O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Саёҳат хотиралари. Адрна

Саёҳат хотиралари. Адрна
204 views
08 October 2016 - 5:00

214_001Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(8)

41-рақамдан мобаъд

Мадраса бутун хароб ва ичинда бир неча жонлик жамоддан* бошқа нимарса йўқ. Ва Бухоронинг Баҳоуддин жавориндаги Амир Дониёл мадрасасидек харобдур. (Амир Дониёл мадрасасинда жазом — моховлар турар.) На танҳо Бухоро ва Адрна, олами исломнинг аксари мадрасалари шундай хароб ва ҳашаротхонадур.

Султон Боязид шифохонаси ал-он мажнунхонадур. Ичиға кирдук. Катта бир иморатда аёл девоналар ва бошқа бир иморатда эркак мажнунлар турар. Бир тарафида табиб ва ходимлар ва дигар тарафинда кўп ҳужралар борки, энг қўрқунч девоналарни бирин-бирин ҳибс қилинибдур. Девоналарни ҳар бири бизларға бир навъ ҳаракат этар, баъзиси кулар, яхши сўйлар. Баъъзиси сўкар, наъра урар, дигари йиғлар, мадад истар. Хулоса, ажойиб бир манзара ичиндамиз.

Султон Боязид жомеъининг музайян ва зумуррад рангидаги мармардан меҳроб ва минбари ва у тошларға ўюлган мунбат ва нақшлар ва муқарнас меҳроблар инсонни ўзиға жазб этар. Масжидинда ва атрофинда ҳар нимарса бор, ялғуз одам йўқ. Масжид атрофи мур дор ва ҳар тараф ифлосликдадур.

Жомеъ ва мадраса ва ошхона иморатлариға Булғор ўқлари тегиб, енгил зарарлар етибдур.

Адрнанинг ҳар тарафи харобазор ва ҳатто, шаҳарнинг ўрта ерлариға вайроналар бордурки, бунларнинг аксариға муҳораба сабабдур. Муҳорабадан муқаддам мунда юз мингдан зиёда халқ бор экан. Энди 20 минг киши қолибдур. Булғорлар ёндургон баъзи қишлоқлар бутун бўш эмиш. Ясмана қишлоқи беш юз хоналик экан. Энди 5—6 хона қолибдур. Хулоса, Адрна ниҳоятда хароб бўлубдур. Сув, ер, тупроқ маъмур, лекин одам оз, 13 мортдан 10 июлғача бу шаҳар Булғорлар қўлинда қолиб, мусулмонлари кўп азият чекибдур. Қуввати етгони ҳар нимарсасини ташлаб қочибдур. Энди навбати ҳижрат булғорларға етиб, мусулмонлар бутун Адрна вилоят — облўстидан булғорларни қувибдурларки, бу кун вилоятда бир уйлик булғор қолмабдур. Яъни Булғория тасарруфинда қолгон мусулмонлар Туркияға, Туркиядаги булғорлар Булғорияга ўтибдурлар. Насороу яҳудийлар тарафидан ёлғуз Адрна шаҳрида 166 майхона очилиб экан. Адрна волийси Ҳожи Одил афанди мунинг аксарини ёпдурмиш ва ҳаммасини ёпмоқчи экан, қўнсуллар мўдоҳала қилибдур. Туркларни бир дорулмуаллиминлари бўлуб, ал-он 105 талабаси борки, ҳаммаси лайлидур*. 200 талаба учун ер бўлуб, мактаб уч табақадур. Ошхона, таомхона, ҳаммом, машқ ва ижтимоъхоналари* бошқадур. Атрофида чорбоғи-да бор.

Мактабға 12 муаллим ва бир ҳикматхона-да бордур. Булғорларни олган бир олчинлик тўп ўқлардан бир нечасини мунда қўюбдурлар.

