Москвада мигрант энага томонидан содир этилган мудҳиш жиноят Россияда янгиликларни марказий телевидениядан эмас, балки бошқа жойлардан оладиган жамоатчиликни қўзғатиб юборди. Ўзбекистонлик телба аёл содир этган жиноят, яъни болани ўлдириш жинояти яна ксенофобия ва мигрантларга қарши ҳаракатнинг кучайишига олиб келадими? Миллатчилар томонидан муҳокама қилинаётган Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини ўрнатиш масаласи муаммоларни ечмасдан, янгиларини пайдо қиладими? “Фарғона” саволларига тарих фанлари доктори, Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори, антрополог, миграция ва Марказий Осиё бўйича мутахассис Сергей Абашин жавоб берди.
– Бу ҳодиса Москвадаги жамоатчилик кайфиятига қандай таъсир қилади?
– Тадқиқотчи сифатида мен “жамоатчилик кайфияти” ва “жамоатчилик фикри” каби бундай умумлаштирувчи тушунчаларга қаршиман. Бундан келиб чиқишича, аксарият россиялик-москваликлар учун яхлит бир нуқтаи назар мавжуд. Аслида эса муайян мавзуга умуман қизиқиш йўқлигидан тортиб, ҳамма нарсани радикал-ғоявий идрок қилишгача бўлган турли-туман фикрларни кўряпмиз. Бундан ташқари, информацион муҳит таъсирида шаклланадиган баҳолаш билан, кунлик ҳаётда амал қилинадиган соғлом фикр орасидаги фарқни ҳам кўриб турибмиз.
Бу фожиага қайтадиган бўлсак, албатта, “осиёлик-мусулмон-мигрантлар”га нисбатан салбий ахборотлар оқими кучайганини кўряпмиз. Бу мавзуни ўз тарафдорларини жалб этиш ҳамда сиёсий кураш мақсадида ишлатаётганларнинг фаоллашувини ҳам кўряпмиз. Буларнинг ҳаммаси Россияда ва Москвада шундоғам баланд бўлган ксенофобик кайфиятни кучайтириб юборади.
Аммо бу вазият экстремал йўналишда ривожланиши мумкин деб ўйламайман. Биринчидан, “меъёрий” баҳолашни шакллантириш ресурсларига эга бўлган ҳукумат эҳтиёткорликни маъқул кўрмоқда. Иккинчидан, бу ҳодисаларда маиший сабаблар ва психик хасталик белгилари юзага чиқмоқда, бу эса бевосита ксенофобик таъсирни сўндиради. Охир-оқибатда, бу мавзунинг қачонгача долзарб бўлиши ва қанақа оқибатларга олиб келиши бирталай омилларга боғлиқ. Масалан, кун тартибидаги ахборотларнинг қанчалик тез ўзгариши ёки турли соҳадаги сиёсатчиларнинг “осиёлик-мусулмон-мигрантлар” масаласини чайнашдан қанчалик манфаат топишига боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, бу фожиа олдиндан мавжуд қолип фикр ва ишончларга қўшимча бўлди, уларни бузиш эса уларни яратишдан ҳам қийинроқ кечади.
– Бу мавзуга миниб олган миллатчиларга қарши қандай ғояни қўйиш мумкин? Ҳамма ўзбек аёлларидан қўрқиб қолган оддий одамларга нимани тушунтириш мумкин?
– Барча далил-исботлар аллақачон бир неча марта келтирилган. Алоҳида битта шахснинг айби ёки психик хасталигини бутун бир катта гуруҳларга (“осиёлик-мусулмон-мигрантлар”) тўнкаш мумкин эмас. Бу одамларнинг аксарияти ҳеч қандай қонунларни бузмасдан ишламоқда, оилаларини боқмоқда ва баъзида ўзлари жиноятчиларнинг, радикаллар ва руҳий хаста фуқароларнинг қурбонига айланмоқда. Бундан ташқари, буларнинг орасида қаҳрамонлик қилишга қодир инсонлар ҳам бор, бунга яқинда Қирғизистон фуқаросининг метрода аёл кишини қутқарганини мисол келтириш мумкин.
