O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сенатор: Таълимдан Исломни суғуриб олдик. Гётени ўргатдик, аммо Пайғамбаримиз ҳадисини келтиришдан чўчидик

Сенатор: Таълимдан Исломни суғуриб олдик. Гётени ўргатдик, аммо Пайғамбаримиз ҳадисини келтиришдан чўчидик
171 views
18 June 2019 - 12:22

Олий таълим ва умуман таълим соҳасида коррупция ҳолатларининг урчишига бу жараёндан Ислом таълимотларини олиб қўйиш сабабдир. Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов Халқаро Пресс-клуб ташкил этган тадбирда олий таълим, халқ таълими соҳасидаги адолатсизлик ва коррупция ҳолатининг туб илдизларига доир фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Биз юз йил олий таълимдан ҳам таълимдан (халқ таълими-таҳр.) ҳам Исломни суғуриб олдик. Ислом маънавиятини суғуриб олдик. Ҳалол билан ҳаром, тўғри яшашни суғуриб олдик. Биз Гётени ўргатдик, лекин жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларини келтиришдан чўчидик.

Мана кеча, (Олий Мажлис) Юқори палата раиси ва Коррупцияга қарши республика идоралараро комиссия раиси мажлисда ҳадисдан иқтибос келтирдилар. Жиноят кодексининг 210 ва 211- моддалари санкциялари ҳам айни ҳадисдан олинган. Кодексда ҳам пора берган ва олган учун жазо тайинланган. Биз буларни ўрганмадик. Ислом маърифатини фақат имом гапирсин дедик. Дунёвий билим олганлар гапирса, унга бошқача қарадик. (Оқибатда) нима бўлди?

Коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки ёш, келажак авлодга коррупция ўргатилди. Адолатсизлик ўргатилди. Олий таълимдаги муаммолар…

Мана ҳозир бинолар кўрсатилди. Мен кечирим сўрайман, аждодларимиз ярмигача шўр босиб ётган мадрасаларда Қуръонни 9 ёшгача ёдлаган. Буларни тузатса бўлади. Агар чиройли бинолар билан алломалар чиқадиган бўлса, биласизми, ҳозир қанча Термизийлар, Бухорийлар чиқар эди?!

Таълимнинг сифатига адолатсизлик сабаб. Биринчи курс талабаси биринчи семестрда яхши ўқийди, аммо семестр якунида адолатсизликни кўргач, 7 семестр ўқимайди. Нима учун, таниш-билиш, таъмагирлик», – дея таъкидлади Термиз Давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов.

Манба: kun.uz