Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўнлаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари норозилик акциясига қўл уришган.
“Регнум” ахборот агентлигининг ёзишича, Россияда қонуний мавқеъда бўлган ва барчаси фаррошлик билан шуғулланган меҳнат муҳожирлари шу йўл билан икки ойдан буён ололмаётган ойлик маошларини ундириб олиш ниятидалар.
Агар агентлик мулозимларидан келтирган иқтибосларига қаралса, улар норозилик акциясини уюштиришда кўмак беришларини сўраб, шаҳардаги минтақалараро касаба уюшмаларига ҳам мурожаат этишган.
Акция иштирокчилари орасида эркаклардан ташқари, аёлларнинг борликлари, норози муҳожирлардан айримларининг оилалари билан Санкт-Петербургда умргўзаронлик қилишлари айтилади.
Касаба уюшмалари масъулларининг билдиришларича, бу – Санкт-Петербургда четдан келган фаррош-муҳожирларнинг илк бор иш ташлашлари эмас.
Аммо, уларга кўра, бу каби норозилик акциялари, одатда, уларнинг раҳбарлари томонидан муҳожирларни Федерал Миграция Хизмати бошқармасига топшириб юбориш таҳдиди билан якунланади.
Санкт-Петербургда сонлари 8.000 нафар экани айтилувчи муҳожир-фаррошларнинг ойлик маошлари эса, қоғозда 10.000 рублни ташкил этаркан.
Чуқур илдиз отган муаммо
Биз билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг айтишича, Россиядаги марказий осиёлик тақдирдошларининг камида 40-50 фоизи ўз ойлик маошларини ололмай ҳалак:
Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, энг аввало шахсий юмушларда банд меҳнат муҳожирлари бу каби муаммога тўқнаш келадилар.
“Ўртадаги алдамчи воситачилар ёки буюртмачиларнинг қўлларига тушиб қолишади. Ишни ўз вақтида бажаришадию, орада қандайдир баҳоналар билан пуллари берилмай қолган ҳоллар кўп бўлади”, дейди у.
Суҳбатдошимизга кўра, улардан кейин йирик қурилиш объектларида ишлаётган меҳнат муҳожирлари бу каби муаммодан азоб чекишади.
“Бино ўз вақтида қуриб, битказилмаганидан кейин, улар банкдан кредит олишолмайди ёки бўлмаса, иш тугалланган пайт қурилишни топшира олишмайди. Натижада, бундан барча бирдек жабр кўради”, дейди у.
Ўз ўрнида, суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистонда одам савдосига қарши олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг таъсири анча сезиларли бўлган.
“Аввал қишлоқдагилар ўзларининг қариндошларини олиб бориб сотарди, ўртада воситачилик қиларди ёки одам савдоси билан шуғулланарди. Давлат бу каби ҳолатларга бироз аралашгандан кейин, меҳнат муҳожирларининг ўз ҳақларини ололмасликлари ҳоллари оз бўлса-да камайди”.
Унга кўра, шунгай қарамай, айни муаммо ҳануз барҳам топмаган ва бу иш билан аксаран рус ширкатлари шуғулланишади.
Суҳбатдошимизнинг наздида Ўзбекистон ҳукумати, дейлик, Туркия ёки Қирғизистон каби Россия томони билан шартнома тузмагани боис, фуқаролари шу каби муаммоларга тўқнаш келишмоқда.
‘Кўчада қоласиз’
Бир неча йилдан буён Россияда меҳнат муҳожирлигида банд суҳбатдошимизнинг айтишича, ўз меҳнат ҳақларини ололмагандан кейин, улар кўчада қолишади, оч-наҳор ҳаёт кечиришларига тўғри келади.
“Қочиб юриш, ертўлаларда ҳаёт кечиришингизга тўғри келади. Агар ҳужжатингизни йўқотсангиз, Россиядан депортация этиласиз”, дейди у.
Россиядаги фаол Баҳром Ҳамроевнинг биз билан суҳбатида айтишича, айнан ноқонуний мавқеъда эканликлари сабаб, энг кўп Ўзбекистон фуқаролари алданиб қолишади.
“Уч ойга рўйхатдан ўтилади. Уч ойдан кейин у Ўзбекистонга чиқиб кетолмайди. Чипталар жуда қиммат ёки дурустроқ ишга жойлашмаган бўлади. Шундан кейин бу каби муаммоларга дуч келади. Чунки лозим шартномалар тузмасдан, ишга киришга мажбур бўлишлари – алданиб қолишлари учун қулай имконият яратади”, дейди у.
Фаолга кўра, ҳукуматлари бу меҳнат муҳожирларининг муаммоларини ўзининг, халқининг, давлатининг муаммоси деб билмас экан, унинг олдини ололмайди.
“Энг биринчи навбатда Россияга ишлаш учун келаётган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари ҳар икки давлат томонидан қаттиқ ҳимоя остига олинмаса, бу ҳол давом этаверади. Бу муаммони Россиянинг бир ўзи ечолмайди. Ўзбекистон ҳукумати бўладими ёки Тожикистон, ўз фуқаролари манфаатлари, ҳуқуқларини ҳимоя этувчи йирик шартномалар тузиши керак. Ҳатто, икки давлат орасида махсус вазирлик ташкил этилиши лозим”, дейди Россияда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол.