Журналист Жамшид Ниёзовнинг Нафосат Оллашукурова билан боғлиқ ҳолда берилган жуда оддий саволига, яъни “ҳукуматни ёки қайсидир идорани танқид қилган журналист келажакда худди Оллашукурова каби руҳий носоғлом деган ташҳис билан руҳий касалликлар диспансерига ётқизилиб қӯйилиши мумкин бӯлиб қолмайдими? Умуман, қандай одамларга руҳий носоғлом деган ташҳис қӯйилади? Шу ҳақида Соғликни сақлаш вазирлиги ёки Олий Мажлис вакиллари жавоб берса”, деган аниқ саволига савол жараёнида тилга олинган шахслар эмас, Комил Алламжонов ғазабнок ҳолатда жавоб берди.
Алламжонов томонидан Жамшид Ниёзовнинг саволи “провокацион савол” дея эътироф этилди ва журналистга бундай мазмунда савол бермаслик “илтимос” қилинди.
Шахсан мен, журналистнинг саволини ҳар қанақасига таҳлил қилиб, ундан провокация аломатларини топа олмадим, аксинча унга жавобда таҳдид аломати бор.
Бу савол ҳаммамизни ӯйлантирган савол=ку!
Бунинг нимаси провокацион савол?
Алламжонов нега журналистга паст назар билан қаради? Нега журналистнинг талабини қондирмади? Савол Алламжоновга қаратилмаган бӯлса ҳам, майли, у саволга оид ӯз фикрини айтди, лекин нима сабабдан раис журналист урғу берган Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили, Олий Мажлис вакилининг жавоб беришига йӯл бермади? Менинг фикрим шу, сизлар нима дейсизлар, деб номлари тилга олинган ташкилот вакилларига юзланмади?
Ахир Алламжоновнинг фикри охирги якуний сӯз бӯлиб қолмаслиги керакку!
Бундай ҳолатда ӯзбек журналистикаси қачон ривожланади?
Рӯзибой Азимий