O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Саккизинчи мўжиза

Саккизинчи мўжиза
293 views
23 July 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 184
(давоми)

САККИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қилур:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча аскар билан ғазот сафарига чиқдилар.

Бир манзил йўл юргач, икки тоғ оралиғидаги кенг бир жойга келиб тушдик.

Расулуллоҳ ҳожат қилмоқчи бўлиб, бир томонга қараб юрдилар эрса, идишда сув кўтариб кейинларидан келдим. Ер текис бўлиб, яланглигидан кишига далда бўлғудек бирор нарса у ерда кўринмади.

Сойнинг икки четида бир тупдан иккита дарахт турган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу томондаги бир туп дарахт олдига бордилар эрса, анинг шохидан тутиб:

— Аллоҳ изни билан юргил, — деб етакладилар.

Туя етаклагандек уни ўртага келтирдилар. Яна бирини ҳам шундай қилғондан кейин:

— Худо қудрати билан қўшилинглар, — деганларида, бу икки дарахт бир-бирига чаплашгандек бўлиб қалинлашдилар.

Расулуллоҳнинг одатлари очиқ жойда ҳожат қилмас эдилар. Бу улуғ мўжизани кўриб, Худо қудратига ҳайрон қолиб ўлтирдим.

Кейин қарасам, Расулуллоҳ ҳожатдан бўшанмиш эдилар, у икки дарахт ҳам бир-биридан ажралмиш. Муборак бошлари билан ўнг ва сўл ёққа имо қилдилар эрса, ҳар қайсиси ўз жойига бориб ўрнашди».

(давоми бор)