O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Саройдан чақириқ

Саройдан чақириқ
295 views
05 September 2016 - 5:36

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(76)

САРОЙДАН ЧАҚИРИҚ

Демократик  Кучлар  Форумининг  биринчи  мажлисида тўпланган одам сони, балки, элликдан ошмасди. Аммо бу йиғилиш ҳукуматга  чинакам  қўрқув  уйғотди.  Чунки,  бу  анжуман  нафақат «Эрк»  ва  «Бирлик»ни  жипслаштирганди,  балки  Олий  Кенгашдаги мухолиф  гуруҳнинг  етакчи  шахсларини  ҳам  бир  йўналишга солганди.  Қолаверса,  Форумнинг  илк мажлисидан кейин унга майл билдирганлар бошқа ижтимоий гуруҳлар ичида сурат-ла кўпая ҳам бошлаганди. «Эрк» партияси қароргоҳи май ойининг бошида худди 91 – йил  сайлов пайтидаги каби, балки, ундан ҳам гавжумроқ эди.

Форумнинг  Иккинчи  Мажлиси  10  майга  белгиланганди. Апрел  ойининг  охирида  Саройдан  телефон  келди.  Бугун  кечқурун бир  жойга  кетмаяпсизми,  деб  сўради  Президентнинг  рус ёрдамчиси.  Йўқ,  дедим.  Ислом  Абдуғуниевич  сизни  соат  олти яримда чойга таклиф қилаяпти, кутамиз, деди ёрдамчи. Кечқурун  вақтида  бордим.  Олтинчи  қаватда  одам  кам  эди.

Қабулхонада  бир  аёл  кўринди  ва  президент  доим  ёнидан айирмайдиган  ёрдамчиси  Зелимхон  ўша  ерда  эди.  Каримов кабинетга  таклиф  қилмади,  тўғри  емакхонага  бошлади.  Кайфияти яхши эди.

– Зелимхоннинг  ошидан бир ейлик,  – деди кулиб.

Емакхонада  катта  столда  катта  дастурхон  ёзилганди,  аммо атрофида биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Сиз билан муҳим гапимиз бор,  деди  Президент.  Дўстингиз  Омон  Матжонни  ҳам чақирайликми?, – деб сўради. Чақиринг, муҳим гап бўлса гувоҳлик қилар, – дедим ва кулдим. Омон Матжон келди, у саройда маданият бўлимидами ишларди. Президент Зелимхонга кетишга рухсат берди, бизга Омонжон етади, сиз озодсиз, деди.

Зиёфат  тўрт ярим соат давом этди. Мен Ўзбекистон ҳақида ўйлаганларимни,  ҳукуматга  бўлган  танқидий  қарашларимни  очиқ, яширмасдан ўртага тўкдим. Каримов энг аччиқ гапларни ҳам сабр билан  тинглади.  Бўлмаса,  сизлар  ҳам  юкнинг  бир  тарафини кўтаринглар, четдан танқид қилиш осон, деди у. Сиз ҳам ҳукуматга киринг.  Шу  таклифни  айтиш  учун  сизни  чақиргандим.  Ҳозир столимда  иккита  фармон  ётибди, қайсинисини танласангиз ўшанга имзо  чекаман.  Хоҳлаган  лавозимингизни  олинг.  Бундан  ташқари партиянгиздан  яна  7-8  кишини  ҳукумат  таркибига  киритишимиз мумкин. Ўзингиз, мустақиллик бўлса бас, келишиб ватанга хизмат қиламиз  дегандингиз,  мана  хизмат  қилиш  пайти  келди.  Сиздан битта  илтимос,  шу  Форумнинг  иккинчи  мажлисини  чақирманг, деди сўзининг охирида президент.

Муддао  аниқ  бўлганди.  Форумни  тарқатиб  юбориш  эвазига «Эрк»  партиясига  ҳукуматдан  бир  парча  ўрин  таклиф қилинаётганди.  Мен  президентга  миннатдорчилик  билдирдим.

