Россия сиёсатдонларидан ҳеч ким империячиликка қарши гапирмайди. Бу ўринда Россиядаги коммунистлар ҳам, демократ ва либераллар ҳам, миллатчи-ватанпарварлар ҳам деярли тенг деса, бўлади. Аммо шу билан бирга баъзи бир савдойиларни ҳисобга олмаганда, ҳеч ким очиқдан-очиқ империяни ташвиқот ҳам қилмайди. Бугунги кунда “империя” сўзининг ўрнига Россияда, қўшни халқлардаги Россиянинг босқинчилик сиёсати қошидаги қўрқувни бир оз тарқатадиган, “давлат манфаатлари”, деган калимани ишлатиш удум бўлган. Албатта, бу билан сўз моҳияти ўзгариб қолмайди. Ўзга давлатлар учун мутлақо табиий кўринган “давлат манфаатлари” сўзи Россияда муқаррар равишда “империя манфаатлари” маъносини англатади.
Зотан, Россиянинг бугунги ҳолатининг ўзи улкан бир империядир. Ҳатто Чеченистондаги урушга қарши чиқаётган демократлар ҳам бу урушни “империалистик уруш” деб аташмайди. Албатта, бу табиий ҳол, чунки барча сиёсатчилар яхши билишади-ки, “давлат яхлитлиги”, ёки аниқроғи, империя бутунлигига даҳл қилган ҳарқандай арбоб, қон-қонигача сиёсийлашиб кетган аҳоли орасида иззат-икром топа олмайди. Фақат Новодворская каби энг “бебош” демократларгина аҳён-аҳёнда Россия федерациясининг федерация эмас, балки, империя эканлигини эътироф этиб қолишади-ки, бу нарса рус жамоатчилиги ичида фақат “ёҳудийлар фитнаси” ҳақидаги васвасалардан бошқа ҳеч нарсани қўзғамайди. Аммо бу масалага тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган рус олим ва зиёлилар муносабати бошқа масала. Улар ўзлари учун ҳеч қандай хатарсиз бўлган бу мавзу ҳақида очиқ-ойдин гапира оладилар. “Комсомолская правда” газетасида чоп этилган “Ўз империявий ўтмишимиздан уялишга ҳожат йўқ” номли мақола шунга яққол мисолдир. Мақола муаллифи – Россия телевидениеси директорлар кенгаши раиси, академик Сергей Благоволиндир. “Биз ўз империявий ўтмишимиздан уялмаслигимиз лозим,– деб ёзади академик ўз мақоласида. –Биз қандай бўлсак, шундаймиз. Мамлакатимиз асрлар давомида барпо этилди. “Империя” ҳақидаги мураккаб масалани муҳокама этишни истамайман-у, аммо Россия империясининг жуда катта яратувчилик ролини ўйнаганлиги ҳақиқат. Албатта, у жаннат эмас эди, аммо ер юзида жаннатнинг ўзи борми? Шундай буюк давлат, шундай буюк маданият, шундай буюк мерос яратилганининг ўзи ҳеч қандай изоҳга ўрин қолдирмайди. Россия империясининг учта ноёб хусусияти бор эди: ҳудудий яхлитлик, бир миллат ва бир диннинг бошқа миллатлар ва динлардан устунлиги, бу ерда шуни айтиб ўтиш лозимки, бу устунлик фақат арифметик устунлик эмас, балки маданий устунлик ҳам эди. Ва ниҳоят: марказ ҳисобига чекка ўлкаларнинг тараққий этиши”.
Академик мутлақо очиқ тарзда ўз миллати ва динининг бошқа миллат ва динлар устидан ҳукмронлик қилгани билан ғурурланади. Ҳақиқатан ҳам шундай эди: русларнинг дини ва миллати бошқа барча дин ва миллатлардан устун қўйилган эди.. Аммо марказ ҳисобига колонияларнинг ривожланиши ҳақидаги гапни энди, академикнинг виждонига ҳавола қилиш лозим. Агар академикнинг бу гапида ҳақиқат бўлганида, руслар: “Туркистон – рус импарияси тожидаги жавоҳирдир”, демаган бўлардилар Дунёдаги қайси бир салтанат босиб олинган ўлкаларни ўз ҳисобига ривожлантиради? Балки, академик “марказ ҳисоби” деб, босиб олинган жойларда қўлга киритилган бойликларни ва у ерларнинг қул қилинган халқлари меҳнатини назарда тутаётгандир? Агар академик шуни назарда тутган бўлса, унинг гапи тўғри: колонияларда марказники бўлмаган бирон-бир нарса бўлмаганидан кейин, албатта, фақат “марказ ҳисоби” ҳақидагина гапириш мумкин.
