O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Саудлардан чиққан мусулмон қирол

Саудлардан чиққан мусулмон қирол
218 views
05 February 2014 - 21:48

Feysal-1

Бугунги кунда “Саудия Арабистони қироллари” деганда тилида ва ташқи кўринишида мусулмонликларини эълон қилиб, аслида эса АҚШ, Исроил ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари каби куфр доираларининг қўлларидаги қўғирчоқ раҳбарлар кўз олдимизга келади. Лекин ўтган асрда ушбу оиладан чин мусулмон чиқиб,  диндошларига нисбатан қилинаётган зулмга қарши ўз норозилигини билдирган.

1973 йил 6 октябрь куни “Исроил” ҳукумати Фаластинга янги ҳамла уюштиради. Бунга жавобан Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари Исроилга қарши уруш эълон қилади. Арабистон ярим оролида бошланган катта аксиляҳудий ҳаракатларнинг бошида турган Саудия Арабистони қироли Файсал ибн Абдул-Азиз фақат ҳарбий ҳаракатлар билан чекланиб қолмасдан, Исроил ва уни дастаклаётган куфр мамлакатларнинг энг ожиз нуқтасига зарба беради: “Исроил”ни қўллаётган мамлакатларга нефт сотишни тўхтатади.

Файсал томонидан эълон қилинган нефт эмбаргоси биринчи навбатда Европа мамлакатлари, кейин эса АҚШ иқтисодиётига қаттиқ таъсир қилади. Таҳминан икки ҳафта ичида Европа иқтисодиёти ҳам, АҚШ иқтисодиёти ҳам остин-устун бўла бошлайди: асосан араб мамлакатлари етказиб берадиган нефт ҳисобидан таъминланаётган европача ва американча фаровонлик икки ҳафтада тумандек тарқала бошлайди.

Бундан қаттиқ ташвиланган Ғарб ҳукуматлари довдираб қолишади. Улар Саудия Арабистони қироли Файсал иб Абдул-Азизга мурожаат қилиб, Исроилга қарши бошланган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, нефт эмбаргосини тўхтатишни илтимос қила бошлашади. Лекин Файсал ғарбликлар таклиф қилаётган қоидаларни инкор қилиб, ҳарбий ҳаракатларни ҳам, нефт эмбаргосини ҳам давом эттираверади.

Шунда Ғарб мамлакатлари манфаати учун АҚШ ҳукумати ишга киришади ва Файсал билан жуда таранг музокараларни бошлайди. Саудия Арабистони қиролини “инсофга чақириш”га аввало АҚШнинг шу мамлакатдаги элчиси ҳаракат қилиб кўради. Минг хил уринишлардан фойда чиқмаслигини англаган элчи музокара сўнгида Файсалга: “Ундай бўлса, биз Саудияга иқтисодий эмбарго эълон қилиб, халқингизни оч қолдирамиз. Қайсарлигингиз шунда битиб қолар”, – дейди. Буни эшитгач, Файсал жим бўлиб қолади. Ўртада узоқ сукунат юзага келади.

Бирдан Файсал ўрнидан туради-да, АҚШ элчисини сарой ва шаҳар ташқарисига чиқиб гаплашишни таклиф қилади. Саудия қироли ва АҚШ элчиси ўтирган лимузин шаҳар ташқарисида, саҳрода жойлашган бир қишлоққа келиб тўхтайди. Қирол элчини олдиларига келган биринчи чайлага бошлаб қиради. Унинг ичида бир кўза сув ва бир нечта хурмо ётган бўлади. Шунда Файсал америкалик дипломатга қараб: “Бизнинг ҳозирги авлодимиз ҳам, аввалги аждодларимиз ҳам шундай камтарона яшашяпти ва яшашган. Сизлардан фарқли равишда, биз очликка чидай оламиз. Бизни очлик билан енга олмайсиз!” – дейди. Таҳдидларидан фойда чиқмаган элчи Вашингтонга хунук хабар етказишга мажбур бўлади.

