O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сайловлар ва ипини узган манқуртлар ҳақида…

Сайловлар ва ипини узган манқуртлар ҳақида…
1,994 views
15 April 2021 - 11:49

Ўзбек “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди” деганида қанчалар ҳақ эди.

Машрабни осдилар, Қодирийни отдилар, Усмон Носирни сотдилар. Аммо орадан йиллар ўтиб, эл ўғлонларини қатағон қилган қорин қулларининг юзлари қаро бўлиб чиқди.

Журналист Шароф Убайдуллаев 1991 йил декабрда ўтган Ўзбекистон президентлигига сайловда шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг қадамини қирққанларнинг чиркин юзларини битта ҳақ жумласи билан шувут қилди. У мардона чиқиб, “Каримов билан Муҳаммад Солиҳнинг сайлови… Ўша пайтдаги президент девонининг ходими сифатида жараённни ичидан билган шахс сифатида айтаман, Каримов тўла ютқазган эди… Каримов тўла ютқазган эди” дея сўзини таъкидлади кекса журналист.

Ташаккур, Шароф Убайдуллаевга, у киши ёлгон билан усти бекитилган бир мавзуга адолатнинг илк тамал тошини қўйди.

Энди Ўзбекистон ичкарисидаги зиёлилар, ёзувчилар, шоирлар, олимлар, виждонли ҳуқуқшунослар Шароф Убайдуллаев қўйган бу таъмал тош устига битта-битта ғишт қўйиб, ҳакикатнинг кўкка бўй чўзишига ҳисса қўшишлари керак. Ҳар ҳолда, мен ўзбек зиёлисидан шундай олижаноб ҳаракатни кутаяпман.

1991 йили Ўзбекистон президентлигига сайловда Муҳаммад Солиҳ ва Каримов номзоди ўртасида кескин кураш кетганида, эҳҳ-э, Муҳаммад Солиҳнинг асл ҳақиқатдан бохабар озмунча дўсти, издоши, сафдоши бор эдими? Қани бугун улар? Раҳматлик Аҳмад Аъзам каби барчаснии ер ютмагандир?

Мен Шароф Убайдуллаевнинг интервьюсидан кейин адолат осмонида чақин чақади деб узоқ кутдим. Қайда! Ўшовига қараб тушови! Барча зиёлилар ҳамон ҳар доимгидек “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида йўл тутишмоқда, гуё дунёга устун бўладигандек.

Бунинг асл сабаби нимада эканлигини биласизми?

Бил-май-сиз!

Модомики, шу жараёнларда бевосита ва билвосита иштирок этганлар, шафқатсиз адолатсизликнинг гувоҳи бўлганлар, ҳақиқатни айтишга ўзингизда куч топа олмас экансиз, у ҳолда билганларимни мен айтай.

Лоақал, мард журналист Шароф Убайдуллаев айтган ҳақиқатни давом эттиришга уриниб кўраман.

Ўзбекистон президентлигига илк сайловда жуда кўп мустақил кузатувчилар фикрига кўра Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон миқёсида 60 фоизга яқин овоз олиб, рақиби Ислом Каримовдан мутлоқ устунликка эришган эди. Ҳа, агар Каримовни қўриган “ғайри фаришталар” бўлмаганида эди, Муҳаммад Солиҳ президент бўлиши муқаррар эди. Бу “ғайри фаришталар” орасида у пайтлар кўп ҳам кўзга чалинмаган бир депутат, Олий Кенгашда мандат(овоз санаш) комиссиясининг раиси, бугунги президент ҳам бор эди.

1991 йил декабр ойида Ўзбекистон президентлигига бўлиб ўтган илк сайловда Қудрат Аҳмедов сайлов комиссиясининг раиси лавозимини бажарарди. бу шахснинг Каримовга жиндек қариндошчилиги бор эканлиги айтиларди ўша пайтларда. Халк наздида адолатли инсон эканлиги билан ажралиб турган.

Аммо Каримов айнан шу қариндошчилиги сабабли бу одамни Сайлов Комиссияси раислигига тайнилатганди.

Бироқ, айтишларича, “адолатли Аҳмедов” диктатор Каримовнинг ишончини “оқламаган”. Сайловдаги ҳадсиз сохтакорликни кўриб, Аҳмедовнинг лабидан учуқ тошган. “Бу шармандалик, халқаро ташкилотлар олдида изза бўламиз. Мен бундай қилолмайман” деб оёқ тираб туриб олган. Бироқ шароит(Каримов) уни Муҳаммад Солиҳга берилган овозларни Каримовга ёзишга мажбурлаган.

