O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Рус тилими ёки Ўзбек тили?”

“Рус тилими ёки Ўзбек тили?”
134 views
23 August 2017 - 11:39

1993 – йили Падари бузрукворим Болтиқ бўйи давлатлари Латвия ва Литвага иш юзасидан сафар қилганлар.

Сафар таассуротлари ҳақида гапира туриб, шундай деган эдилар:

“Латвияга бориб тушган кунимни эртасига кўчага чиқдим. Такси тўхтатиб, боришим керак бўлган манзилни тушунтирдим. Кўзимга қараб, бақрайиб тураверди. Сўнг ўзини тилида нимадир деди. Мен уни гапирганини, у мени гапирганимни тушунмадик. Чиқмадим. Такси ёш экан, эҳтимол, Рус тилини билмас дедим. Бошқа бир йўловчига юзланиб, ундан ҳам манзилни сўрадим. У ҳам ўзини тилида нимадир деб, йўлида давом этди. Кейинги йўловчи билан ҳам айни шу ҳодиса такрорланди. Хуноб бўлдим. Наҳот ҳеч ким Русчани билмайди? Булар шунчалик “деволми?”, дедим.

Бир дўконни кўриб, ичига кирдим. Сотувчига юзландим. Сотувчи эса менга:

– Русга ўхшамайсан. Миллатинг нима? – деди. Русча гапирадиган одам топганимдан ҳурсанд бўлиб кетдимда:

– Миллатим Ўзбек. Бу ерга иш билан келган эдим. Мана бу манзилга боришим керак. Лекин ҳеч ким тушунмаяпти.

– Ҳамма сени тушунади. Русча гапирганинг учун сенга жавоб беришмаяпти. Одамларга мурожаат этмасингдан аввал турист эканлигингни, Русчадан бошқа тилни билмаслигингни айт.

– Нима учун Русча гапирсам жавоб беришмайди?

– Ўз тиллари ва миллатларини ҳурмат қилишади.

Ўз хаёлларим билан дўкондан чиқдим. Мендек собиқ Совет одами учун бу ажиб бир ҳолат эди. Тил ва миллатларига бўлган ҳурматни кўриб, очиғи уялиб кетдим. Бизда эса Рус тилини билган одам маданиятли ҳисобланади.”

Болтиқ бўйи давлатлари Рус пропагандасидан қутилиш, ўз тилига эга бўлиш ва тўлиқ мустақилликка мана шу йўл билан эришган.

Давлат идораларида Русча гаплашар эканмиз, ҳужжатлар ва ёзма шаклдаги ишлар Русча олиб борилар экан, давлат телевиденяларида амалдорлар Халққа Русча мурожаат этар экан – биз мустақил эмасмиз. Рус империясини мустамлакаси бўлиб қолаверамиз.

“Кириллчами ёки лотинча?”, деган саволдан аввал бериладигани: “Рус тилими ёки Ўзбек тили?”, бўлиши керак. Давлат тили Ўзбек тили экан, Ўзбек тилимизни ҳурмат қилиб, ўз тилимизда ҳамма ишларни олиб бормас эканмиз “мустақилман”, дейишга ҳаққимиз йўқ.

Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романида шундай жойи бор: “Рус дворянлари ўртасида Французча гаплашиш урфда эди. Улар соф Французча ва ўз тилларига Французча аралаштириб гапиришар, Французча сўзлашиш маданият белгиси бўлган.

Остонангда Французлар сенга ҳамла қилгани қўшин ҳозирлаб, уришишга шай бўлиб турсаю, сен душман тилида гаплашсанг!”

Sayyid Islom

facebook.com