ммо  Форумни  ҳеч  қачон  тарқатмаяжагимни,  қолаверса  буни қилиш  менинг қўлимдан келмаяжагини айтдим.

–  Аксинча,  сиз  Форум  мажлисига  келиб  мухолифат  олдида гапиринг.  Унинг  дардларини  тингланг.  Ватан  манфаатлари  учун бирга  ишлаймиз,  денг.  Биз  конструктив  мухолифат  бўлайлик,  сиз конструктив  ҳукумат  бўлинг.  Мухолифат  билан  расмий  диолог қилинг.

–  Мен  сиз  билан  диолог  қилишим  мумкин,  телевизорга чиқайлик,  майли,  аммо у айтганингиз бўлмайди, – деди Каримов.

– Агар сиз мухолифат олдида чиқиб, мамлакат масалаларини тилга  олсангиз,  бу  биринчидан  сизнинг  обрўнгизни  оширади,  Ғарб давлатлари  сизни  демократ  лидер  сифатида  таний  бошлайди, инвестиция  шундан кейин бўлади, ёрдам шундан кейин келади, энг муҳими,  ўлкамизда  мухолифат-ҳукумат  ғавғоси  фойдали ҳамкорликка айланади, барқарорлик мустаҳкамланади, – дедим.

Мен бу гапларни мутлақо дўстона ва самимий айтаётгандим. Каримовнинг  бизга  ўтказаётган  тазйиқ-таъқибларини  унутгандим. Кўнглимда  зарра  қадар  кин  йўқди,  умумаҳволни  тузатиш  имкони пайдо бўлганди, бу имконни  йўқотмаслик учун чирпинардим. Президентнинг  хаёли бошқа ёқда эди.

– Шу ердан икки фармоннинг биттасига қўл қўймасдан чиқиб кетмаймиз,  тўғрими,  Омонжон,  айтинг  дўстингизга!,  –  деди чапанилик  билан у.

– Тўғри, тўғри, – деди Омон Матжон.

–  Формунинг  мажлиси  чақирилди,  уни  тўхтатиш  ҳақида  гап ҳам бўлиши мумкин эмас, мени кечирасиз,- дедим.

–  Майли,  Форумингизни  ўзингиз  биласиз,  фақат  менинг таклифимни  шу ерда ҳал қилийлик,  – деди Президент.

–  Партияларнинг  бир-бири  билан  ҳамкорликда  коалиция тузиши, ҳукуматга ўртоқ бўлиши Ғарб давлатларида нормал нарса, аммо  бизда демократик система йўқлиги учун ҳамма нарса битта одам  иродасига  боғлиқ  бўлиб  қолади,  бу  ҳам  кадрлар  сиёсатида истиқрорсизлик  яратади,  бир  баҳона  топиб,  ҳукуматдан қувмаслигингизга ҳеч ким кафолат беролмайди, – дедим мен, – сиз импулсив  одамсиз, Ислом ака, кайфиятингиз ўзгариб туради…

– Нима, мени… деб ўйлаяпсизми?, – деди чапаначи жаргонда Каримов.

– Ҳеч ундай деб ўйлаётганим йўқ, – дедим мен.

–  Бўлмаса,  илтимос,  менинг  сўзимга  ишонинг,  –  деди суҳбатдошим.

Зелимхоннинг  оши  яхши  бўлган  экан,  аммо  суҳбат  қизғин бўлганидан, таом ейилмади. У пайтда чекардим, суҳбат қизиганда сигаретсиз яшай олмасдим, менинг иккита ҳамроҳим чекмасдилар, сабр билан тутун ютиб ўтиришди. Президентнинг таклифини қабул қилмасликка қатъий қарорли эдим, аммо айни пайтда бир одамнинг таклифини  юзига  қайтариб  урмаслик ҳам керак эди. Президент бу таклифини  саҳоват  деб  биларди.  Унинг  нафсониятини оғритмайдиган ўрта йўл ахтарардим.

Соат  ўн  яримларда  ўрнимиздан  турдик.  Президент  столдан айланиб ёнимга келди.

–  Хўп,  оғайнилар  нима  қилдик,  бўлмаса?,  –  деди  у  ва қўлимдан  тутди,  –  ҳали  айтганим  гап-гап,  ҳозир  шу  ердан  менинг кабинетимга  кирамиз,  фармонлардан  бирини  тасдиқлаймиз, бўлмаса юбормайман…

Президент бироз ширакайф бўлса-да қарорида қатъий эди.

–  Менинг  бир  фикрим  бор,  –  дедим  унга,  –  бизга  ҳукуматни эмас,  Олий  Кенгашни  беринг.  Мен раисликка номзодимни қўяман, сиз қаршилик қилмасангиз бўлди, биз ютиб чиқамиз. Ютиб чиқсак, уч  ой  раислик  қилиб,  кейин  кетаман.  Шу  уч  ой  ичида  ўзимиз истаган  Конституцияни  қабул  қиламиз.  Кўрасиз,  бу  ҳужжат  сизга ҳам  маъқул  бўлади.  Ҳужжат  қабул  қилингандан сўнг, мана, эркак сўзи,  раисликдан  истеъфо  қиламан,  яна  мухолифатга  қайтаман. Бизга  соғлом ҳукумат ва соғлом парламент қанчалик зарур бўлса, соғлом  мухолифат  шу  қадар  зарур.  Шунинг  учун  ҳам  сизнинг ҳукуматга  кириш  таклифингизни  қабул  қилолмайман,  узр.  Лекин Олий Кенгашда вақтинча, умум манфаат учун фаолият кўрсатишим мумкин.  Аммо  бу  ҳам  Форумнинг  тўпланиш  тўпланмаслигига алоқаси бўлмаслиги керак, – дедим. Президент четга қаради. Таклиф маъқул бўлмагани кўриниб турарди.

–  Мана,  сизга  сўз  бераман,  янги  йил  вақтидан  олдин  сайлов қиламиз, сиз Олий Кенгаш раиси бўласиз, – деди президент, – аммо менинг таклифимни  яхшилаб ўйланг…

– Янаги йилгача Худо раззоқ, – дедим.

Президентга  дастурхони  учун  миннатдорчилик  билдириб, хайр-маъзур қилдик. Йўлда Омон Матжондан узун-узун танқидлар эшитишга тўғри келди. Президент билан учрашувдан бир-неча кун сўнгра  ҳукумат  газетасида  «ГКЧПдан  чиққан  қаҳрамон»  деган мақола  чоп  этилди.  Мақолада  собиқ  витсе-президент  Шукрулло Мирсаидов  танқид  қилинарди.  Унинг  Демократик  Кучлар Форумига  нима  алоқаси  бор,  у  ГКЧПни  қўллаган  эди-ку, дейиларди  мақолада.  Яна  «Форумга  ГКЧП  байроғи  (Мирсаидов) нега  керак  бўлиб  қолди?  Собиқ  витсе-президентнинг  савлати керакми ёки давлати?,» дея хитоб қиларди мақола. Бу билан яқинда ташкил  қилинган  Форумни  моддий  жиҳатдан қўллаётган одамнинг витсе-президент  эканини  айтиб,  айни  пайтда  «Эрк»  партияси  ҳам шундай  қоронғу  ишлар  билан  (маблағ)  боғланган  деган  таассурот уйғотмоқчи бўларди.

Мақола  Форумнинг иккинчи мажлисига келаётган одамларга бир  огоҳлантириш  эди.  Бу  мажлисга  келганларнинг  ҳаммаси Шукрулло  Мирсаидовга  ўхшаб  матбуотда  шарманда  қилинади, эҳтиёт бўлинг деяётганди ҳукумат.