Бизга етиб келган маълумотларга кўра, ўрлик қилгани учун, сирни очиб қўймаслиги учун Қудрат Аҳмедов ҳукумат касалхоналарининг бирида заҳарлаб ўлдирилган.

Шавкат Мирзиёев ўша сайловда парламентда мандат комиссиясининг раиси лавозимини эгаллаб турганди. Албатта, Каримов Мирзиёевни парламентда саноқ комиссиясининг раиси лавозимига шунчаки тайинламаганди. Каримов сайловда бой беришини олдиндан кўнгли сезган. Сайлов натижалари сохталаштирилмаса бутун дунёга шармисор бўлишни билган. Бу шармандаликдан қутулиш учун Ахмедов, Муфтий М.Юсуф ва Мирзиёв кабиларни ишга солган. Бу ҳақиқат ўша сайлов пайтида ҳам гапирилар эди, аммо фақат миш-миш шаклида гапирилар эди. Ҳақиқат бугун тўла ўртага чиқаяпти мана.

Афсуски, Каримовнинг салтанат эгасига айланишида бу инсонлар адолатни топтадилар.

Очиқ айтиш керак, пасткашликка қўл урдилар.

Бутун мамлакат бўйлаб сайлов блютенларини сохталаштиришнинг ўзи бўлмайди. Албатта, “ғайри фаришталар”нинг кўзига уйқу инмайди. Улар барча-барча вилоят ҳокимликларини оёққа турғизади. Айниқса, Мирзиёевнинг икки югурдаги қоп-қоп сохта сайлов қоғозларини ташиш, Солиҳга оид бллютенларни йўқ қилишда жонбозлик кўрсатади. Шахсан гувох булганман, Мирзиёевнинг содиқ қулларидан бири менинг “земляк”им, Пойариқлик йигит эди.

Ўша пайтдаги юқори лавозимни эгаллаб турган Миллий хавфсизлик хизмати тизими амалдорининг айтишига кўра, “Муҳаммад Солиҳ 52 фоиз овоз билан Ислом Каримов устидан ғалаба қозонган”.

Мен Ўзбекистон сайловларидаги сохтакорлик хакида шахсан гувоҳ сифатида маҳкамада кўрсатма беришим мумкин.

Бу сохтакорлик намуналарини кейинрок Олий Мажлис депутатлигига сайлов чоғида Пастдарғом сайлов окрукларидан бирида бир танишимга ашончли вакил бўлганимда хам кўрганман.Тунда, мактабда сайлов қоғозларини санаш чоғида бир саноқ комиссияси аъзоси юқоридан “добро” берилган шахснинг фойдасига бир дунё сайлов қоғозларини саноққа қўшиб қўйганди. Роса жанжал кўтарганман. Сохтакорларни шу жойнинг ўзида “Далолатнома” тузишга мажбурлаганман. Бу хужжатни саноқ комиссияси раисининг ўзига имзолатганман.

Кейин мазкур округда сайловни бекор қилишлари ва қайта сайлов ўтказишлари талаби билан ўша пайтдаги сайлов камиссиясининг раиси Нажмиддин Комиловга ариза билан “АКТ”ларни факсдан жўнатганман. Ҳеч нарса бўлмаган. Нажмиддин Комилов, афсуски, Қудрат Аҳмедов эмас эди…

Бу шунчаки Олий Мажлисга бўлиб ўтган сайловдаги сохтакорликлар. Тафсилотларини гапирсам, тўрт томлик асар бўлади.

Президентлик сайловидаги қалллобликларни-ку қўяверасиз!

Диктатор Каримовнинг амри ва Шавкат Мирзиёевнинг қистови билан Муҳаммад Солиҳга овоз берилган сайлов қоғозларини йўқ қилиб, Каримов фойдасига сохта бллютенларни таёрлашда тер тўккан “азамат”лар бугун ҳам тирик! Ҳеч ким ўлмади, ҳақиқат унутилмади.

Хуллас, Каримовнинг қўлига Ўзбекистсон давлатинининг калитини тутқазишда жонбозлик кўрсатган тарихий фигуралар орасида Мирзиёев хам бор эди. Айнан ўша фидокорона меҳнатлари ортидан Мирзиёев Каримовнинг ишончига кириб, унинг эркатойига айланди. Шу-шу Ўзбекистонда кун туғсая Мирзиёевга, ой туғсаям Мирзиёевга бўлиб қолди.

