Республика Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовга
О Ч И Қ Х А Т
Ассалому алайкум Рустам Иноятов!
Сизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг байрами олдидан «Шон-шуҳрат» ордени билан тақдирланганлигингизни эшитиб, мен ҳам Сизга дил сўзларимни изҳор қилишни жоиз деб билдим.
Сизга бу унвон осонликча берилгани ва арзонга тушгани йўқ. Мана кеча қўшним Музаффархон Акрамов зонадан ўпка касал бўлиб, тугаб қолганларида беришди. Оила, фарзанд, оталик бахти нима эканлигини кўриб улгурмаган норасида гўдаккина шаҳид бўлдилар. Музаффархоннинг ўлими яраларимни янгилади.
Турмуш ўртоғим Ҳасанжон Умаралиевни 1999 йили 15 апрель кунида Марғилон МХХ ходимлари олиб кетишиб, ўзларингга маълум ҳолатда уриб, ёриб, синдириб, кўкартириб, ўлдириб, жасадни келтиришди. Камига кўча атрофини ўраб олишиб, жанозага кирган ҳамма одамларни қўрқитишиб, ғарибдек кўмиб тинчитишди. Ота-онасига «Овоз чиқарсангиз, бирон жойга арз қилсангиз кейинги ўғлингизни ҳам олиб кетиб қамаймиз» дедилар. Улар ишондилар. Ёлғончилар ҳеч қанча вақт ўтмасдан қайноғам Хусниддин Умаралиевни ҳам олиб кетишди. Ҳозир у Навоийдаги турмада ўтирибди. 4 гўдагимнинг каттаси ўшанда 8 ёш, энг кенжамиз ҳали қорнимда эди. Дадасининг дийдорини кўрмаган ҳам.
Мана ҳозир 4 нафар гўдагим билан акамнинг участкасида яшаяпмиз. Акам дардман. Қандли диабетдан бир оёқларини кесиб ташлашган. Иншаоллоҳ бу кунлар ўтиб кетади. Фарзандларим ҳам катта бўлар, бу қийинчиликлар ўтиб кетади. Сизларга бериладиган унвонлар яна қанча Музаффархонларнинг, Ҳасанжонларнинг қурбонликлари, яна қанча етимларнинг, қанча тирик етимларнинг, қанча беваларнинг, қанча мазлум ва мазлумаларнинг алам изтироблари эвазига келаркин.
Сиздан илтимос, ҳар гал унвонингизга масрур ҳолатда термулганингизда Роббим ҳам у энг буюк ибодатга итоатга лойиқ Зот – мени ва менга зулм қилгувчини ҳам яратган шу Зот, даъвоси учун дабдала қилиб калтаклаб ўлдирилган қанчалаб жасадлар устида додини эшитадиган Роббисидан ўзга тополмаган юрак бағри, қон йиғлаётган онажонларни, эркаклик ғурури дод солишга йўл қўймасдан ич ичидан эзилиб, унсиз йиғлаётган отажонларнимизни эсланг. Қайси айби учун, қилмиши нима деб ўйламасдан ўзича мағрур ҳолатда кўплаб мусулмон йигитларни ҳайвонларча калтаклаб нафсониятига тегаётган, уйлаб-жойланиш ёхуд пенсия ёшида, баъзилари турмушга чиқмаган, баъзилари темир қафасларда йиллаб ўтириб дардман бўлиб қолган ожиза «роббисига» ибодат қилгани «нарушения» олиб, йиллаб амнистияларга тушмаган онажонларимизни, темир панжара ортида мазлумаликда фарзанд кутаётган келинларимизни эсланг.
Тасаввур кила олсангиз бир кунгина уларнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Улардаги фарзандларига бўлган илҳақликлари, соғинчлари Сизнинг унвон таққан кўкрагингизда ёлғон амнистияларга кўз тутган, аслида барчасини айби қилмиши бир бўлган, аммо «текшириляпти, ўрганиляпти» деган бир парча қоғозингизга ҳам ишонган кўзлари фарзандлари йўлида зор бўлиб нураган оталаримизни, йиғи унинг дуосига айланиб қолган, фарзандини тушлардан титкилайдиган, мабода кўриб қолса, дунёларга сиғмайдиган онажонларимизни эсланг. Яна эсланг-ки, Сизнинг фарзандларингизга ва набираларингизга ўхшаган жажжигина, аммо кўзлари мунгли, ўч ва аламдан маъюс тортган, янги кийим, яхши таом нималигини унутган болажонларимизни унутманг.
Қачонки мукофотларингизга масрур ва мағрур термулганнигизда қачонлардир вақти соати келиб Сиздан ихтиёр кетишлиги, масрурлигингиз маҳзунликка, мағрурлигингиз илтижо ва қўрқинчга, қўл остингиздаги доимо хизматингизга тайёр ходимларингиз тугул, ўз жисмингиздаги оёқ қўлларингиз сизга бўйсунмайдиган, мазлум ва мазлумалар каби тутқунликда бўлиб қолишингиз мумкинлигига ва Сизга ҳеч бир кимса – Сиз ишонган, таъзим қилган буюк зотларингиз ҳам сизга асқотмаслигини ва яна унутманг-ки, у ерда қораловчи ҳам, оқловчи ҳам, бажарувчи ҳам, гувоҳ ҳам, иқрор қилдиргувчи ҳам одил ҳакам Роббимиз бўлишлигини.
Аллоҳим сизлар туфайли менга муносиб кўрган меҳнат машаққатлар, ўксикликлар, хўрликлар туфайли аччиқ ҳақиқатдан бино бўлиб, ич-ичимдан қайнаб чиққан тилакларим билан сизнинг байрам кайфиятингизни бузганлигим учун узр сўрайман, балким бу тилакларим бундан буён хайрли ишларингизга туртки бўлар. Иймони комил неъматига эришишингизга сабаб бўлар. Ҳарна бўлгандаям биз дуодамиз. Сизга меҳрибон Роббимдан охирида афсус қилмайдиган умр, қайтиш қилганингизда эса барча ошкор ва пинҳон сирларингиздан хабардор Одил ва Қаххор, ўта Меҳрибон ва ўта Қаҳрли, мукофотлари ва жазолари тасаввуримизга сиғмаган улкан ва унинг сўзлари ҳақ бўлган Аллоҳнинг ҳузурига ҳам мағрур боришингизни тилайман.
Бутун бошли бир инсонни уриб, ўлдириб, тинчитишди. Ҳеч ким қайси вахший қонхўр ўлдирганини ҳам, қотилларни жазолаш тугул суриштирилмадиям. Яхшиям, Аллоҳга ҳамдлар, Ҳисоб-китоб куни бор, ҳеч бир иш четда қолмас. Етим гўдакларимнинг нолаларини, ўксикликларини, дуоларини ижобатга олсин. Ахир ваъдаси бор-ку, мазлумнинг дуоси билан Аллоҳга ҳеч бир парда йўқ. Унит дуоси ижобат бўлишига шубҳа йўқдир, деган.
Маргилондан мен Умаралиева Маҳбуба.