O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сайлов яқинлашаётган Ўзбекистонда мустақил партиялар сиқувда

Сайлов яқинлашаётган Ўзбекистонда мустақил партиялар сиқувда
1,122 views
28 May 2021 - 12:13

Мухолифатдаги “Эрк” партияси босим остида ўтган мажлисида санъаткор Жаҳонгир Отажоновнинг номзодини президентликка кўрсатишга қарор берган.
26-май куни Тошкентда ўтказилган фавқулодда қурултойда “Эрк” партиясининг вилоятлардаги фаоллари қатнашгани, ҳукумат томонидан уюштирилган ҳужумларга қарамасдан қурултой ўз ишини уддалагани, партия томонидан президентлик сайловида қатнашувчи номзод тасдиқлангани хабар қилинмоқда.
Аввалроқ “Эрк” Жаҳонгир Отажоновнинг номзоди партия қурултойда кўриб чиқилишини билдирилган эди. Тадбир 26-май куни Жаҳонгир Отажоновга тегишли, пойтахтдаги хонадонда ўтказилган. Шу куни мажлис ўз ишини бошлашидан бироз ўтиб, тўсатдан уйга бир гуруҳ кишилар бостириб кирган, иштирокчиларни ҳақоратлаб, жанжал, тўполон кўтаришган.
“Эрк” партияси тарқатган баёнотга кўра, ташкилий масалани муҳокама қилишга улгурган фаоллар президентлик сайловида Отажоновнинг номзоди олгъа сурилишини бир овоздан қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистон президенти сайловлари шу йил 24-октябрьда ўтади. Мамлакатдаги бошқа сиёсий партиялар сайлов юзасидан ҳозирча сукутда. Бу манзарада Жаҳонгир Отажоновнинг номзоди сиёсий партия томонидан тасдиқланган дастлабки иштирокчи сифатида кўринади.
Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликка кўра, президентликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади. “Эрк” номзоди аввал ҳам президентлик сайловларида қатнашган. 1992-йилда ўтган сайловларда партиянинг амалдаги раиси Муҳаммад Солиҳ марҳум Ислом Каримовга рақиблик қилган эди.
Бу сайловлар ортидан Ўзбекистонда мухолифат фаолларига нисбатан оммавий тазйиқлар бошланди, бир гуруҳи турли айблар билан қамоққа ташланди. Бошқа бир гуруҳ қувгъин қилинди, ўз фаолиятини хориждан давом эттиришга маҳкум қилинди.
Ўзбек мухолифати Каримов ўлими ортидан мамлакатда ўз фаолиятини тиклашга урина бошлар экан, иқтидордаги ҳукумат, амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев хориждаги мухолифат Ўзбекистонда тан олинмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
Сайловда ўз номзоди билан қатнашишга қарор қилган “Эрк” партияси мамлакатда расмий мақомга эгалигини, партия томонидан президентликка номзод қилиб кўрсатилаётган Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистонда яшаб, фаолият юритиб келганини таъкидлайди.
Сайлов яқинлашар экан, мухолифатга, мустақил сиёсий партияларга қарши тазйиқлар жиддий кучайгани кузатилади.
Иқтидордаги ҳукуматнинг рақобатчиси сифатида сиёсий майдонга кириб келаётган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси тазйиқларнинг янги тўлқини ҳақида хабар бермоқда.
Партия лидери профессор Хидирназар Оллоқуловга, партия раҳбариятига босимлар яна кучайган. Партия учун имзо берган фаоллар ички ишлар бошқармасида сўроққа тутилмоқда.
Яқинда партия раиси ўринбосари Маҳмуд Давроновнинг уйига ҳам ички ишлар бошқармасидан сўроққа олиб кетиш учун келишган.
Оллоқуловга кўра, ҳукуматнинг мухолифатга нисбатан тазйиқлари тобора тубанлашиб бормоқда, игъвога, таҳдидга қўл урмоқда.
“Бу каби тубанлик, игъво, ҳужумлар нафақат бизнинг партиямиз тарафдорларига нисбатан, балки сиёсий фаолликка интилаётган бошқа мухолифатчиларга ҳам ишлатилмоқда. Мана, Жаҳонгир Отажоновнинг уйига қилинган ҳужумни ижтимоий тармоқларда ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бунинг ортида ҳукумат тургани ҳеч кимга сир эмас. Айнан иқтидордаги ҳукуматнинг ўзи бутун дунёга ўзбек жамиятини маданиятдан узоқ, ибтидоийликдан чиқмаган бир жамият сифатида кўрсатишга уринмоқда. Маданий, ривожланган давлатларда мухолифатга нисбатан бундай тубан ҳужумлар уюштирилмайди”, – дейди Оллоқулов.
Мухолифатга нисбатан кучайган бу таҳдидлар навбатдаги президентлик сайловларига тайёргарлик бораётган, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЙХҲТ) миссияси вакиллари мамлакатдаги вазият билан танишаётган бир пайтда амалга ошаётгани кузатилади.
Президентлик сайловларида қатнашишга даъвогар бўлган ҳар икки сиёсий партия, “Эрк” ва “Ҳақиқат ва тараққиёт” босим ва таҳдидлар юзасидан сайлов арафасидаги сиёсий вазиятни кузатаётган ЙХҲТ миссияси вакилларига шикоят йўллашган.

Манба: amerikaovozi.com