O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Самарқанд

Самарқанд
349 views
14 December 2016 - 7:00

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(9)

1
Самарқанд

Самарқандга поезд паттасини ажойиб драмали ҳолда харид этиб, кеч соат 8 да хат ташувчи поездда сафарга равона бўлдим. 

Эртасига Ховосга етиб келдик. 

Бир ошхонанинг хўжайини гуручни 20 рублга сотиб олди. 

Ховос маънавий қаҳатчиликка учраган эди. Коммунистлар деҳқонларнинг барча озиқ-овқат маҳсулотларини тортиб олган эдилар.

Кечки поездда яна Самарқандга отландим. Ошхона хўжайини самарқандликлар либосини кийишни маслаҳат берганди. Шунинг учун бир узун самарқандий тўн сотиб олдим, уни кийиб самарқандлик ўзбек шаклига кирдим.

Самарқандга етиб, “Тилла Қори” мадрасасида истиқомат қилдим. Эртасига қори Абдулмаликнинг танишини ахтара бошладим. 

Ахири топдим, у мени Самарқанддан икки ярим фарсах узоқликдаги, “Майман” қишлоғига олиб борди. Бу ерда “Бухорий” номи билан машҳур бир олим бор экан. Беҳад зеҳнлик, сермулоҳаза ва андишалик бўлиб оммаи-хоснинг суянчиғи ҳисобланар эканлар. 

Қори Абдумалик у кишига бир хат берган эди, уни тақдим қилдим. Хатни олишдан олдин: ”Мен ҳеч ким билан махфий сирдошлик ва ҳеч кимдан хат олмасликка қарор қилганман” — дедилар.

Шунга қарамасдан, бизни ниҳоятда меҳрибонлик билан қаршилаб ўз қўллари билан чой қайнатиб ичирдилар.

Мен:“Қори Усмон Олмос сизга салом йўлладилар”—деб саломларини йўлладим. Узоқ вақт “алайҳиссалом, алайҳиссалом”— деб алик олиб турдилар. Сўнгра “Олмос дурустми? — дедилар.

“Яхши, дуруст”—дея жавоб қилдим.

Энди қаерга бормоқчисиз?

Бухоро ёки Шаҳрисабзга

Шаҳрисабзга кимнинг олдига борасиз?

У ерда тоғам яшайдилар — деб исмларини ҳам айтдим.

Билсам, домла Бухорий Муҳйиддин тоғамнинг шогирди эканлар.

Домла Бухорий жуда хурсанд бўлдилар. Суҳбатимиз қизиб кетди. 

Бухорий домла: “Мусулмонларга синалиш вақти келди, ким софдилу ростгўй, ким мунофиқу бебурд ҳаммаси алоҳида алоҳида бўлиб ажрайди” — дедилар. 

Домла ҳафтада бир кун тафсир-ҳадисдан дарс берар эдилар. Бу дарсга одамлар узоқ-яқиндан ўз жонларини хатарга қўйиб келишарди.

Қишлоқдан озгина узоқликда машҳур “Тахта Қорача” тоғлари бошланар, у тоғларда мужоҳидларнинг қароргоҳи жойлашган эди.

Улар кунора тоғдан тушиб қўққисдан коммунистларга ҳужум қилишардида, озгина уруш майдонини қизитиб тезда ғойиб бўлишарди. 

Домла Бухорий ҳам мужоҳидларни тарбия этар, ҳам коммунистларнинг бўҳтонларига жавоб берардилар.

Бир кун менга:

“Биз Туркистон мусулмонлари куфрони неъматга мубталомиз, хусусан ҳазрат уламоларимиз инқилоб сели қўзғалишига қарамасдан ухлаб ётишди, қачонки сел масжид, мадраса, хонақоҳлардан ошиб кирганда қўққисдан уйғониб кетишди. Энди бу ғафлати азим бўлмиш гуноҳнинг каффорати ўз жонларини қурбон қилишдан бошқа нарса билан ювилмайди!” — дея ҳасрат қилдилар.

(Давоми бор)