Россияликни ёки Россияда яшаётган оддий муҳожирларни жиноятчилар, радикал ва хаста шахслардан ҳимоя қиладиган ягона ечимнинг ўзи йўқ. Миллатчилар ўзлари тўлиқ тушунмай туриб таъкидлаётган Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимига келсак, бу ҳеч нимадан қутқара олмайди: ҳужжатларни сотиб олиш мумкин, чегарачи ёки полициячини сотиб олиш мумкин ёки қонуний тарзда кириб, яшаб қолиш мумкин. Миллионлаб муҳожирлар аллақачон Россияда юрибди. Бу ерда асосий масала уларни четга суриб чиқариб, радикаллашуви ёки асабийлашувига шароит яратиш эмас, балки қандай қилиб Россия жамиятига қўшиб олиш кераклиги бўлиши керак.
Миграция билан боғлиқ кўпчилик қийинчиликлар охир-оқибатда фақат миграция эмас, балки давлатдаги шароит, маданият ва ҳуқуққа тегишли масала бўлади. Бу умумий муаммоларни ҳал қилмасдан туриб, кичик муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Масалан, ўша “қонли энага” воқеасидан кейин ҳам қуйидаги саволлар туғилади: нимага мамлакатда ногирон болаларнинг парваришига ёрдам берадиган махсус ижтимоий хизматлар йўқ, нимага бундай болаларнинг ота-оналари энагани хусусий фирмалар ёки давлатнинг ижтимоий ёрдам ташкилотларидан эмас, балки “хуфя бозордан” қидириши керак? Балки мана шу саволларни асосий мавзу қилиб олиш керакдир?
Бу муаммолар мутахассислар томонидан муҳокама қилинмоқда, бунинг учун узоқ муддатли, изчил, кўп жиҳатларни қамраган ҳолда, мураккаб ва профессионал тарзда ишлаш талаб этилади. Аммо афсуски, бундай аргументлар билан миллатчиларга ҳеч нимани исботлаб бўлмайди. Мутаассиблар бундай мунозаралардан умуман бошқа мақсадларда фойдаланади. Биз чуқур инқирозлар даврида яшаяпмиз, балки қандайдир фалокат ёки глобал ўзгаришлар бўсағасида тургандирмиз, бундай пайтда қолган-қутган идрок ва вазминликни сақлаб қолишга эҳтиёж бор.
– Нега Россия жамоатчилиги муҳожирларнинг жиноятларини муҳокама қилади-ю, ўзларининг жиноятчиларини сезмаганликка олади?
– Боя айтилганидек, жамоатчилик эмас, балки “жамоатчилик”нинг эътиборини жалб қилаётган журналистлар ва ҳар хил ғоявий активистларни эшитамиз. Улар оддий одамлар ва ахборот истеъмолчилари эътиборини қандайдир махсус ҳолатларга жалб қилишади, бу нарсадан қандайдир манфаат топишса керак. Бу вазиятда фақатгина сиёсий манфаатлар эмас, балки қандайдир алоҳида, нима десак экан, “продюсерлик” манфаатлари ётади. Яъни, ахборот хизматлари бозорида Афғонистон, Сурия ва Кёльндаги янгиликлардан кўра, “осиёлик-мусулмон-мигрантлар” мавзусини сотиш осонроқ. Турли давлат хизматларининг лоқайдлиги туфайли шифохонада вафот этган мигрант гўдак ёки маст фуқаро томонидан деразадан отиб юборилган гўдак ҳақидаги сюжетдан кўра ёш болани ўлдирган “қонли мигрант-энага” ҳақидаги сюжет яхшироқ сотилади. Ҳар иккала сюжетда ҳам болалар, жиноятчилар ва ҳаётдаги долзарб муаммолар бор бўлса ҳам, онгимизни қоплаб олган қолип фикрлар бизнинг нохолис реакциямизни аниқлаб беради. Бундай қолип фикрларни бузиш учун қаттиқ меҳнат қилиш керак, аммо нопрофессинал журналист ёки популист сиёсатчилар осон йўлдан юришни маъқул кўришади.
– Аммо марказий телеканаллар “осон йўлдан” юрмасдан, бу мавзуни умуман ёритмай қўяқолишди. Бунга нима дейсиз?
– Бу сиёсий қарорлиги кўриниб турибди. Бу сафар ҳукумат “миграция-осиёлик-мусулмон” мавзусига салбий тус беришда ўзидаги энг кучли ахборот қуроли, яъни марказий каналларини ишга солмасликка қарор қилган кўринади. Бу мавзунинг ахборот майдонидан йўқолганини эмас, балки уни тор доирадаги ахборот сегментларга йўналтиришга қарор қилинганлигини билдиради. Нима учун? Балки, Европадаги қочоқлар мавзусига нисбатан антимиграцион муносабатнинг ишонарли чиқиши учундир. “Улар” муаммони еча олмаслиги билан “биз” еча олишимиз орасидаги фарқни яққолроқ кўрсатиш учундир. Балки, айни пайтда муҳожирлар мавзусини сиёсий кун тартибига чиқаришдан фойда йўқ, яъни сайловлардан олдин бу нарса рақибларга қўл келиши мумкин, деб ҳисоблашгандир.
