиб ташкилот бўлиши мумкин эди. Бироқ бизнинг мутасадди амалдорларимиз ЖСТга киришга шошилмаяптилар, негаки у “жуда қудратли” чекловчи бўлиб, ЖСТга аъзо бўлсак, бизнес, ташқи савдони тартибга солувчи, сунъий монополиялар ва коррупциявий рента олишни ўз олдига мақсад қилиб олган кўплаб механизмлардан воз кечишимизга тўғри келарди. Шунинг учун ҳам улар Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишни афзал кўриш эҳтимоли анча юқори. Гарчи Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва ЖСТда иштирок этиш бир-бирига зиддиятли бўлмаса ҳам, расмийларимиз уларни фақат альтернатива сифатида кўрмоқдалар. Ва пировардида, ЖСТга кириш жараёни поёни кўринмас эпопеяга айлантириб қўйилади. Афтидан, ( Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш масаласи қанақасига ҳал қилинишидан қатъий назар) шундай бўлиши муқаррар, бу борада тажриба ҳам орттирилган (Ўзбекистон ЖСТга 20 йилдан бери “киришга уринмоқда”).
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришининг биринчи минуси – Жаҳон савдо ташкилотига киришдан воз кечганида.ва бу ягона минус эмас: Ўзбекистон нафақат иқтисодий иттифоққа, балки Россия билан де-факто сиёсий иттифоққа ҳам киришга мажбур бўлади ва бунинг оқибати ўлароқ унинг ўта шубҳали ва мавҳум ташқи сиёсатининг аччиқ меваларини татишга маҳкум бўлиб қолади. Боз устига, Ўзбекистоннинг ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятлари кескин равишда қисқаради.
Бундан ташқари, Евроосиё иқтисодий иттифоқи аввали бошидан тенг ҳуқуқли бўлмаган шерикларнинг иттифоқи эмас. Ҳатто, бир-бирини тенглаштирувчи бир нечта кучлар марказлари мавжуд мамлакатларнинг бирлашмаси ҳам эмас. Бу ерда битта куч маркази бор – Россия. Шунинг учун Россия сиёсати ва стандартларига мосланишга тўғри келади. Россиянинг бизнес юритиш ва ташқи савдо соҳасидаги стандартларида Ўзбекистонникига қараганда эркинликлар анча кўп. Аммо биринчидан, улар, юмшоқ қилиб айтганда, идеалликдан анча йироқ, уларни мукамаллаштиришда эса биз Россиясиз барибир ҳеч нарса қила олмай қоламиз. Иккинчидан, юзага келган ҳолатдан кўриниб турибдики (мисол учун, Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари эркин савдо зонасига қўшилганида, ўзининг импортга акцизларини сақлаб қолган), Россиянинг ҳозирги раҳбарияти мулозимларимизнинг ташқи савдони чеклаш ҳамда турли монополистик ва коррупциявий “ем тўла охурларини” сақлаб қолиш истакларига рўйҳушлик билдиришига шубҳа йўқ. Аййниқса, улкан фойдани ўзаро тақсимлаш жараёнига россиялик олигархлар қўшилса.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишининг плюслари ва минуслари бор. Уларни ўзаро солиштириш, таққослаш учун синчковлик билан таҳлил қилиш керак. Ушбу таҳлил, шунингдек, (агар иттифоққа кириш тўғрисидаги қарор қабул қилиб бўлинган бўлса ёки қақабул қилинса) Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришнинг шартларини ишлаб чиқариш ҳамда мамлакатни ушбу қадамни қўйишига тайёр қилиш учун керак.