Шундан кейин Файсалнинг “ақлини киргазиб қўйиш” учун Саудияга АҚШ давлат котиби (ташқи ишлар вазири) Генри Киссинжер келади. Джиддага катта важоҳат билан ташриф буюрган Киссинжер Файсал билан музокаралар сўнгида: “Учоғимнинг ёқилғиси тугаб қолди. Малол келмаса, уни тўлдириб берсангиз, биз сизга тўлдирган бензинингиз учун халқаро нарҳларда тўлаймиз”, – деб қиролни калака қилмоқчи бўлади. Шунда Файсал ибн Абдул-Азиз Генри Киссинжерга: “Мен бир қари мусулмонман. Қариган чоғимда, ўлимимдан олдин Қуддусдаги Ал-Аксо масжидида намоз ўқимоқчи эдим. Малол келмаса, сиз яҳудий қавмдошларингизни Қуддусдан ҳайдаб чиқаринг, бензиннинг нарҳини кейин келишиб оламиз” – дейди. Киссинжер ҳам қуруқ қўл билан чиқиб кетади.

Кейинчалик Файсал ибн Абдул-Азиз мамлакат телевидениеси орқали халққа мурожаат қилиб, мусулмонларни куфр мамлакатларига қарши жиҳодга чақиради. Ана шу тарихий чиқишида Саудия қироли:

“Биродарларим! Биз нимани кутяпмиз? Дунё тафаккури уйғонишини кутяпмизми? Қани ўша дунё тафаккури? Қуддус-шариф сизга ёлвораяпти! Сиздан ёрдам сўраяпти, эй, биродарларим! Уни балолардан қутқарлайлик!

 Бизни нима қўрқитяпти? Ўлим қўрқитяптими? Аллоҳ йўлида ўлган одамнинг ўлимидан яхшироқ ва азизроқ ўлим борми дунёда?

 Эй, мусулмон биродарларим! Биз маънавий жиҳатдан уйғонишимиз керак! Биз миллатчилик, ирқчилик ёки партиявийлик асосида эмас, балки Ислом асосида, Аллоҳ йўлида қилинадиган жиҳод асосида уйғонишимиз керак! Динимиз учун, эътиқодимиз учун, муқаддасотларимизни ва номусимизни ҳимоя қилишимиз учун уйғонишимиз керак!

 Мен Аллоҳдан ўзимга унинг йўлида қурбон бўлган шаҳиднинг ўлимини сўрайман!

 Биродарларим! Илтимос, мени кечиринглар..! Гарданимда жуда оғир юк бор… Лекин қадриятларимиз ва муқаддас ерларимиз маънавиятсизлик, бебошлик ва жинсий бузуқликлар ёрдамида хўрланаётганини кўриб, Аллоҳга илтижо қиламан-ки, агар биз жиҳод қила олмасак ва муқаддас ерларимизни кофирлардан озод қила олмасак, Аллоҳ бир лаҳза ҳам кечиктирмасдан жонимни олсин!”, – деган гапларни айтади.

Файсалнинг қатъятлигини ва жиҳодга бўлган шижоатини кўрган АҚШ бошчилигидаги куфр мамлакатлари Саудия қиролини тинчитиш йўлларини излай бошлашади. Бу иш учун АҚШ ҳукумати Файсалнинг Америкада таълим олаётган жияни Файсал ибн Мусаидни ёллайди.

Ва 1975 йил 25 март куни Файсал ибн Мусаид ўз амакасини отиб ўлдиради. Суиқасд фуқароларни қабул қилиш маросимида амалга оширилади. Америкадан келган ибн Мусаидни навбатда турган фуқаролар орасида кўрган Файсал ибн Абдул-Азиз жиянини ёнига чақиради. Амакисини қучоқлаётиб, ибн Мусаид пистолетдан қиролга қарата уч маротаба ўқ узади.

Бу воқеа Саудия Арабистони телевидениесининг камераларига тушиб қолган, чунки ўша пайтларда Саудия телевидениеси қирол саройида фуқароларни қабул қилиш жараёнини тўхтатмай кўрсатиб борар эди.

Ўз амакисини ўлдирган ибн Мусаид 1975 йил 18 июнь куни қатл қилинади. Унинг боши танасидан жудо қилинишини мамлакат телевидениси орқали кўрсатилади.

P.S.: Файсал ибн Абдул-Азизнинг мусулмонларга қилган мурожаатини мана бу линкда жойлашган видеороликдан кўришингиз мумкин: http://www.youtube.com/watch?v=H2WxkXq-jbY

Интернет материаллари асосида Саид АСКАР тайёрлади.