Россия Ташқи ишлар вазирлиги БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Бошқармасининг Украинадаги инсон ҳуқуқлари ҳолати тўғрисидаги иккинчи Докладини асл вазиятдан йироқ деб ҳисоблайди.
Бу ҳақда ушбу идора вакили Александр Лукашевич томонидан Россия ТИВ сайтида расмий муносабат билдирилган.
“Объективликнинг мутлақо йўқлиги ва “қўшстандартлик”га йўл қўйилгани мазкур Доклад муаллифларининг ўз-ўзини эълон қилган ҳукумат томонидан берилган сиёсий буюртмаларни бажаришганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди”, – дея таъкидлайди Лукашевич.
“Одессада амалга оширилган қонли қирғинни муаллифлар қандайдир руспараст фаолларнинг ҳаракати сифатида баҳолашади. Ваҳшийлашган экстремистлар ва неонацистлар томонидан Украина фуқароларининг тириклайин ёқиб юборилиши, ярадорларнинг калтакланиши ва Касаба уюшмаси биноси деразасидан одамларнинг отилгани ҳақида бир оғиз сўз юритилмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бирор жиноий ҳаракатсизлиги, федераллашув тарафдорларининг қўлга олингани тўғрисида ҳам бирор маълумот йўқ. Докладдаги бутун сюжет расмий Киев талқини бўйича ёритилган”, – дейди ТИВ вакили.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжат муаллифлари яна бир маротаба ўз-ўзини эълон қилган ҳукумат томонидан инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши, шу жумладан ўғирлаб кетиш, зўравонлик, қийноқлар, сиёсий мотивлар асосида суд қарорисиз қамоққа ташлаш, куч ишлатиш ва бошқаларга эътибор қаратмасликни маъқул кўришган.
“Кўриниб турибдики ўттиздан ортиқ саҳифани эгаллаган Докладда Украинадаги агрессив миллатчилик ва неонацизмнинг юзага келиши ҳақида ёзишга жой топилмаган”, – дея қайд қилади Лукашевич.
Бундан ташқари, Украина жанубий-шарқидаги махсус амалиётнинг Доклад муаллифлари томонидан қўллаб-қувватланганлиги бўйича Лукашевич таасуфда эканини билдиради.
Айни дамда Киевда БМТ Бош котиби ёрдамчиси Иван Шимонович чиқиш қилган. Украина ҳукумати ва фуқаролик жамияти вакиллари берган маълумотларга таяниб Интерфакснинг ёзишича Украина жанубий-шарқида содир бўлган тўқнашувлар ва амалга оширилган махсус амалиётлар мобайнида 127 та одам ўлдирилган.
Бош котиб ёрдамчисининг сўзларига кўра мазкур минтақаларда одамларнинг ноқонуний қўлга олиниши билан боғлиқ 112 та ҳолат маълум. Шу билан бирга, Шимоновичнинг таъкидлашича Украина милицияси тўқнашувларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўрмаган. Шимоновичга кўра Одессада 2 май куни қонли ҳодисаларнинг содир бўлиши ва бунинг оқибатида 48 одамнинг ўлишида милиция ҳодимларининг ҳам ҳиссалари бор.
Бундан ташқари, РИА Новостининг ёзишича Бош котиб ёрдамчиси Доклад Россия томонидан юборилган маълумотларни ҳам ҳисобга олган ҳолда тайёрланганини қайд қилган.
“Биз Россия томондан инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари билан боғлиқ маълумотларни олиб турибмиз. Уларнинг баъзи жиҳатлари ушбу Докладда ўз аксини топган, қолганлари кейинги ҳужжатга киритилади”, – дейди у.
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Бошқармаси март ойидан бери Киев, Львов, Одесса, Донецк ва Харьковда фаолият олиб бормоқда. 15 апрель куни экпертлар мамлакатда 2 апрелгача бўлган даврдаги ҳолат бўйича биринчи Докладни тақдим қилишганди.
Ҳукумат кучлари ва Украина жанубий-шарқидаги “халқ лашкарлари” ўртасидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони билан боғлиқ маълумотлар ҳамда Одесса фожеаси таҳлилини ўз ичига олган иккинчи Доклад 16 май куни эълон қилинди.
ЎХҲ ахборот бўлими