СЕВГИ САТРЛАРИ
4
Исрофил сурини чалар, муҳаққақ
Бир кун етажакдир охирзамон ҳам.
Ёққанинг қолади жонимни малак,
Менга тирикликни этма жаҳаннам.
Эрам боғларидан зиёда кунлар,
Нурсиз ўрмонларга эврилса ёмон.
Меҳрингдан ёришсин доғули тунлар,
Барингдан айрилсин қорайган замон.
Сен рўзи Маҳшарнинг бўлсанг сояси,
Тафтингда исинсам ҳисларим – Жаннат.
Равзан боғларининг сенсан қиёси,
Муҳаббат – Жаннатдан тирик бир ҳикмат.
Гулнинг баргидаги шабнамдек тоза,
Ёмғирлар ёғсайди, тинмай кун бўйи.
Булбул ноласидек, чақмоқ овоза –
Йўқлик саҳросининг сеҳрли куйи…
Нотаниш чечаклар, саҳройи ифор,
Карахтлик – муз тоғдек, нураб боради.
Абадият вақтнинг чангалида хор,
Чўққилар, шафаққа қараб, толади.
Макон йўқ бу ерда, замон бир сароб,
Зим-зиё йўлларда, соғинч бор бироқ.
Сенсиз сўлим боғлар, қасрлар хароб,
Муҳаббат – тириклик тоқида байроқ.
Менда ҳеч нарсам йўқ соғинчдан бошқа,
Шудир бахтсизлигим, бахтим ҳам қадар.
Билиб туриб бошни урганман тошга,
Муҳаббатсизларга; дилимда кадар.
Ислом Холбой



Oʻzbek kitob dizayni imzosi yoʻlidagi 30 yil. Maestro Bahriddin Bozorov bilan suhbat
Нўъмон РАҲИМЖОН: РАУФНИНГ ОХИРГИ КУНИ
ГЎЗАЛ БЕГИМ: РЎМОН ҚУТЛИ БЎЛСИН
Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Гулнор (аудиокитоб)