Нажот йўли
(27-қисм)
НАЖДАТ
Икки дунё саодатига сабаб бўладиган амалларнинг бири инсоннинг ҳаққу вазифаларини билиб, тушуниб олишдир. Ўз ҳаққу вазифаларини билмаган миллат ҳаётига ҳар бир дақиқада минглаб ҳалокатли хатарлар кўз тикиб туради. Масалан, сиз Бухородан то Самарқандгача саёҳат қилмоқчисиз. Бу йўлда сизнинг бир нечта ҳаққу вазифаларингиз бор: егулик олиш, оташаравага чиқиш, турар жой топиш, роҳат қилиш ва ҳ.к. Бирор одам сизга бу ҳақларингизни адо этишдан манъ этолмайди. Аммо бировнинг озуқаси билан овқатлансангиз, билет пулини тўламасангиз, бировнинг жойини эгалласангиз, бошқаларнинг роҳатига халал берсангиз, сизни бу ишлардан дарҳол қайтаришади. Ҳамонки, сиз Самарқанд сафарини хаёл қилар экансиз, ўзингизнинг вазифаларингизни билишингиз, шунга қараб амал қилишингиз лозим. Агар бирор-бир ҳуқуқ ё вазифаларингизни адо этмасангиз ё сустлик қилсангиз, сафардан қолишингиз ёки қийинчиликларга дучор бўлишингиз мумкин.
Инчунин, инсон ҳам икки дунё саодати йўлидаги мусофирдир. Инсонларнинг муайян ҳуқуқ ва вазифалари мавжудки, уларнинг ҳеч бўлмаса бирини адо этмасалар мақсадларига етолмайдилар. Ҳар нарсани тасарруф қилиб истеъмол қилишлиқ, яъни фойдаланишлик; уни душманлар ҳужумидан ҳимоя этиш, ҳақ бўлган ва биз хоҳлаган нарсани одамлар бизга буюрса, уларнинг ҳақларига кўра амал қилишлик; биз хоҳламаган нарсани буюрсалар, уларга ҳам уни раво кўрмаслик бизнинг вазифамизга киради. Масалан, сизнинг фалон маблағ пулингиз бор, тижорат қилмоқчи эканлигингиз — бу сизнинг ҳаққингиз, ҳеч ким сизни бундан манъ этолмайди. Аммо бошқа бир кишининг тижоратига зарар етказсангиз, сизни бундан манъ этишади. Иззат, нафс, номус сизнинг муқаддас бурчларингиздир. Уларни ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилсангиз, сизни хеч ким бу ишдан тўхтатмайди, бошқаларнинг ҳам номус-нафсига тажовуз қилмаслик сизнинг вазифангиз. Агар шунга хилоф ҳаракат қилсангиз, сизни бу ишингизни тақиқлайдилар. Шахсий манфаатларингиз учун талаб қилсангиз — бу сизнинг ҳаққингиз, умумий манфаатларга риоя қилишлик эса вазифангизга киради. Буларнинг ҳар бири хусусида бефарқлиқ, енгиллик қилсангиз Ҳаққул Холиқ олдида маломатзада бўлиб қоласиз.
Гапни қисқа қилиб айтсак, одам номига даъво қилаётган ҳар бир киши ўз ҳаққини талаб этиши ва ҳар бир вазифасини адо этиши лозим. Лекин бизнинг суҳбатимизнинг мақсади шулким, баъзан ҳаққимиздан фойдаланишимизга, уни муҳофизати, вазифаларимизни бажо келтиришимиз мушкилот ва тўсиқларга дуч келади. Масалан, сиз ўз фарзандингиз тўйини соддагина қилиб ўтказмоқчисиз, бировга сарпо ва ортиқча қанд-қурс бермоқчи эмассиз ёки ўз ўғлингизга яхшигина илм бермоқчи бўлсангиз, булар сизнинг ихтиёрингиз ва ҳақингиздир. Биров сизни бу ишлардан манъ этолмайди, лекин сиз одамлар таънаси ва маломатидан қўрқасиз.
Менинг орзуим, жумладан, фалон жамоани писмадон ғайришаръий ишдан (панд-насиҳат ва амри маъруф ила) манъ этишдир. Бу эса менинг ишим, биров мени бу вазифадан манъ этолмайди, чунки бу менинг ҳуқуқимдир. Лекин мен шу ҳуқуқимдан фойдаланмоқчи бўлсам, одамлар менга душман бўладилар ва ё мендан юз ўгириб қоладилар. Мен эса муҳтожликдан ўлиб кетаман. Аслида комил инсон бундай мушкилот ва бемаъни тўсиқлар андишасига бормай эркинлик билан ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланади ва ўз вазифаларини бажо келтиради. Шундай одамнинг бу амалини наждат — шижоат ва жасорат дейдилар. Бу эса ҳазрати Пайғамбаримизнинг энг яхши фазилатларидан бўлган. Ҳазрати фахри коинот, алайҳи афзал ут-таҳиёт211 ўз яқинларидан шунча жафо кўрган бўлса, душманлари таҳқирига дуч келган бўлса, қариндошлари отган тошлар зарбидан мажруҳ бўлган бўлса ҳам муқаддас ватанини тарк этиб, ғариблик ўлкасини ихтиёр этди. Ўзининг Пайғамбарлик бурчини ҳеч қандай қийинчиликларга қарамасдан ижро этиб, шу йўлда сустлик ва заифликка йўл бермади, ҳеч қандай кучлар уни мағлуб этолмади.
Айниқса, жамият ишларида ташаббус кўрсатиш шижоат ва жасоратнинг муваффақиятига боғлиқ. Аллоҳ таоло ҳам шундай фазилат эгаларини мақтаб, уларга ёрдам бериш ваъдасини бергандир. «Эй мусулмонлар, агарда ҳақиқат учун курашсангиз, сусткашлик қилмасангиз, Аллоҳ сизларга нусрат бергай ва ҳеч бир куч сизларни мағлуб этишига йўл қўймайди», дейилган «Муҳаммад» сурасида212. Шунда яна кимларким «Раббано», «бизнинг парвардигоримиз Аллоҳдир» дейдилар ва ростликка ҳаракат қиладилар, (улар) ҳеч қачон хавфсираб ғамгин бўлмасинлар, улар билан малоикалар бўлиб уларга жаннат башорат (ваъда) бўлғусидир» дейилади.
Маълумки, «Раббано» (Эй, парвардигоримиз; Ё Аллоҳ) дейиш бизнинг ҳақимиздир ва ростликка юриш бизнинг вазифамиз. Бас, ҳақ йўлида бурчнинг ижросида саъйҳаракат қилган кишига шу оят далил бўлиб, унга Аллоҳ мадад бериб, кўнглига таскин бериш учун малоикаларини ҳамроҳ қилар экан.