O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сайлов тўғрисида

Сайлов тўғрисида
172 views
26 September 2019 - 21:42

(Содиқ Сафоевнинг БиБиСи радиосига берган суҳбатидан таъсирланиб)

Доно халқимизда “Етти ўлчаб бир кес”, Маслаҳатли тўй тарқамас”, деган ҳикматли мақоллар бор. Шунинг учун, айниқса Олий Мажлис каби мамлакатимизнинг юраги, яқин келажагимизни белгилаб берувчи даргоҳга халқ депутатлари (нойиблари) сайлашда шошилмаслик, ҳар бир нойиб халқнинг илғор фикрли, пок ва фидокор инсони бўлиши керак. Зотан бу Олий Мажлис мамлакатни Каримов даврида ва хозир Мирзияев даврида ҳам меҳнаткаш халқ бойликларини талаётган, коррупцияга ботган, савиясиз, зўравон амалдорлардан ва куч ишлатар тизимлари ходимларидан, ислоҳотларга тўсиқ бўлиб турган раҳбарлардан тозалашда халқимиз ва президентга камарбаста бўла олиши керак.

Мамлакат ўтган 30 йилни йўқотди. Мустақилликнинг илк йилларида ишлаб чиқариш бўйича қўшнимиз Қозоғистондан олдида бўлсак, хозир 8 марта орқадамиз. Шунинг учун ишчи кучларимиз ташқарига чиқиб кетмоқда. Холбуки олтин, уран, пахта, пилла ишлаб чиқариш бўйича дунёда олдинги ўринлардамиз. Нега шу бойликлар халқ фаровонлигига ишламайди деган саволга жавоб топиш, назорат қилиш учун кучли Олий Мажлис Комиссиялари ишлаб туриши керак. Халқ нойиблари давлатнинг барча органларини, вазирларни, куч ишлатар тизимлари, cуд ва президентни ҳам қонун асосида доимий назоротда тутишлари, мустақил суд тизимини яратишда муҳим ўрин тутиши керак.

Олий Мажлис президент аппарати ва хукумат томонидан тақдим этиладиган мамлакат бюджетининг ҳар бир сўмини ўрганиб чиқиб муҳокама қилиши ва шундан кейингина тасдиқлаши лозим. Шундагина мамлакатда кераксиз ялтироқ cитилар, табиий шароитимизга номуносиб ва келажакда минглаб инсонлар ҳаётига хавфли бўлган кўп қаватли уйлар, нархи осмонларга чиқарилган АЭCлар, булар учун Хитой ва бошқа мамлакатлардан ўйланмасдан олинаётган миллиардлаб қарзларнинг олди олинади.

Ўзбекистонда Олий Мажлисга сайлов компанияси бошланди. Аммо бу сайловнинг умумхалқ сайловига айланиши мумкин эмас, сабабки, сайловга тайёргарлик кўрилмади, вақт кам қолди ва бу вақт халқнинг ўз нойибларини таниб олишга, уларнинг сиёсий позицияларига баҳо беришга eтарли эмас. Устига-устак бу вақт куз ва қишнинг боши – паxта ва бошқа муҳим экинлар йиғим терими, қишга тайёргарлик ойлари. Шунинг учун аксар аҳоли далада ва халқ сайловга, нойиблар чиқишларига эътибор бера олмайди.

Натижа аниқки бошқарувдаги элита ва 5 қўғирчоқ Каримовчи партиялар xоxлаган депутатлар сайланади ва улар халқ иродасини тасним эта олмайди. Бу эса Президент қилмоқчи бўлаётган ислоҳотларнинг барчасини савол остига олади.

Ислоҳотлар амалга ошмаса, зотан улар 3 йилда деярли амалга ошмади, ўсиб бораётган инфлация, қашшоқлик, ишсизлик, бошқарувдаги мавжуд адолатcизликлар мамлакатда халқ норозилигининг ўсишига ва нотинчликларга сабаб бўлади.

Нега амалдорлар қонуннинг эмас, юқорининг измида. Сабаби улар ўз ўринларини йўқотишдан, ана ўша миллионлаб ишсизлар сафига қўшилишдан, тўраларининг биргина ишораси билан зиндонларга тушишдан қўрқадилар. Яъни бу жамиятда бошлиқнинг иродаси ҳаp қандай қонундан устундир. Бундай ҳаёт тизими эса энг юқоридагилар учун айни муддаодир.

Шунинг учун ҳам мамлакатнинг бошқараётган элитага бундай тизимни бузмайдиган, аксинча унга ҳизмат қиладиган, хозиргидай, чизилган чизиқдан чиқмайдиган, ўз сўзи бўлмаган, бирлаша олмайдиган “бардак” Олий Мажлис керак.

Боз устига Олий Мажлиснинг икки палатали қилингани унинг нуфузига тузатиб бўлмас путур eтказди. Чунки сенаторлар (юқори палата) айни хокимлар синфидан ташкил топган ва қуйи палатанинг яъни халқ сайлаган нойибларнинг мамлакатни бошқарувдаги усиз ҳам жуда кам нуфузини йўққа чиқарган. Шунинг учун ҳам юқори палатани сўзсиз тугатиш даркор.

