Россиялик экспертларнинг Афғонистонни саноатлаштириш бўйича таклифини амалга ошириш имконсиз, бунинг учун Роғун ГЭСи қурилишини охирига етказиш лозим, деган Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази муовини Сайфулло Сафаров.
Сафаров бу ҳақда Душанбеда бўлиб ўтган “Замонавий шароитларда Марказий Евроосиё хавфсизлиги масалалари” мавзуидаги халқаро конференцияда маълум қилган.
Маълумки, Россиядаги “Тараққиёт ҳаракати” («Движение развития») раиси Юрий Крупнов Афғонистонни саноатлаштириш таклифи билан чиққан. Мазкур лойиҳага “Янги Ўрта Шарқ” геосиёсий лойиҳаси деган ном берилган. “Бироқ, Роғун ГЭСи қурилишини охирига етказмай ҳамда Даштижум ГЭСини ишга туширмай туриб, бунинг иложи йўқ”, – дейди Сафаров.
Тожикистонлик мутахассиснинг фикрича, Афғонистонни саноатлаштириш жуда кўп омилларга кўра, Тожикистондаги гидроэнергетика ривожланишига боғлиқ.
Сафаров Тожикистоннинг доим Афғонистонда барқарорлик ўрнатилиши тарафдори бўлиб қолишини таъкидлайди. Афғонистонда барқарорликни таъминлаш эса қўшни давлатлар иқтисодини юксалтириш орқалигина амалга ошиши мумкин, деб ҳисоблайди мулозим.
ЎХҲ хабар маркази