Чор Россияси ва совет империяси пайтида босиб олинган ўлкалардан олинаётган бойликларнинг фақат мингдан биригина “давлат бюджети” сифатида ўша ўлкаларга қайтарилар ва устига-устак, бу ўлкалар дотация ҳисобига, яъний, марказ ҳисобига яшаётган текинхўр ўлкалар, дея аталарди.
Академик Благоволин ҳам бошқа барча рус ватанпарварлари каби, Россияни дунёнинг АҚШ, Бразилия, Япония каби давлатлари билан солиштиради.
“Бўлинмас ва яхлит Россияни сақлаб қолиш,– дея ёзади академик, –бизнинг нафақат аждод ва авлодлар олдидаги, балки, биз билан тарихан ўз тақдирларини боғлаган бошқа халқлар олдидаги бурчимиздир. Агар биз Европа типидаги интеграцияга эришишни истасак, бунинг учун энг аввало ягона ва яшнаётган Россия мавжуд бўлиши лозим. Сезаяпман, “миллий ғоя” сўзини эслатиш билан ҳар томондан қаҳр-ғазаб тўла луқмалар туша бошлайди. Ахир тўғри-да, мамлакат кўп миллатли бўлса: чукоткалик бир нарсани ёқтирса, яҳудий бошқа нарсага меҳр қўйган: рус эса, бутунлай бошқа бир нарсани яхши кўради. Нима, инқилобдан олдин Россия кўп миллатли эмасмиди? АҚШда эса, юзлаб миллатлар қозонда қайнагандай қайнамоқда, Бразилиядаги халқларнинг тери ранглари ҳар хил. Аммо шунга қарамай, бу мамлакатларда миллий ғоя тўла амалга оширилган!”.
Албатта, АҚШда сепаратизм йўқ. Чунки, АҚШ штатларининг Россия федерацияси таркибидаги автономияларда бўлгани каби, ҳеч қачон ўз давлатчилик тарихи бўлмаган, қолаверса, АҚШда ҳеч қачон бир миллат, бир маданиятнинг бошқа миллат ва бошқа маданиятлардан устун туриши ҳақида гапирилмайди. АҚШдаги штатлар иқтисодий жиҳатдан ҳам марказдан ажралиб чиқишдан манфаатдор эмаслар. Россияда эса, деярли ҳар бир автономияда марказнинг уларни талаётганлари ҳақидаги шикоятларини эшитишингиз мумкин.
Миллий ғоя ҳам уларда, Россиядаги каби бир миллат номи билан боғланмайди. “Американ” ғояси билан “рус ғояси” ўртасида қандай умумийлик бўлиши мумкин? Намуна сифатида келтирилган Бразилиядаги вазият ҳам шундай. Аммо “давлат яхлитлиги” ҳақида қайғураётган академик бу фактларни пайқамасликка ҳаракат қилади. У демократия давлатчиликка зиён етказмаслиги керак, деган ғояни илгари сурар экан, “нега энди демократия ҳам миллий хусусиятларга эга бўлмаслиги керак?”, дея намуна тариқасида аҳолиси этник жихатдан яхлит бўлган Японияни мисол келтиради. Аммо академик Россиядаги демократия қайси миллатнинг хусусиятини ўзида мужассам этиши кераклиги ҳақида аниқ бир фикр айтмайди. Фақат унинг “70 йил давом этган умум маънавиятсизлик” ҳақидаги мавҳум сўзларидан, гап рус миллати ҳақида кетаётганини тушуниб олиш мумкин.
Академик ўзи ҳам англамаган ҳолда, миллатларни жипслаштирувчи фактор сифатида уларнинг бошига тушган умум бахтсизликни, яъний, 70 йил давом этган мустабид коммунистик тузумни келтиради ва шу фожианинг ўзи Россияда ягона миллий ғояни яратиш учун етарли, деб ҳисоблайди.
Мақсуд Бекжон