O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сайлов ҳақида кутилмаган иддао

Сайлов ҳақида кутилмаган иддао
595 views
27 October 2021 - 13:14

27 октябрь куни Эрк партияси таҳририятининг электрон почтасига бир аноним мактуб келиб тушди. Мактубда 24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловлар борасида жуда жиддий иддаолар илгари сурилади. Бу иддаоларнинг қанчалик объектив эканлигига таҳририят кафолат бера олмайди. Шунга қарамасдан бир демократик нашр ўлароқ почтамизга келган мактубни асл ҳолда эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик. Матндаги иддаолар учун Эрк партияси таҳририяти масъул эмас.

“Кечаги президентлик сайлови бўйича муҳим янгиликларни сизга билдириб қўйишни бурчим деб ҳисоблайман. Бу ёзганларимни ЎХҲ ва “Эрк” саҳифаларида эълон қилсангиз, яхши бўлар эди. Зора, халқимиз бу соҳта сайлов ҳақида асл ҳақиқатни билса ва кўзи очилса. Муҳим хабарим сайт ва саҳифаларингизда эълон қилинади, деган умиддаман.
Мирзиёевни ўзбеклар эмас, Путин “сайлади”
Россия президенти Владимир Путин ва Белорус президенти Александр Лукашенко 24 октябрь куни Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайлови натижалари эълон қилинмасдан туриб, Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклашди. Икки диктатор нега шундай қилишди? Ўзбекистондаги қўғирчоғини эртабурундан табриклаш дипломатик протокол ва одобга зид эканлигини, ўтган сайловга ва Мирзиёевнинг ғалабасига шубҳа уйғотишини икки диктатор билмасмиди? Билишар эди, лекин Путин ва Лукашенко шундай йўл тутишга мажбур бўлишди. Сайлов натижалари эълон қилинмасдан туриб, Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклашга уларни нима мажбур қилди?
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидаги танишларим менга муҳим маълумотларни етказишди. Уларнинг билдиришича, сайловга атиги 18,7% сайловчи келгани 24 октябрь куни кечқуруннинг ўзида аниқ бўлган. Тушунтириб айтадиган бўлсам, сайловда овоз берган кишилар сони қонунчиликда белгиланган 33%лик минимумга умуман етиб бормаган. Бу ҳолатга хорижий кузатувчилар ҳам гувоҳ бўлишган. Шундай бўлса ҳам, Марказий сайлов комиссияси ва жойлардаги сайлов комиссиялари барибир овоз бюллетенларини санашга қарор қилишган. Лекин бюллетенлар саналганда уларнинг деярли 95%да барча номзодларнинг устидан чизилгани ойдинлашган. Аслида бундай вазиятда ҳам сайлов қонунчилиги сайловни қайтадан ўтказишни талаб қилади. Лекин шундай бўлса ҳам, Марказий Сайлов комиссияси президент Мирзиёевга вазиятдан чиқиш учун иккинчи тур сайловини ўтказишни таклиф қилган.
Президент Шавкат Мирзиёев учун бу умуман кутилмаган ҳолат бўлган. Чунки Мирзиёев ҳатто сайловга келган ўзбеклар ҳам ҳозирги президентга ишончи йўқлигини қўрқмай билдиришганини ўз кўзи билан кўрган. Мирзиёев бу ҳолатдан шошиб ва иккиланиб қолган. Шунинг учун у 25 октябр куни тушдан кейин ёрдам ва маслаҳат сўраб, Путинга телефон қилган. Телефон суҳбатида Мирзиёев сайловда сайловчиларнинг 33% лик минимуми бажарилмаганига ва сайловга келган 18,7% одам ҳам барча номзодларни рад этганига европалик кузатувчилар ҳам гувоҳ бўлишганини айтган. Шунда Россия президенти Белоруслик ҳамкасби билан Мирзиёевга табрик телеграммасини юборишган. Мирзиёев эса ўз матбуот хизматига бу табриклар ҳақида олдиндан хабар беришни буюрган. Шу билан Путин, Лукашенко ва Мирзиёев аслида ўтмаган президентлик сайловини “ўтди” деб расмийлаштиришган ва сайловнинг қайтадан ўтказилишининг олдини олишган.
Сенатдаги баъзи танишларим яна бир муҳим нарсани айтишмоқда. Путин Мирзиёев билан телефон суҳбатида агар сайловнинг иккинчи тури ўтказиладиган бўлса, нафақат Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Марказий сайлов комиссияси аъзоларини, балки Мирзиёевнинг ўзини ҳам йўқ қилиш билан таҳдид қилган. Шунинг учун эртбурундан жўнатилган ва ўзининг зарарига хизмат қилувчи табрикларни Мирзиёев Путиндан қўрққанидан эълон қилишга мажбур бўлган. Сенатда ишлайдиган танишларимнинг айтишича, Сенат раиси Танзила Норбоева ва унинг ўринбосари Содиқ Сафоев Мирзиёевнинг топшириғига кўра, ўтган сайловлар гўёки қонуний ўтгани ҳақида эрта-индин маҳаллий нашрларга батафсил интервью беришлари кутилмоқда.”
Аноним мактуб