САССИЗ ҲАЙҚИРИҚ
Тоталитар давлатларни истисно қилсак, дунёнинг ҳеч бир ерида бадиий адабиёт ва санъатни давлат тарғиб қилмайди. Совет давлати тоталитар эди ва бадиий адабиёт унинг мафкурасининг муҳим қуролларидан бири эди, шунинг учун ҳам китоб босиш, уни сотиш, ёзувчига қалам ҳақи тўлаш, ҳатто унга мукофот беришни ҳам давлат ўз зиммасига олганди.
Бу система Ўзбекистонда бугун ҳам сақланиб қолган. Босилаётган китобларнинг биринчи саҳифасида муҳаққақ равишда раҳбарларга ҳамду-сано айтилади ёки улардан кўчирма келтирилади ва шундан кейингина мавзуга ўтилади. Бундай чиғириқдан ўтган китобларга албатта бирор бир мукофот ёки соврин эртами-кеч топширилади. Ҳатто шуни айтиш мумкин, бугун Ўзбекистонда китоби босилаётган ва бирор-бир мукофот олмаган бирор-бир ёзувчи ёки шоирни топиш қийин бўлса керак. Мукофотга булғанмаган одам кам қолди.
Санъат соҳасида ҳам шундай. Худди совет давридагидай, ҳақиқий санъаткорлар эмас, лаганбардор маддоҳлар шоҳсупага чиқарилмоқда. Аслида, бу нормалдир. Айниқса, тоталитар системада нормал бир ҳолдир.
Яқинда машҳур кинорежиссёр ва рассом Рустам Ҳамдамов Русия Федерациясининг мукофоти билан тақдирланди. Бу одам 70-80-йилларда ҳам санъат оламида худди бугунгидай машҳур эди, аммо ўзбек раҳбарлар ўша пайтда ҳам, бугун ҳам Рустам Ҳамдамов каби ноёб истеъдод эгаларига лоқайд қараб келган ва шундай қарашда давом этмоқда.
Аслида ўз мустақиллигига яқинда эришган бизнинг ёш давлатимиз каби давлат ўзининг миллий мафкурасини маддоҳ пигмейлар эмас, кучли санъаткорлар ёрдами билан халқ ўртасида ёйиши мумкин.
Иқтисодий тамал каби, сиёсий тамал каби, маънавий тамал ҳам мустаҳкам қўйилиши керак. Бу тамал фақат Темур меросини ўрганиш ва уни пропаганда қилишдан ташкил топмаслиги керак. Бу тамалга замонавий руҳ билан ва келажак руҳи билан йўғрилган эстетик зеҳниятни рўёбга чиқарадиган бадиий ва санъат асарларини ҳам қўйиш керак. Шундай асарларни тарғиб қилиш ва уларни ёзганларни рағбатлантириш лозим.
Лекин бундай асарларни юзага келтириш учун инсонга сўз ва тушунча эркинлиги лозим, демак, энг аввало, Ўзбекистонда цензура бекор қилиниши лозим экан. Адабиётга қарши, санъатга қарши цензура бекор қилиниши керак. Ҳақиқий шоирлар ва ёзувчилар, ҳақиқий рассом ва киночилар бугун сассиз ҳайқирмоқдалар: лутфан, бизга мукофот берманг, бизга битта эркинлик беринг, сўз эркинлиги, тушунча эркинлиги, ғоя эркинлиги беринг, бизга шунинг ўзи буюк мукофот, дея ҳайқирмоқдалар.
Бу ҳайқириққа раҳбарлар қулоқ солса, ўзига фойда қилган бўлади.
(20.02.1997)
(50)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (157-158-саҳифалар)