ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 37
(давоми)
Шунинг билан юриб-ўтиришиб, кечга яқин Бадр водийсининг Мадина томон қирғоғига келиб тушдилар. Бироқ бу тушган ерлари шўрлик, сувдан йироқ чўл ер эди. Ичишга сув тополмай, чанқоқлик буларга ғалаба қилди. Бунинг устига шу кеча бир неча саҳобаларга жунублик етган эди.
Эрталаб уйқудин турган вақтларида баъзилари жунуб, баъзилари таҳоратсиз эдилар. Ғусл, таҳорат қилишга етарлик сувлари ҳам йўқ эди. Шунинг учун уларнинг кўнгилларида турлик васвасалар пайдо бўлди. Душманни кўрмасдан илгариёқ: «Чанқоқлик бизни ҳалок қилгудек кўринур, шунинг устига агар душман ҳужумига учрар бўлсак, ҳолимиз нечук бўлур?» — деган сўзлар тарқалиб, аскар ичига қўрқуниш тушди.
Мана шу чоғда Аллоҳнинг фазли карами билан ҳаво ўзгариб, ёмғир ёға бошлади, кўп вақт ўтмай сойлар тўла сув билан силкиниб оққали турди. Барчалари ғусл таҳорат олдилар, Ўзлари ичиб, қонишиб, от-уловларини суғориб, сув идишларини тўлғаздилар. Кўнгилларида ғам бўлиб турган васвасаларининг бариси кўтарилди. Чангиб, тўзиб турган тупроқлар босилиб, оёқ ости топталди. Уруш майдонига кирганда баҳодир йигитларнинг оёқлари тойилмас бўлди. Бу ёмғир ёғиши мусулмонларга нақадар фойдалик бўлди эса, кофирларга шул қадар зиёнлик эди. Чунки аларнинг мақсадлари, шул куниёқ ул жойдин кўчганларича, Будрнинг сув қудуқларига эга бўлиш эди. Юрар йўллари лой, ботқоқ бўлганликдан, йўлда бир кун кечикиб қолдилар. Олдинги ўйлаган мақсадлари қўлга кирмай қолди.
Пайғамбаримиз бўлсалар шу кечани тоат-ибодат билан ўтказдилар. Бутун аскарларга зафар белгиси бўлиб, тун бўйи аларни роҳат уйқуси босди. Шунинг учун: «Иймони кучлик кишиларга уруш устида уйқу келур, намоз ичида ухлаганлар, дилида нифоқ борлигидан бўлур», дедилар. Шунинг билан Расулуллоҳ, тонг ёриши билан: «Мўминлар, намозга, намозга», деб қичқирдилар.
Ёмғирдан далдаланиб, ҳар ерда ётган саҳобалар йиғилишиб келиб, Расулуллоҳ орқасида намоз ўқидилар. Намоздан кейин саҳобаларга қараб, уруш ҳақида қисқача бўлса ҳам, ўткир ваъз сўзладилар. Шундоқким, Аллоҳга ҳамду сано айтгандин сўнгра:
— Эй мўминлар, Аллоҳ таоло ҳозиру нозир, доим сизларга қараб турадур. Уруш майдонида баҳодирлик кўрсатиб, душманга қарши чидамлик билан туришингларни Аллоҳ суядур, уруш устида қилич остида Аллоҳни ёд қилиб, сабр билан туриш ҳар мўминнинг тутган пўлат қалқонидур. Бундан ажралмаган кишилар душман устидан албатта зафар топадилар. Бу ўринда бир неча соат сабр қилгувчилар, дунё шарафига эга бўлиб, умр бўйича қайғу-ҳасратдин ўзларини, авлод-наслларини қутқарғайлар. Шуни билингларким, Аллоҳнинг ёрдами сабр қилувчилар биландур, — деб сўзларини тамомладилар.
Сўнгра Расулуллоҳ Бадрдаги сув қудуқларини душмандин илгарироқ эгаллаш учун илдамлаб йўлга тушдилар. Айтганларидек, Қурайшдан илгарироқ манзилга етиб, Мадина томонидин боришдаги биринчи қудуқ бошига тушдилар. Анда ансор саҳобаларидин Ҳубоб ибн Мунзир:
— Ё Расулаллоҳ, бу жойга агар сизни Аллоҳ туширган бўлса, бу ердан илгари-кейин кетмагимиз йўқдур. Агар бу жойга ўз фикрингизча тушган бўлиб, урушда ҳийла керак, десангиз, бу ўрин бизга қулай эмас, — дедилар.