Мундан бошқа мактаби султоний, саноеъ, дорулайтом (урушда етим қолганлар) ва рушдий* ҳамда 17 боб мунтазам ибтидоий мусулмон мактаблари бордур.

Яҳудий мактаблари бошқа бўлуб, Адрнада икки минг уйлик яҳудийнинг 2100 талабалик мактаблари бўлуб, барча мусулмон шогирдларини адади 2100 ға етмас экан. Мундан бошқа рум ва насороларнинг бир неча мактаблари бўлуб, яна икки олмон, икки франсуз, бир итолён, бир инглис мунтазам мактаби ва бир франсуз хастахонаси бор экан.

Адрнада савдо ва тижорат бутун яҳудий ва насоролар қўлинда бўлуб, ялғуз ҳукумат ва ўлмоқ мусулмонларгадур. Катта раста ва орсуларни кездим, 50—60 дўконда зўрга бир мусулмон лавҳаси (вивеска) кўрулуб, аксари «Юҳанна», «Шолом», «Ниҳўла», «Ўрхайдмиюс» ва амсоли яҳудий, рум ва насоро исмларидур.

Елдирим Боязид Султоннинг жомеъи шарифи бутун хароб бўлуб, ичи мазбалагоҳдур*. (Ана, мусулмонлик.)

Ва зариф ва якпора нуқрадек тахта, санг ва мармар стун ва муқарнас бошлиқ порулар* остиндадур.

Адрнада Михолбек жомеъи. Уч шарафли жомеъ ва бошқа бир хейле музайян жомеъларни атрофи бутун ҳарб харобаси, илмсизлик ва идорасизлик харобалари ила иҳота этилгандур. Маориф боғчаси, Ришодия боғчаси исминда кичик ва зийнатлик боғчалари бўлуб, ичинда яҳудийлар тарафидан синаматўғрафлар очилиб, кундуз хотунларға, оқшом эрларға кўрсатилур. Бечора Мусулмонлар бу касбни ҳаром деб, қилмай, аммо бор гуноҳ пулларини элтиб берарлар. Ана аҳмақлик.

Адрнада ҳар навъ мева ва ғалладан етишиб, суйи кўпдур. Мерич ва Тунча наҳрлари шаҳар ичидан ўтуб, мусулмонлар устинда бир неча кўфруклар бино этибдурлар ва бивоситаи Адрна бу икки наҳр бир-бириға қоришур.

Ал-он темур йўл мухаттасиға Адрнани 4 чақирим масофатида овруповорий янги бир шаҳар бино ҳилинибдур. Ва асл шаҳарға тош ва соядор бир йўл ила марбутдур.

Адрнада бир кун туруб, тамоман ароба ила юруб, оқшом мухаттаға келдук. Ярим оқшом оташ аробаға ўлтуруб, эрта бирлан Чатолчадан ўтдукки, ҳар тараф ўр, истеҳком ва аскар чодиргоҳидур.

Йўлда арози пасту баланд, аммо ўтлик ва зироатдор ерлардур. Таран (Аҳоли пункти)да доимо яроқлик пўлис ва жандармалар бўлуб, Тарандаги одамлар исмини ва паспўртини ёзиб турадурлар. Демакки, туркларни кўзи очилди. Аммо баъд хароб ал-Басра. Кундуз соат 10. Истанбулға тушдук. Вагондан тушганда бири Оврупо, дигари ерли либосинда икки шақий* анқариб*, кийимни уруб эдилар. Аммо лутфи ҳаҳ ила огоҳ бўлдум

«Ойна» ж., 1914 йил,
42-сон, 1001-1004-6етлар.

(Давоми бор)

*
Жамод – нарса
Лайли –
 кечки
Ижтимоъхоналари – одамлар тўпланадиган
Рушдий – ўрта мактаб
Мазбалагоҳ – ахлатхона
Пору – супринди, гўнг
Шақий – ярамас одам
Анқариб – қисқа фурсатда, кўз очиб юмгунча