Ислом Каримов қиличини қайраб ўтказадиган йиғилишларда Мирзиёев мизғиб ўтирганини ҳамма кўрган. Золим ҳукмдорлар мажлисида золимнинг эркатойларигина мизғиши мумкин…

Аслида, Ислом Каримов вафотидан кейин янги тахтга келган Мирзиёев хориждаги мухолифатга йўл бериши, Солиҳни Ватанга қўйиши ҳам мумкин эди.

Бироқ қандоқ қилиб қўяди? Қандайинам қўяди? У асл ҳақиқатни билади-ку? Унинг кечаги ўтмиши бунга йўл қўярмиди?

Бундай олийжаноб ҳаракатга асосий тўсиқ унинг Каримов давридаги юқорида саналган қилмишларидир.

Мана, нима учун ҳали ҳамон Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ номини қоралаш худди Каримов давридаги каби “миллий мафкура”нинг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда.

Бор ҳақиқат шу.

Афсуски, Ўзбекистонда журналист Шароф Убайдуллаев фикрларини мантиқан давом эттиришга ҳақиқатга гувоҳ бўлган бирорта бир шоир ё ёзувчи, зиёлининг журъати етмаётир.

Уларга “Эй, зиёлилар, барчамизам бу фоний дунёда омонатмиз, вақт ғанимат, тириклигингизда ҳақни айтсангиз, тилингиздан ҳакка чўқийдими? деб ҳайкирмайди ҳеч ким.

Холбуки, бу зиёлилар “Тепадан рухсат” берилгандан кейин Сталин даврида қатоғон қилинган Жадидларнинг накадар азоб чекканлари, уларнинг “аслида миллий қахрамон эканликлари”ни бутун медиа каналларидан жавраб ётибди. Худога шукр, жадидларимиз оқланди ниҳоят.

Аммо айни пайтда жадидларнинг изидан кетиб, ватан мустақиллиги учун Совет даврида жонини жабборга бериб курашган “Эрк”чилар мана 30 йилдир жадидлар каби турмага ташланиб, хоин аталиб, юртдан қувилмоқда, бу зиёлиларимиз нега “миқ” этиб бу ҳақда оғиз очмайди???

Иккиюзламачилик наҳотки ўзбекнинг қонига сингиб кетган бўлса? Наҳотки, генофонимизда, ирсиятимизда абадий ерлашган бўлса бу иллат?

Худо сақласин бизни бу қўрқинчли иллатдан!

Мен бугун тармоқда Мухаммад Солихга отилаётган тошларни кўриб, Сталин даврида, ундан кейинги даврда ҳам жадид боболаримиз Чўлпон ва Фитратларга ҳам бу қадар аёвсиз тош отилмаган эди, астафуриллоҳ, дейман. Манқуртлар ипини узиб, Мирзиёев кўрсатган “мусаффо манзилга” чопаяпти, эсиз миллат!..

ДИН НИКОБИ ОСТИДА ШАЙТОНГА ХИЗМАТ

Шу ўринда Мирзиёевнинг оғзи шалоқ тролл-манқуртлари билан шаллақиликда мусобақа қилаётган мусулмон ниқобидаги “диндор”ларга ҳам бир-икки оғиз айтар гапим бор. Бу нусхалар “Элтуз”да чиққан 1991 йил Рефрендумида Каримовнинг Ўзбек халқига қилган хиёнати ва СССР КГБсига сотилган таникли дин пешвосининг Ўзбекистон мустақиллигига қарши бўлганини фош қилган маколасидан кейин жуда қутурдилар. Уларнинг кичик жамоасидан бўлмаган бутун мусулмонларни “кофир” атаб чиғириқдан чиқиб кетишди.

Ваҳоланки, “Элтуз” кўринмаган катта ҳақиқатнинг бир қисмини кўрсатганди холос. “Элтуз”даги материални мухолифат лидери Муғҳаммад Солихдан куриб, бу мунофиклар унга хужум килишди. Унинг номига бир ёш муридларидан бир кизга овозли мактуб ёздириб, М.С. М.Юсуфнинг нега сайловда Муҳаммад Солиҳга овоз бермаганини ўзича “тушунтирган”. “Элтуз” эса М.Солиҳғга мурожааат қилиб, марҳум муфтийнинг муриди қизга жавоб беришни илтимос килган. Муҳаммад Солиҳ ҳам ҳужжатлар асосида, ҳар жумласини асослаб, марҳум муфтий шахсига ҳурмат билан ёзилган бир овоз ёзиб юборибди, “Элтуз”, хамма буни эшитди.

