O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Рост сўз айтилмас экан “буюк келажак” ҳақидаги орзулар саробдир

Рост сўз айтилмас экан “буюк келажак” ҳақидаги орзулар саробдир
938 views
24 April 2022 - 14:43

Фейсбукда жамият фаоли Носир Зокир томонидан Комил Яшиннинг 1937 йилдаги Ёзувчилар Уюшмаси Пленумидаги нутқи эълон қилинибди.
(https://www.facebook.com/100049069036043/posts/528109358834694/)
Ўша машъум қатағон йиллари ҳақидаги ҳақиқатлар фош бўлганига ўттиз йилдан ошди. Ўз даврида бу ҳақида кўплаб мақола ва китоблар ёзилди. Бугун ҳам бу ҳақида кўп гапириляпти.
Аммо асл аҳвол ўзгардими?
Менимча унчалик ўзгаргани йўқ.
Ҳа бугун қатағон қилинган миллат зиёлилари Ҳукумат томонидан эсланяпти. Мамлакат Президенти ҳам Ўзининг ижодкорлар билан бўлиб ўтган учрашувида бу шахслар ҳақида ҳаққоний гапларни гапириб ўтди. Бунинг учун у кишига раҳмат.
Аммо боболаримизни қатағон қилган қизил империяга қарши курашган ва мустақиллик учун курашган миллат фидойилари эса ҳамон дарбадарликда юрибди. Ўзбек зиёлиларининг янги раҳбарият даврида вужудга келган сўз эркинлигидан илҳомланиб, катта умидлар билан “ЭРК” партияси лидерини ватанга қайтариб келиш ҳақидаги Мурожаатига Ҳукумати қулоқ солмади. Миллат зиёлилари ва Шоирлари (қўштирноқ ичидаги “Халқ шоирлари” эмас, уларнинг кўпчилигининг Комил Яшиндан фарқи жуда оз) Ҳукуматга нисбатан компромиссга боришдими ёки кучлари етмадими, билмадим, негадир жим бўлиб қолишди.
Аслида ўзбек мухолифати лидерининг ўз ватанига қайтиб келишига рус Ҳукумати (ФСБ) тиш тирноғи билан қарши.
Бир воқени эслаб қолдим, хулоса ўзингиздан.
Ўн йиллар олдин йиллаб Америкада яшаган жабрдийда шоир Бозор Собир Москвага яхши кўриниш учун ёки уларнинг талаби билан, уни қабул қилиб бошпана берган Эрон ва Американи ёмонлаб, коммунизмни оқлаб катта мақола ёзди. Бу мақола Россия ва республикамиздаги барча марказий газеталарда эълон қилинди. Бу ҳам камлик қилганидан у Ленинни оқлаб, Пайғамбаримизни ҳақоратлаб куфрона шеърлар ёзди.
Шундан кейин бир икки йил ўтгач, у Тожикистонга қайтиб келди.
Қайтиб келгач, ҳукумат томонидан орден билан тақдирланди ва унга уй берилди. Бунинг эвазига энди у давлат раҳбарини мақтаб шеър ёзди. Баъзилар бу шеърни унинг иқтидордаги ҳукуматга яқин шогирдлардан бири ёзиб шоирнинг номидан эълон қилди дейишади. Нима бўлганда ҳам Б. С. эрксевар ва озодхоҳ инсонларни Руҳини синдиришга хизмат қилди ва мухлисларнинг ғазабига учради. Ўзбекистонда бир – икки йил олдин босқинчиларнинг Черкови тикланиши, мухолифат лидерини қайтариб келиш ўрнига уларни қоралаш кампанияси авж олдирилиши МО давлатларида хўроз бир қичқирганидан дарак беряпти. Яъни, бизлар ҳамон “катта оға”нинг босими остида яшаяпмиз. Аммо бугун дунёдаги сиёсий вазият ўзгаргани сир эмас. Шунинг учун жамият фаоллари ва зиёлилар мавжуд муаммога нисбатан ўз фикрларини қўрқмасдан очиқ билдиришлари ва керак бўлса жаҳонда “Ислоҳотчи президент” сифатида танилаётган мамлакат раҳбарига етказишлари керак деб ўйлайман. Давлат рахбарлари ҳам аслида жамоатчиликнинг қўллаб қувватлашига мухтож бўлади баъзан.
Аслида Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир ва бошқа шаҳид кетган зиёлиларимизнинг номлари оқланиши учун 80 йиллар охири ва 90 йиллар бошларидаги “Бирлик” халқ ҳаракати ва “ЭРК” партияси фаоллариниг хизмати катта бўлган эди.
Шунинг учун бугун ўтган тарихий (1985-1999) даврга ҳаққоний сиёсий баҳо берилмас экан, рост сўз айтилмас экан, ҳар қандай “Янги” ва “буюк келажак” ҳақидаги орзулар сароблигича қолаверади ва бу ҳолат ҳам тарих китобларида ўз аксини топажак.

Hasan Xolmirza Goyib

Манба: facebook.com