Тўрт учрашувда мағлуб бўлган бўлсангиз ҳам, миллионлаб мухлислар кетишингизни талаб қилиб ётса ҳам, сиз кетмаяпсиз.
Бу ҳам етмаганидек, бир-бирингизни ота-боладек қўллаяпсиз. Буни кўриб, ҳатто: “Булар – икки жисмдаги бир одам!” – деган фикрга боряпман.
Эй, барака топгурлар, тезроқ Ўзбекистон футбол федерациясидан ва миллий терма жамоасидан кетинглар! Сизларнинг кетишингиз, шу соҳадаги ишларнинг ривожланишини бошлаб беради.
Ривожланиш йўлида тўсиқ бўлаётганингизни биласизми ўзи?
Футболимизни ва термамизни ботқоққа ботириб бўлдингиз. Энди чўктиришни ният қиляпсиз, шекилли, ҳеч кетмаяпсиз.
Футболимизни ва термамизни сиз ботирган балчиқдан чиқишини истаётган миллионлаб одамлар сизларга қарата: “Кет!” – деб ётгандан кейин, кетинглар-да энди!
Ўжарлик ила кетмаётганингизни кўриб, халқимизнинг: “Ёмон қўшнидан кўчиб қутуласан, ёмон хотиндан ўлиб қутуласан!”, – деган нақли эсимга тушмоқда.
Рамазон ойида ҳеч ким ўзига ҳам, сизга ўлим тиламайди. Шундай экан, шу муқаддас ойда сиз ҳам халқнинг илтижоларини инобатга олинг-да, кетинг!
Бобомурод АБДУЛЛА
17.06.2017