Аммо  одамлар  эҳтиёт  бўлмади.  Форумнинг  иккинчи мажлисига аввалгидан кўра уч баравар кўп одам келди.

Улар  «Эрк»  залига  сиғмади,  мажлисни  бино  орқасидаги ҳовлида ўтказдик. 1999 йилда, бу сатрларни ёзаётганда, етти ярим йил  аввал  ўша  мажлисдан  олинган  суратларга  боқдим.  Форум Ҳайъатида  Олий  Кенгаш  депутати, шоир Эркин Воҳидов ва шоира Гулчеҳра  Нуруллаева  ўтиришибди.  Ёнларида  қувноқ  Аҳмад Аъзам…

Ҳамма  бир  янгиланиш  бўсағасида  тургандай  ҳис  қиларди ўзини. Аммо бу янгиланиш бўсағаси эмас эди. Ҳукумат Форумнинг тўпланишига  қонуний  ҳеч  қандай  чора  кўролмасди,  аммо  тазйиқ ўтказиш  учун  партия  биноси  яқинларида  аскарий  араваларда  ўқ ўтмас  жилет  кийган  ОМОНчиларни  қаторлаштириб  қўйганди.

Спорт  кийимини  кийган  олифта  айғоқчилар  бутун  бино қаватларига  кириб-чиқиб,  одамнинг  асабига  тегаётганди.  Аммо Форум  мажлиси  жанжал-ғавғосиз  тугади.  У  ерда  шу  нутқни ўқигандим:

«Ўзбекистондаги  мухолифатнинг  кейинги  уч  йил  ичидаги тарихига  назар  ташласак,  ажиб  бир  турғунликни  кўрамиз.  Уч  йил ичида совет империяси йўқ бўлди, жумҳуриятлар мустақил давлат деб, тан олинди, собиқ Иттифоқ ҳуқудида мутлақо янги геополитик вазият  вужудга  келди,  ГКЧПни  бошдан  кечирдик,  биринчи  марта Президентни сайладик, аммо мухолифатнинг талаблари ўзгармади.

Биз  уч  йил  олдин  сиёсий  ва  иқтисодий  ислоҳотлар  талаб  қилиб чиққан  эдик,  бугун  ҳам  худди  шу  талаблар  билан  чиқаяпмиз  Биз талаб  қилишдан  чарчамадик,  ҳукумат  «ўз  йўли»дан  юришдан чарчамади.  Биз  «ҳурматли  ҳукумат,  ҳозир  айни  пайти,  ислоҳотни бошланг,  бундай  сиёсий  мўътадиллик  абадий  эмас,  бу осойишталикдан  фойдаланинг,»  дея  мурожаат  этдик,  ҳеч  ким эшитмади.  Ҳа,  биз  ҳар  доим сиёсий барқарорлик ҳақида гапирдик, тепага  ёқиш  учун  эмас, миллатимизни ўйлаб, қон тўкилмасин, дея гапирдик.  Биз  бу  ҳақда  шу  қадар  кўп  сайрадик-ки, «барқарорлик» сўзининг сийқаси чиқиб кетди ва бу сўзни айтаётган киши ҳам, уни эшитаётган одам ҳам беихтиёр эснаб қўядиган бўлди.

Вазиятнинг  породаксал  томони  шундаки,  сиёсий барқарорликни  сақлаш  учун  митингларни  таъқиқлаб,  одамларни калтаклашаяпти,  сиёсий  партияларни  таъқиб  қилиб,  уларга  сўз бермаяптилар  ва  айнан  шу  сабаб  барқарорлик  хавф  остида қолмоқда.  Буниў  ҳукумат  тушунмайдими,  дея  савол  бермоқдалар одамлар.  Яъни,  барқарорликни  чиппакка  чиқараётганлар  ҳоким  ва ҳокимчалардир, асло мухолифат эмас, деган мантиқ чиқади бундан.