Муҳаммад Солиғҳнинг сабри, кечирувчанлиги ва кўнгилчанлигига қойил қолдим. Ашаддий душмани бўлган Каримовга очиқдан-очиқ ёрдам берган, Президентлик сайловларида М.Солиҳга берилган овозларни Каримовга ёздиришда муҳим рол ўйнаган одамни қандай кечираолган? Яна у билан сайловдан кейин қандай мухолифатда ҳамкорлик қилаолган?…

Боз устига Истанбулдан кейин 2000 йилда марҳум собиқ муфтий М.С.М.Юсуф Каримов истаги билан Тошкентга қайтиб келади ва учунчи Президентлик сайловида ҳам халққа золим Каримовини сайлашни ташвиқ этди. Мен бунга шахсан гувохман, бунга бутун ўзбек халқи гувоҳ!

Бу хақиқатлар узоқ йиллардан бери айтилмай келаётганди. Ҳозир халқ уйғоняапти аста-секин, ҳақиқатни ўзи ургана бошлади мана. Бунга нега чийиллайсизлар? Шу мусулмонликми? Мусулмон ҳақиқат ва адолат тарафдори бўлмайдими? Пайгамбаримиз “ўғирлик қилса қизим Фотиманинг ҳам қўлини кесардим!” деганини унутдингизми? Кани сизда виждон? Нега ҳақиқатни айтган мусулмонларни “каззоб”,”кофир”га чиқараяпсизлар?

Узларингиз каззобсизлар, Худо кўриб турибди ҳақиқатни ким гапиараётганини. Худодан қўрқинглар. Айтгандай, сизлар ундан қўрқмайсизлар, сизлар 27 йил золим Каримовдан қўрқдингизлар, бир марта хам Худодан қўрқмадингизлар. Энди Каримовнинг шогирдидан қўрқмоқдасизлар!

Эркак бўлинглар бироз, ҳақиқатни тан олинглар, мазлум халқингизнинг ёнини олинглар, золимнинг оёғини ялайверманглар,етар!

КЕЛАЁТГАН САЙЛОВЛАР ҲАҚИДА

Менимча, Мирзиёев Ўзбекистонда анча номи чиқиб қолган Хидирназар Аллоқулов партиясини рўйхатга олмайди. Адлия вазирлиги бу партиянинг ҳужжатларини олмаслик учун мингта баҳона топди. Энди бу ҳужжатларни олгандан кейин улардан камчилик топиш учун бош қотираяптилар, қотириб-қотириб , албатта, бир нарса топадилар. 27 апрелда тамом бўляпти ҳужжат қабул қилиш муддати, унгача албатта “топишади”.

Рўйхатдан ўтган битта ЭРК партияси қолади. Лекин унга ҳам “қайта рўйхатдан ўтмади” деган баҳона топишади. Ҳолбуки, ЭРК партияси ўтган йил Адлия вазирлигига бориб, “кайта рўйхатдан ўтказиш” учун уринганларига шахсан гувоҳ бўлдим. Ўшанда Адлия вазир ” ЭРК”ни унутинглар”, деб жавоб берган партия Бош Котиби Отаназар Ориф ва партия фаоли Азам Турғуновга.

Шундай ҳам жавоб бўладими?

Кап-катта Вазирликнинг жавоби шундай бўладими?

ЭРК партияси бу бемаъни, Конституцияга зид, абсурд жавобдан кейин Ўзбекистонда ягона қонуний мухолифат партияси бўлиб қолаяпти. Чунки ЭРК партиясини сайловга киритмаслик учун Мирзиёев ҳукуматида битта ҳам ҳужжат йўқ! На маҳкаманинг ЭРКга қарши бирор ҳукми, уни таъкиклайдиган на бошқа бирор ҳужжат бор!

ЭРКни сайловга киритмаслик учун, унинг кўрсатадиган номзодини қабул қилмаслик учун битта ҳам сабаб йўқ Мирзёевнинг қўлида!..

ЭРКни сайловга киритмаслик Шавкат Мирзиёевни дунё жамоатчилиги олдида шарманда қилиш учун етарли бўлади.

Худо ҳоҳласа, буни яқинда кўрамиз ҳаммамиз.

Малоҳат Эшонқулова

Мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари фаоли