O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Санкт-Петербург кўчалари биридан топилган 5 ёшли қизча Ўзбекистонлик бўлиб чиқди

Санкт-Петербург кўчалари биридан топилган 5 ёшли қизча Ўзбекистонлик бўлиб чиқди
161 views
14 May 2014 - 14:03

потеряшкаЖорий йилнинг 15 март куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Красногвардейский туманида ташқи кўриниши шарқона бўлган 5 ёшли қизча топилгани ва шаҳар милиция ҳодимлари унинг онасини излашаётгани тўғрисида Россия ОАВ хабар берганди.

Россия ИИВ Шаҳар бошқармаси маълумотига кўра қизчани йўловчилар пайқаб қолишган ва милицияга хабар беришган.

Берилган хабарларда қизчанинг исми Хурсият ва рус тилини яхши гапира олмаслиги ҳамда онасининг исми Замира эканлигидан бошқа ота-онаси ҳақида ҳеч нарса билмаслиги айтилганди.

1 апрель куни Россиянинг 100ТВ телеканали қизчанинг соғ-саломат эканлиги ва ота-онаси қидирилаётгани тўғрисида хабар берди.

4 апрель куни эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қизчанинг онаси Пушкин кўчасида яшаган Зарипова Замира Ахадовна эканлиги тахмин қилинаётгани, бироқ аёл билан боғланишнинг иложи бўлмаётгани тўғрисида хабар берилди.

13 майга келиб “БалтИнфо” нашрининг ёзишича қизчанинг асли Ўзбекистонлик экани ва яқин орада Ўзбекистонга депортация қилиниши маълум бўлган.

Петербургнинг ижтимоий сиёсат бўйича Қўмитаси раиси Елена Фидрикованинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ижтимоий муҳофаза органларига қизчанинг ота-онаси тўғрисида сўровнома юборишган, бироқ ҳозирча жавоб келмаган.

Ҳозирда қизча 1 апрелдан бери қолаётган “Транзит” меҳрибонлик уйи директори Марина Рябконинг қайд қилишича, қизчанинг онаси кимлиги ва қаерда яшаганлиги маълум.

“Биз қизча онасининг асли Ўзбекистонлик эканини биламиз, бироқ у яшириниб юрибди. Шу сабабли ҳам ҳозирда қизчанинг қариндошларини қидириш билан Ўзбекистон томони шуғулланишмоқда”, – дейди Рябко.

Унинг таъкидлашича аёлнинг фуқаролиги тўғрисидаги маълумот милиция томонидан олиб борилган тезкор қидирув фаолияти натижасида аниқланган.

ЎХҲ ахборот бўлими