Анда Пайғамбаримиз:
— Бу ҳақда менга Аллоҳдин ваҳий келмади, ўз хоҳишимча бу жойга тушдим, уруш демак, макр-ҳийла билан бўлур. Агар биз учун бирор фойдалик иш топган бўлсанг, қани сўзла, уни қабул қилурмиз, — дедилар.
Анда Ҳубоб ибн Мунзир:
— Андоқ эрса, Макка томонидаги энг олдинги биринчи қудуққа эга бўлмоғимиз керакдур. Мен билурман, ё Расулаллоҳ, бу жойдаги борлиқ қудуқлардан унинг суви мўлдур. У қудуқнинг ёнидан кўл қазиб, уни сув билан тўлдириб олайлик, қолмиш қудуқларнинг борига тош-тупроқлар ташлаб, сувларини қуритайлик, душманларимиз келса, сувсиз қолсунлар, — деди.
Расулуллоҳ бу кенгашни тўғри топиб, бу қудуқ айланасида (атрофида) аскарга ўрин олдилар. Бошқа қудуқларнинг барини кўмдириб, ўз қудуқлари олдида бир қўл қазиб, сувга тўлдирдилар. Бу ўринга душман келиб етмасдин илгарироқ бу ишлар бажарилган эди. Анда мадиналик ансор саҳобалар раиси Саъд ибн Муъоз:
— Ё Расулаллоҳ, сиз учун бу тепа устида соялик бир ўрин қилайлик, бизнинг ишларимизни текшириб, сиз унда ўлтиринг, елмаён югурик туялардин бир нечасини олдингизга келтириб қўяйлик, сўнгра биз душманларимиз билан савашайлик. Тангри бизга ёрдам бериб ғанимларимизни енгар бўлсак, кутган тилагимизни топган бўлурмиз. Аган бундоқ бўлмай, иш бошқа тарафга айланса, тайёр турган туяга миниб, ўзингизни Мадинага еткуринг. Анда қолдирмиш ёр-йўлдошларингиз сизни жонлари ила сақлагайлар. Олдингизда сиз учун мол-жонларини қурбон қилгайлар. Бу ишда уларнинг биздан ҳеч камчиликлари йўқдур, — деди. Расулуллоҳ унинг бу сўзига раҳмат айтиб…
— Эй Саъд, иш ўзгармас, иншааллоҳ, биз душманларимизни енгамиз, — дедилар.
Шунинг билан уруш майдони устида қараб тургудек бир эгиз тепа устига хурмо ёғочи шоҳларидан соябон ясадилар. Расулуллоҳ ул жойга чиқиб ўлтирдилар. Абу Бакр Сиддиқ қилич яланғочлаб, бошлари устида қоровуллик қилди. Шу орада Қурайш қўшинлари ҳам етишиб келди. Расулуллоҳ кўрдиларким, аларнинг уруш асбоблари тугал, от-арғумоқлари мукаммал. Байроқлар кўтаришган ҳолда ғурурлик ва такаббурлик билан келишар эдилар.
Ўз ёронлари, мўминларга қарасалар, буларда ҳар томондан етишмаслик кўп кўринди. Сонлари уч юздан ортиқ бўлатуриб, борлиқ кўлуклари етмиш туя, икки отдан бошқа йўқ эди. Буни кўриб, Расулуллоҳнинг кўнгиллари маъюс бўлди. Сўнгра Қурайш аскарларига қараб туриб, Худога муножат қилдилар:
— Эй бор Худоё, бутун дунё халқига мени ҳақ пайғамбар қилиб юбординг, ҳақ йўлни аларга ўргатгил, деб қўлимга Қуръондек улуғ китоб бердинг. Энди булар ўзингга қаршилик кўрсатиб, пайғамбарингни ёлғончи қилдилар. Ўзинг туширган Қуръони каримга ишонмадилар, қонимизга ташна бўлиб, қаршимизга келдилар. Эй бор Худоё, бу урушда бизларга зафар бериб, душманларимизни ҳалок қилгил, чунки урушда сабр этган мўмин қулларингга, ёрдам берурман, деб ўзинг ваъда қилдинг. Сенинг бу ваъданг албатта ҳақдур,— деб дуо қилдилар.