O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сассиқ ҳовузчада яшашлик оғир

Сассиқ ҳовузчада яшашлик оғир
320 views
13 December 2016 - 5:00

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(22)

Ривоятлар

1.Учишни хаёл қилган қурбақа хусусида

Кўршапалак учди қоронғу тунда,
Сичқонсимон эди бу сўқир махлуқ.
Қурбақанинг ичи ўртанди, шунда,
Назарида, кечган умри – бетутруқ.

Сассиқ ҳовузчада яшашлик оғир,
Бир умр чивинлар билан юзма-юз.
Қанот берганида, азалда тақдир,
Бўларди, унинг ҳам дастлари дароз.

Кўзи кўр бир сичқон учмоқда, ахир,
Ойнинг ёруғида, кўринар, элас.
Сичқонлар бақадан эмаслар моҳир,
Жумбоқнинг ечимин топмаса, бўлмас.

Учмоқ илинжида, у дўнгга чиқди,
Тепадан, қуйига сакради, минг бор.
Ҳар сафар бошини балчиққа тиқди,
Парвоз истаб, кўкка ирғиган шунқор.

Бақанинг хаёли чиқиб пучмакка,
Қўл силтади сўнгра, ҳафсаласи, пир.
Ҳансираб, кўксини берди балчиққа,
Танаси балчиқдан топди хўп ҳузур.

Сайраса, овози, кўм-кўк кўзлари,
Қамчидайин чайир, оёқлари бор.
Чуқур ўйлаб кўрса, етарли бари,
У осмонга эмас, осмон унга зор.

Қурт-қумурсқа, балиқ, илон ва чаён,
Ерда яшайдилар – дунё ҳурлари.
Одамни кўрасан, қарама қаён –
Раббининг қанотсиз тик учарлари…

Қурбақа ўзини йиғиштирди, боз,
Измида бўлмагач, инон-ихтиёр.
“Пуф, сассиқ”қа чиқди, галдаги парвоз,
Бироқ, у бўлмаган бундоқ бахтиёр.

Муштумдек бошини кўтариб ердан,
Кўрсичқонга боқди, боёқиш, ўғрин.
Бедаво дард қўзиб, шунда қўққисдан,
Бошлади у яна эски қўшиғин…

* * *

(давоми бор)