O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сатирага ҳам арзимаган режим (audio)

Сатирага ҳам арзимаган режим (audio)
181 views
16 September 2012 - 13:22
Сафдошларимиздан бири Ўзбекистондаги режимга қарши сиёсий сатира орқали самарали курашиш мумкин, деган фикрни айтиб қолди ва мен ҳам унга бу жанрда юртимиздаги мустабид ҳокимиятга қарши бирон нарса ёзишга сўз бердим. Сўз берибман-у, аммо бу жанрнинг, сатиранинг ҳам ўз “объект талаблари” борлиги, яъний, барча “объект”лар ҳам сатира даражасигача чиқавермаслиги ҳақида ўйлаб кўрмабман.

Сатира – бир стандартдир, бу бир савия, ҳажм ва миқёсдир.  Масалан, бир ўғри ёки киссавурни сатира қилиш қийин. Бу тоифадаги одамлар сатира даражасидан паст турадилар. Худди шундай, бир лўли ёки тиланчини ҳам сатира қилиш имконсиздир, чунки, уларнинг ҳам сатира орқали йўқотиши мумкин бўлган бир қадрияти, яна ҳам тўғрироғи, сатира кулги остига олиши мумкин бўлган бир қадрияти йўқдир. Зеро, сатира асосан, объектнинг – жамият ёки шахснинг кундалик ҳаётдаги қусурларини эмас, балки, бу қусурларга манба бўлаётган бир ишонч, ғоя, эътиқод устидан қилинадиган кулгудир.

Ўзбекистонда бугун ҳукм юритаётган режимда сатира учун керак бўлган ана шу асосий компонент йўқдир. Албатта, бу режимни масхара, майна қилиш мумкин ва шундай шаклда ёзилган ўзимнинг ҳам, бошқа муаллифларнинг ҳам бир қатор матнларини келтирсак бўлади, аммо парадокс шундан иборат-ки, сиёсий сатира учун Ўзбекистондаги режим майдалик қилади. Бу режим ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсизлиги ва қатағонлари, ўғрилиги ва муттаҳамлиги билан ҳатто сиёсий сатирага ҳам арзимайдиган пастликдан, примитивликдан юқорироққа кўтарила олгани йўқ. Каримов тўккан конлар ҳам унга бир ҳайбат беролмади, у – майли, диктатор кўринишида бўлса ҳам – бир сиёсатчи даражасига юксала олгани йўқ, у бир жиноятчилигича қолди. Қонхўрлиги жиҳатдан Гитлердан қолишмаса ҳам, Каримов режимида Чарли Чаплиннинг “Буюк диктатор” деган сатирик фильмига объект бўлган Гитлер режимидаги сингари бир идеология йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Каримов режими мисолида биз фақат “лўлининг эшагини суғориб, пулини олаётган” ва “эшикдан ҳайдаса, деразадан кираётган” бир ўғрисифат ҳукуматни кўриб келдик, холос.

“Лўлининг эшагини суғориб, пулини олиш, эшикдан ҳайдаса, деразадан кириш” мамлакатни бошқариш услуби бўлажагини президент Ислом Каримовнинг шахсан ўзи ҳокимиятга келган илк йилларида эътироф этган эди. Албатта, лўлидан ҳам муғомбирроқ бир типни сиёсий сатирага объект қилиш қийин, бундай уриниш акс натижа беради, яъни, сатира объектни эмас, балки, объект сатирани жанр сифатида ерга уради, камситади.

Бу мулоҳазалар мендаги Каримов режимини сиёсий сатира объекти қилиш ниятини йўққа чиқарди. Биз бу режимни масхара қилишда давом этаверамиз, аммо сиёсий сатира – бу режим лойиқ бўлмаган бир поғонадир. Идеология йуклиги у ёқда турсин, ҳатто давлатчиликнинг ўзини, давлатчилик асослари ва унинг функционал тизимларини ҳам йўқ бўлиш нуқтасига олиб келиб қўйган бир савиясизлар, ўғрилар тўдаси ҳақида қандай қилиб бир сиёсий сатира ёзиш мумкин?

Ўзбекистондаги режимга нисбатан бўлган мендаги бундай жирканиш туйғуси (нафрат эмас, чунки, ҳатто нафрат ҳам шу нафрат объектидан бир савия талаб қилади) бугун пайдо бўлмаган экан, бундан 10 йилча олдин шундай сатрларни ёзган эканман:

КУЛГУЛИ ЎТМИШ

Бугун, 1993 йилда туриб, эски қўлёзмаларимни титкилар эканман, 1988 йилда ёзилган шундай сатрларга кўзим тушди:

Бугун
Ватанингдаги ҳар бир қарич ер
Заҳарли жилмаяр кўзингга боқиб.
Бугун Атиргул ўзининг тўрт-бешта тиканини
Қонли бир жанг учун ҳозирлар найзадай.
Бугун
Боғларингдаги булбуллар
Йўлбарсдай ириллар сайраш ўрнига…

Бу сатрлар рус империяси зулмига қарши ёзилган эди. Бугун биз империядан халос бўлиб, “мустақилларча” яшаяпмиз. Ҳозир заҳарли (дефолянтлар туфайли бўлса керак) жилмаяётган ер ҳам, ўзининг турт-бешта ожиз тиканлари билан кимгадир таҳдид қилаётган нодон гул ҳам, сайраш ўрнига йулбарсдай ириллаётган асабий булбул ҳолати хам ичак узгудай кулгули кўринади…

Чунки, бу “персонаж”лардаги пафос империя билан бирга йитди; юксак трагизм ўрнини, тубан комизм эгаллади. Ўзбекистондаги бугунги тузум ернинг “заҳарли жилмайиши”га, “атиргулнинг фидокорлиги”га ва “булбулнинг шижоати”га арзимайди.

 

Мақсуд Бекжон
 16.09.2012

[soundcloud id=’60050056′]