Аксинча,  барқарорлик  учун  изчил  курашаётган  куч  – мухолифатдир.  Бундай  феноменал  ҳодисани  бугун  фақат Ўзбекистонда кўриш мумкин.

Бугун  энди  ҳеч  ким  сиёсий  барқарорликнинг  ўзигина  бизни мавжуд  бўҳрондан  олиб  чиқишига  ишонмайди.  Чунки,  бу барқарорлик  ислоҳлар  учун  эмас,  мансаблар  умрини  чўзиш  учун хизмат  қилди,  холос.  Чунки,  бу  осойишталик  халқнинг  тобора қашшоқланишига,  инсоний  ҳақ-ҳуқуқларнинг  янада  шафқатсизроқ топталишига хизмат қилди.

Бу  осойишталик  порахўрликнинг  ошкора  авж  олишига, жиноятчиликнинг  мислсиз  даражада  кучайишига  ниқоб  бўлди, холос.  Вилоятларда  яшаётган  одамлар  ҳаётини  кўрган ҳар қандай киши  даҳшатга  тушади.  Улар  нафақат  қашшоқ  ва  юпун,  балки, ҳуқуқсиз  ва  ҳимоясиздирлар  ҳам.  Нафақат  қадрсиз  меҳнатдан, балки,  ўзининг  мазмунсиз  ҳаётидан  ҳам  чарчаганлар.  Ва  энг қўрқинчлиси,  уларнинг  йўқотадиган  ҳеч  нарсаси  йўқ.  Шу  кунгача эришган  барқарорлигимиз  ўша  одамларнинг  сабр-тоқатига қурилган  эди,  энди  бу  сабр-тоқат  ҳам  тугаётганга  ўхшайди. Худо сақласин, биз худди инқилоб  бўсағасида турганга ўхшаймиз.

Сотсиологларнинг  фикрича,  ҳар  хил  инқилобларнинг сабаблари  доим  бир  хил  бўлган.  Биринчи  сабаб  сифатида  улар аҳолининг  қашшоқлиги  ва  очлигини  кўрсатадилар.  Иккинчи  сабаб –  хусусий  мулк  туйғусининг  йўқ  қилиниши.  Учунчи  сабаб  –  ўз-ўзини  ҳимоя  қилиш  инстинктининг  ўлдирилиши.  Тўртинчи  сабаб  – жинсий  инстинктларнинг  бузулиши,  ахлоқий  тубанликка  қарши исён.  Бешинчи  сабаб  –  инсондаги  эрк  ва  озодлик  туйғуларининг қатағон  қилиниши.  Олтинчи  сабаб  –  инсондаги  қобилиятларнинг ўзига лойиқ жабҳа билан таъминланмаганидир.

Бу  санаб  ўтилган  ҳолатларнинг  олтитаси  ҳам  Ўзбекистон ижтимоий  ҳаётида  тобора  бўртиб  кўрина  бошлади.  Бунга мисолларни  юқорида  айтдим.  Бу  кайфиятнинг  кичкина  учқуни сифатида  яна  бир  мисол  келтираман.  Яқинда  вилоятларнинг биридан  дўстимиз  келди,  демократик  қарашдаги,  зиёли  одам.

Табиати  юмшоқ,  ҳеч  қачон  бировга  озор  бермаган  киши. Вилоятлардаги  аҳвол  тўғрисида  қаттиқ  куюниб гапирди. Сўзининг охирида  «Бу  раҳбарлар  ҳеч  қачон  бизни  тушунмайдилар,  булар демократия  деган  сўзнинг  устидан  очиқчасига  кулади  ва  ҳар қандай  ҳур  фикрни  бўғиб,  бундан  ошкор  лаззатланади.  Буларнинг зўравонлигига  фақат  зўравонлик  билан  жавоб  бериш  мумкин. Демократия  ҳақидаги  сафсатани  бас  қилиш  пайти  келди,  чунки, демократия  бизда  йўқ  ва  биз  агар  шундай  юраверсак,  бўлмайди ҳам.  Демократия  учун  азият  чекишга  тўғри  келади.  Бизни калтакласалар, биз ҳам жавоб беришимиз керак. Бизни отсалар, биз ҳам қуролланишимиз шарт,» деди у. Мен, тўғриси, шошиб қолдим.

