“Европейский гуруҳ” деган бачкана сўз бирикмасини эшитган бўлсангиз керак. Аслида бу тушунча ҳам эмас, балки бўм-бўш ёнғоқдай бир атама, унинг юзаси – русийзабон таълим, ичи, маъноси эса бўм-бўш, яъни номаълум.
Ҳа, айрим содда ватандошларимизнинг рус синфларга, рус мактабларига қарашларини ҳосил қиладиган мантиқни ана шундай ёнғоққа ўхшатиш мумкин: фақат “зўр”, “замонавий” туйилаётган, аслида эса сохта ва бачкана ном, моҳияти эса – бўшлиқ, номаълум.
“Оддий хаёлпарастлик, соддалик, майли-ю”, – дегимиз келар, лекин ўртада бутун насл турибди – ўша “соддалик” қурбони бўлиши мумкин бўлган насл…
Албатта, рус мактабларига ва синфларига қарши эмасман. Бугун ҳамма рус мактабларини ёпиб ташласангиз, “Ҳар ким ўз тилида таълим олишга ҳақли”, – дейдиганлардан кўплаб топилар. Ва улар мутлақо ҳақ бўладилар! Чунончи, бугунги кунда болаларини рус мактабларига бераётган оилаларнинг аксариятида ўзбек тилида гаплашилади, янъи уларнинг она тили ўзбек тилидир!
Хўш, унда нимага улар Ўзбекистонда яшаб туриб, болаларини она сути билан сингиган тилда ўқитишга барча имкониятлар бўла туриб, бизга бегона рус тилидаги таълимни афзал кўришади?
Бу саволга жавоб бериш учун одамларнинг онгига ўрнашиб олган бир қанча стереотиплар ва уларнинг пайдо бўлиш сабабларини кўриб чиқишимиз лозим.
Биринчи стереотип мен мақола бошида зикр этган бачкана атама билан боғлиқ – “Европейский гуруҳ”. Агар ўзбек тилига ёт бўлган “ск“ суффикси ва “ий“ қўшимчасини олиб ташлаб, сўзни тузук кўринишга келтирсак, “европача гуруҳ” бўлади. Содда одамларнинг наздида, рус синфда ўқиган ўзбек маданиятли, тартибсевар, интизомли, хушмуомила – ғирт “овруполик” бўлиб қолади. Нақадар янглиш фикр! Ваҳоланки, рус мактабларида ҳеч қанақа оврупача қадриятлар сингдирилмайди, балки жажжи ўзбеклар руспарастлик ва рус маданиятининг устуворлиги руҳида тарбияланади. Оврупо ва рус шовинизми – бир бирига зид нарсалар, буни англаш учун охирги икки йилда юз берган воқеаларга назар ташлаш етарли. Рус синфларда ўқийдиган болаларнинг хулқи эса она тилида ўқийдиганлардан фарқ қилмайди – тарбиянинг пойдевори уйда, оилада солинади ва мактаб қанчалик ўқувчини тарбияшга уринмасин, унинг асосий вазифаси – билим бериш.
Иккинчи миф эса Ўзбекистонда таълим тизими издан чиққанлигини жуда яхши биладиган ва рус мактабда ўзига нажот топмоқчи бўлганларнинг миясида бор бўлса, ажаб эмас: рус синфларда яхшироқ ўқитади. Республикамизнинг баъзи (ҳамма эмас, баъзи!) мактабларида шундай бўлиши мумкин, совет давридан қолган, малакали, тажрибали, ишига маъсулият билан ёндошадиган кадрлар эвазига. Лекин бунинг ҳам манфий тарафи борки, бунақа кадрларни эски ҳарбий техникага қиёслаш мумки: ишлатишга яроқли, амалиётларда қўлласа бўлади, лекин ҳозирги чиққан янги русумли ускунаю қурол-яроқ олдида ҳеч нарса эмас! Ўқитувчилар ҳам малакаси билан бирга совет замонидан эскирган зеҳниятни ўзи билан тортиб келмоқдалар ва уни ёш авлод билан улашишяпти. Бу жуда салбий ҳолат.
Учинчи миф: рус тили керак эмиш. Ҳа, Россияда бировларга қул бўлиб юриш учун керак, аммо Ўзбекистонда ўзбек тили керакдир!
Хўп, шу стереотиплар кўринишидаги уруғларни экиб, дарахтимизни ўстирдик, дейлик. Унинг мевалари қандай бўлади? Шохлари қай томонга қарайди? Бунга жавоб оддий. Ўзбекистонда рус тилида ўқиган не қилсин? Ёки “қорли диёр”га бориб, умрини у билан боғлайди, ёки Ўзбекистонда қолиб, бутун умр ер билан осмон ўртасида осилгандай ҳолатда бўлади (ўз юртингда миллийлигингни йўқотишдан даҳшатлироқ нарса борми?). Боши берк кўчадан бораётганини тушуниб, вақтида тўғри йўлга ўтганлар ҳам топилади (бу ҳолат шахсан менда юз бердганди).
Хуллас, “бағрикенглик” ниқоби остида ўзимизни, маданиятимизни, тилимизни камситишни, ерга уришни тўхтатишимиз керак.
Ҳа, биз бағрикенг халқмиз, лекин бошқалар ҳам бизга бағрикенг бўлсин. Миллатимизга нисбатан беписанд назар, аввалам бор, ўзимиздан чиқади, ўзимизни ҳурмат қилмаслигимиздан. Шунинг учун университетлардаги рус бўлимларга кириш имтиҳонларининг ўтиш балларини пастроқ қилиш каби ахмоқона ва мантиқсиз “имтиёзлар”дан, ҳамда бошқа шунга ўхшаш “мантиқсизликлар”дан воз кечиш куннинг долзарб масаласидир.
Алпарслон Эркчи