O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

АҚШ мулозими И.Каримовни ёлғончига чиқарди

АҚШ мулозими И.Каримовни ёлғончига чиқарди
20 views
09 June 2013 - 18:01
Robert_Blake_front
Роберт Блейк

Марказий Осиё осойишталиги учун асосий таҳдид ташқаридан эмас, ички муаммолардан келади. АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Вашингтонда ўтказилган халқаро анжуманда ана шундай мулоҳаза билдирди.

Жума куни якунланган халқаро анжуманда Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлиги у ерда инсон ҳуқуқлари, демократия ҳамда иқтисодий эркинликларга оид муаммоларнинг ҳал этилишига боғлиқ экани таъкидланди.

2014 йилда Афғонистондаги жанговар ҳаракатларнинг расман тугатилиб, НАТО кучларининг мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши ортидан минтақада экстремистлар яна бош кўтариши ва хавфсизликка таҳдидлар кучайиши борасида хавотирлар илгари суриб келинарди .

Вашингтондаги анжуманда сўз олган АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блэйк бу хавотирлар ўринсиз эканини қайд этди.

Жаноб Блэйк фикрича, Афғонистон шимолида фаолият доирасини кенгайтиришга уринаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати каби қуролли гуруҳлар таркибида ўнлаб, балки юзлаб аскар бўлиши мумкин, лекин минглаб эмас.

– Уларнинг зўравон мафкурасини Марказий Осиёдаги аксарият аҳоли рад этиши тайин. Марказий Осиё учун асосий муаммо демократия ва сўз эркинлигига қўйилган чекловлар билан боғлиқ ички муаммолардир. Ҳукуматлар экстремизмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги тамойилларига зид усуллардан фойдаланиши минтақада узоқ муддатли барқарорликни хавф остига қўяди, – деди Блэйк.

Эслатиб ўтамиз, Блейкнинг бу баёноти, Афғонистондан НАТО кучларининг чиқарилиш ортидан минтақада, хусусан Ўзбекистонга нисбатан исломий қуролли гуруҳларнинг ҳужум қилишидан бонг уриб келаётган И.Каримовнинг ваҳимасини чиппакка чиқаради. Блейк баёнотидан чиқадиган яна бир хулоса шуки, мабодо минтақада, хусусан Ўзбекистонда барқарорликка бирор хавф бўладиган бўлса, бунга сабаб фақат ҳукуматларнинг (И.Каримов ҳукумати биринчи навбатда) ўз фуқаролари ҳақ ва ҳуқуқлари оёқ ости этувчи репрессив сиёсати бўлади.

ЎХҲ хабар маркази