O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сайлов яқинлашаётган Ўзбекистонда ҳокимият ҳимояси кучайтирилмоқда

Сайлов яқинлашаётган Ўзбекистонда ҳокимият ҳимояси кучайтирилмоқда
833 views
03 July 2021 - 11:13

Ҳокимият вакилига қаршилик қилган шахс уч йилгача қамалиши мумкин.

Ўзбекистонда оммавий тартибсизлик, намойишларга даъват этганлик учун қамоқ жазоси белгиланишидан кўп ўтмай ҳокимият вакилига қаршилик учун ҳам жазо чораси кучайтирилмоқда.

28-июн куни Қонунчилик палатасида ўтган фракция йигъилишида Жиноят кодексининг 219-моддасига ўзгартиришлар киритиш муҳокама қилинган.

Ҳокимият вакилига қаршилик қилганлик учун жарима миқдорини 50 баробардан 100 баробарга кўтариш, озодликдан чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазоларини эса бир йилдан уч йилгача белгилаш таклифи маъқулланган.

Лойиҳа “Миллий тикланиш” фракцияси томонидан тақдим қилинган. Таъкидланишича, ҳокимият вакилига қаршилик учун жазо чораларининг кучайтирилиши давлат идоралари вакиллари ҳимоясини мустаҳкамлайди.

“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров сўнгги пайтда аҳоли ўртасида ҳуқуқ тартибот идоралари вакилларига нисбатан тажовуз кайфияти ортаётгани, кўрсаткичлар ошганини таъкидлаган.

Аввалроқ оммавий тартибсизликларга, намойишларга даъват этганлик учун беш йилгача қамоқ жазосини жорий этиш бўйича қабул қилинган ўзгаришлар ҳам айнан “Миллий тикланиш” партияси томонидан ишлаб чиқилган эди.

Ҳокимият вакилига, ҳуқуқ тартибот идораларига қаршилик кўрсатганлик учун жазо чорасини кучайтирувчи ўзгаришлар ҳозирча фақат фракция йигъилишида маъқулланган. Аммо лойиҳанинг шу тартибда ялпи мажлисда ҳам тасдиқдан ўтиши шубҳа уйгъотаётгани йўқ.

Сўнгги пайтда намойишлар ўтказиш, оммавий тартибсизликларга ижтимоий тармоқларда даъват қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик қилиш бўйича қонунчилик, жазо чоралари жиддий кескинлаштирилгани кузатилмоқда.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари, жумладан, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришларни фуқаролик жамияти ривожига тўсқинлик қилувчи қадамлар сифатида баҳолаган эди.

Маҳаллий фаоллар сўнгги ўзгаришларни мамлакатда кутилаётган президентлик сайловлари билан ҳам богълайди. Айниқса, оммавий намойишлар, ижтимоий тармоқлардаги даъватлар учун жавобгарликнинг кескин кучайтирилгани йигъилиш ва намойиш ўтказишни деярли имконсиз қилган.

“Ҳукумат сайлов арафасида ҳар қандай йигъилишларни тақиқ остига олишни режалаган. Айниқса, гап сиёсий танлов, сайлаш масаласида бўлса. Норозилик намойишлари ўтказиш нари турсин, бир неча киши йигъилиб сайлов ҳақида очиқ гаплашиш ҳам мумкин бўлмай қолди. Сиёсий ҳаракатларнинг бирор тадбир ўтказиш имконияти аввал ҳам тақиқда эди. Ҳозир ҳам бу тақиқ ўзгармади”, – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Тургъунов.

Ўзбекистонда аҳолининг фавқулодда норозилик чиқишлари, йўл тўсишлар истисно қилинса, фуқаролик жамияти томонидан режали намойишлар ўтказиш деярли кузатилмаган.

Бунинг сабаби намойишлар, акциялар ўтказишга рухсат бериш ваколати маҳаллий ҳокимиятларга берилгани, сўнгги пайтга келиб эса, оммавий намойишлар учун жавобгарлик жиноий тус олганига богълиқ кўрилади.

Мамлакатдаги фаоллардан бирига кўра, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сиёсий партиялар тузишга доир уринишлар ҳокимиятнинг жиддий босими остида қолганига қарамасдан, етакчилар бу босимларга қарши норозилик намойишлари ўтказишга жазм қилмаган. Бунинг ортидан тазйиқлар янада кучайиши, янги айбловлар билан юзлашишдан эҳтиёт бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистонда қонуний тарзда норозилик акциялари, намойишлар уюштириш имконияти кескин чекланган. Ташкилотчилар эса бу ҳақда сал кам бир ой олдин маҳаллий ҳокимиятни огоҳлантириши, рухсат олиши зарур.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлардан аҳолининг фавқулодда норозилик акцияларига чиқиши кўпаяётганини кузатиш мумкин. Давлат идораларига нисбатан қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ошгани ҳам эҳтимол билан шу билан богълиқ.

Ўзбекистон парламенти бу вазиятда ҳокимият вакилига нисбатан қаршилик кўрсатганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилишини мақсадга мувофиқ топаётган кўринади.

Малик Мансур

Манба: Amerika ovozi