Бундай  «экстремистик»  фикрни  ҳар  кимдан  кутиш  мумкин  эди, аммо  ундан  эмас.  Бу  фикрга  шундай  беозор  одам  келган  экан, ғазабга  тўлган  оломон  нимани  ўйлайди?  Бундай  кайфиятда юрган одамлар сони бугун қанча? Эртага қанча бўлади? Биз  мустақилликни  тинч  йўл  билан  қўлга  киритганмиздан бахтли  бўлган  эдик.  Биз  ўқ  узмай,  қон  тўкмасдан  туриб байроғимизни  тиклаганимиздан,  ўзимизни  тарихда  энг  омадли миллат, дея санай бошлаган эдик, чунки, ҳеч қачон ҳеч бир миллат ўз  эркига  биз  қадар  енгил  эришмаган  эди.  Биз  бу  озодликка мўъжизага  қараган  каби  боқдик.  Лекин  тарихда  мўъжизалар бўлмайди. Буни ўша вилоятдан келган аламзада дўстимнинг аччиқ иқроридан  туйдим.

Биз  рус  империяси  қуллигидан  озод  бўлдик,  энди  ўз ичимиздаги  қулликдан  озод  бўлишимиз  керак.  Эҳтимол,  бу қулликдан  қутилиш бошқа халқ зулмидан қутулишдан ҳам оғирроқ бўлар.  Тасаввур  қилинг,  биз,  миллиятчи  демократлар,  бир  йил олдин  Иттифоқдан  чиқишни  очиқ  тарғиб  этдик,  ГКЧПга  қарши қатъий  муносабатимизни  айтдик,  аммо  бирор  марта  ҳам  бизда мустамлакачиларга  қарши  қурол  кўтариш  фикри  пайдо  бўлгани йўқ  эди.  Бирор  марта  зўрликка  зўрлик  билан  жавоб  бериш  зарур, деган  хулосага  келганимиз  йўқ  эди.  Бугун  шу  хулосага  келаётган одамлар  пайдо  бўлмоқда.  Мустамлакачиларга  қарши  эмас,  ўз юртимизнинг  ҳокимчаларига  қарши  шундай  кайфият  юз кўрсатмоқда.  Бу  хатарли  бир  мужда,  хавфли  бир  белгидир. Инсонларни  бу  йўлга  юришга  ажбур  қилаётган  сиёсат  эса, аксилмиллий  ва фитнакор сиёсатдир.

Бугун  қуруқ  ваъдалардан  чарчаган қулоқларга зўравонликка даъват  –  нажот  чақириғи  бўлиб  эшитилмоқда.  «Бошқа  йўл  йўқ, қўлингга  қурол  ло!»  дея  шипшимоқда  шайтон.  Мантиқ  шундай: демократия ҳақида қўлида қуроли бўлмаган одамларгина гапиради.

Бу  мантиққа  мисоллар  кўп.  Генераллар  ҳеч  қачон  демократия ҳақида  гапирмайдилар.  Қуролланган  рэкетчилар  ҳам  бу  борада сафсата сотмайди. Қорабоғда ҳам, Донбассда ҳам, Югославяда ҳам демократия  хусусида  баҳслашмайдилар.  Демократия  ҳақида  биз гапираяпмиз.  Чунки,  бизнинг  бошқа  нажотимиз  йўқ.  Фуқаролар уруши  каби  даҳшатли  хавф  қаршисида  туриб,  демократия  ҳақида гапириш  ҳам кулгили,  ҳам фожеалидир».

(давоми бор)