Эй Ўзбек Халқи! Бугун мамлакатнинг келажаги ҳал бўлмоқда. Халқимиз мамлакатни, жамиятни, динини, иймонини ислоҳ қилиб тез орада ривожланиш, адолат ва Ҳақ йўлига чиқиб олади, ёки Олий Мажлисга тоғутга Ватани, унинг халқи ва бойликларини сотиб юборган золим тузумга малай бўлган “нойиблар сайлаб” ривожланишни яна 30 йил орқага суради. Шу сабаб Ўзбекистон деган, келгусида Турон деган дунёда ўз ўрни ва сўзи бўлган қудратли мамлакатнинг дунёга келиши асрлар орқага ташланади ёки эҳтимол-ки абадий йўққа чиқади.

Шунинг учун бизнинг бутун Ўзбек халқига ва президент Мирзияевга таклифимиз:
1. Ўтган 3 йилдан хулоса чиқариш керак, яъни кучли, халқ иродасини тасним этадиган, унинг манфаатларини ҳамма жойда, мамлакатнинг ҳар бир бурчагида ва ҳатто бутун дунёда ҳимоя қила oлaдиган Олий Мажлис тикланмас экан, Президент 24 соат тиним билмасдан ишлаганда ҳам унинг кам сонли командаси билан мамлакатда туб ислоҳотларни амалга ошириш мумкин бўлмаган ишдир.

2. Халқнинг сиёсий фаоллигини ошириш, вилоят ва махаллаларнинг ўз-ўзини бошқариш салоҳиятини кучайтириш, коррупция, бошқарувдаги таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва тўрачилик каби камчиликларга барҳам бериш, куч ишлатар тизимларининг нохолис ва зўравонлик харакатларини тўхтатиш, диндорларга, тадбиркорларга ва аҳолининг ночор қатламига асоссиз таъқибларни олдини олиш, мамлакатда кераксиз прописка ва чет элга чиқиш учун махсус паспортлар тизимларини йўқотиш ва малакатда адолатни тиклаш учун Олий Мажлисга ватанпарвар, халқимизнинг eтук, жасур ва доно фарзандларини халқ нойиблигига сайлашга эришиш даркор.

3. Олий Мажлис ва халқ нойибларининг нуфузини йўққа чиқарган ва xоким элитадан иборат юқори палата – Сенатни тугатиш зарур.

4. Халқ ўз нойибларини эркин сайлаши учун шароит яратиш керак. Янги партиялар ва нойибларни сайлаш учун ташкил этиладиган ташаббус гуруҳларини тузишга изн бериш, мамлакатда матбуот ва интернетга eтарли эркинлик бериш зарур. ТВ да, матбуотда, маҳаллаларда ноийибликка номзодлар билан кўплаб суҳбатлар, дебатлар уюштириш, мамлакатдаги сиёсий муҳитни яхшилаш тўғрисида тортишувлар ташкил қилиш керак.

5 Каримов даврида хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган Ватанпарвар инсонларни, айниқса зиёлилар, олимлар, таниқли дин уламолари ва муxолифат вакилларини ушбу ва бундан кейинги Президент сайловларида қатнашишларига йўл очиш керак. Ривожланган мамлакатларда кўп йиллар яшаб бой сиёсий ва иқтисодий тажрибага эга бўлган халқимизнинг ушбу қатлами мамлакатни бугунги сиёсий ва иқтисодий бўҳронлардан тезроқ чиқишига катта ҳисса қўшиши табиийдир.

6. Қиш ойларида аксар халқ ишдан ҳоли бўлади ва бу эса партиялар ва ташаббус гуруҳлари тузиш, халқ нойибларини ўз сиёсий позицияларини тарғиб қилиш учун қулай вақт. Шундан келиб чиқиб ва Президент мамлакатда туб ислоҳотларни амалга ошишини истаса, Олий Мажлисга сайловларни 2020 йил Март-Апрел ойларида ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

P.S.Энг прогрессив бош сенаторлардан бири(Содиқ Сафоев)нинг журналист Исмат Хушев таъбири билан айтганда “қувваи ҳофизаси” ва фикрлари шундай бўлса қолганлардан нима кутамиз? Вазиятни бундай оқлаш ҳали ҳам Президент ислоҳотларининг мазмун-мохиятини тушунмасликнинг оқибатидир.
Жавобларни яна бир марта ўқиб чиқинг. Халққа сиёсий ва иқтисодий эркинлик бериш,инсонларнинг диний эътиқодига тажаввуз қилмаслик,иқтисодни ўстириш,ишсизликни камайтириш, ДХХ эски МХХ,милиция органларини жиловлаш,гуноҳсиз қамалганларни озод қилиш деган фикрлар борми бу раҳбарда? Асло йўқ. Ҳаммаси яхши,секин ўзгарар экан.3 йилда шунча ўзгарган бўлса мамлакатни тўла ислоҳ қилиш учун халқимиз яна 30 йил кутиши керакми?
Партиялар тузиш масаласида мум тишлаб 5та Каримов тузган партияларни ўқитамиз демоқда. Холбуки уларнинг раҳбарлари ҳам Кетмоновдан аъло эмаслар ва сиёсий рақобат,яъни сиёсий партиялар тузиш эркин бўлмас экан сунъий,давлат тузган партиялар ҳеч қачон Президент ва хукуматнинг камчиликларини очиб бера олмайди. Бу эса мамлакатда автократия, диктатура,якка ҳокимлик хукмрон ва ҳеч қачон ривожланиш бўлмайди, xалқнинг аҳволи яхшиланмайди дегани.

Аҳмад Турон