Шу муносабат билан ўз позициямни ҳам аниқлаштирмоқчиман. Ахборотни тақдим этишдаги қўш стандартлар ҳамда мамлакатда рўй бераётган ҳодисаларни ёритишдаги цензура ҳаққоний танқид қилингани билан, ҳар қадамда “қонли мигрант энага” ҳақида жар солиш керак деган фикрга бормаслик лозим. Менинг позициям шуки, цензура ва қўш стандартлардан қутулишнинг моҳияти ксенофобик жазавага йўл очишда эмас (бу Москвадаги воқеага ҳам, Берлиндаги “қочқинлар зўрлаган қизча” воқеасига ҳам тегишли), балки, соғлом фикрлай оладиган мутахассис ва экспертлар иштирокидаги муҳокамададир. Ва бунда муаммонинг барча жиҳатлари – ижтимоий, маданий ва психологик жиҳатлари муҳокама қилиниши зарур. Бундай ёндашувга қараганда цензура ҳам осонроқ йўл бўлиб, унда сал бошқачароқ, яъни сиёсий асослар мавжуд.
– Ўша аёлнинг эри бошқа ёшроқ аёлга уйланган экан, деган версияни эшитдик. Демак, унинг ақлдан озишига барибир ижтимоий сабаб бор экан-да? Бу ерда миграцион жараёнларнинг қанчалик айби бор?
– Бўлиб ўтган ҳодисани биринчи навбатда оммавий фожиа ва муаммо сифатида муҳокама қилиш керак, демоқчиман. Худди шу ҳодисалар “осиёлик-мусулмон-мигрантлар” иштирокисиз ҳам содир бўлмоқда ва бундан кейин ҳам бўлади. Шунинг учун бу ерда умумий масалаларни кўтариш керак. Инсонни мудҳиш жиноятга нима етаклайди, бундай жиноятларни бутунлай йўқотиб бўлмаса ҳам, қисман камайтириш мумкинми, муайян бахтсиз ҳодисаларнинг олдини қандай олиш мумкин, бирор-бир шахснинг миясида психопатик ёки радикал ғоялар пайдо бўлганида нима қилиш керак?…
Бундай ғоялар бутун дунёда ва Россияда фақат муҳожирларда эмас, балки ҳаммада учрамоқда. Миграция омили бу ерда асосий эмас, балки иккинчи даражали омилдир. Тўғри, муҳожирликда одам қўшимча стрессни бошидан ўтказади. Россияда энагалик қилаётган Марказий Осиёлик мигрант аёллар билан ўтказилган интервьюлардан яхши биламанки, ўз оиласи ва болаларидан узоқда бўлишдан изтироб чекишади, ўз статуси ва турмуш тарзининг ўзгаришидан қийналишади. Тўғри, Россиянинг миграцион сиёсати бундай стрессларни оғирлаштиради, ҳаётга киришиб кетишга йўл қўймайди, баъзида “муҳожирлар”га ғайритабиий ва бегона деган мақомни сунъий равишда тиқиштиради. Бу дегани барча муҳожирлар хатар гуруҳига киради дегани эмас, изланишлардан маълум бўлишича, уларнинг аксарияти айнан бунинг тескариси, яъни қобилиятли бўлиб, имконият қидиришади ёки бу стресслардан қутулиш йўлини топишади. Аммо кимдир бундай синовларга дош бера олмайди, бирор нарса қилиб қўяди ёки касалланади, баъзида ҳаётдан бутунлай четлашиб, ўз қобиғига ўралиб қолади. Аммо яна бир бор такрорлайман: кўплаб ижтимоий ва сиёсий сабабларга кўра, худди шу воқеалар россияликлар ва умуман барча мамлакатлар фуқаролари билан содир бўлмоқда. Бу сабабларга ҳаётимизда тўлиб ётган инқирозлар, урушлар ва ҳоказолар киради. Шу билан бирга, муҳожирлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Алоҳида сиёсат, махсус чоралар мажмуасини ишлаб чиқиш орқали салбий оқибатларнинг ортиши имкониятини камайтириш лозим.
Манба: “Фарғона” АА