Ўзбекларнинг “Ўғри бўл, қароқчи бўл аммо инсоф билан бўл”, деган мақоли бор. Аммо Ўзбекистоннинг ва ўзбек халқининг шундай душманлари борки, улар на инсофни билади, на тарбияни. Шундай номи журналист, ўзи диктатор Каримовга хуфялик қиладиган Сергей Ежков ўзининг интернет саҳифасида Гулнора Каримованинг ўзи ва фаолияти ҳақида журналистларнинг саволларига жавоб берганини ёзган. Бу билан унинг ҳукумат хуфялиги яна бир марта исботланди, холос. Чунки у сайтнинг Ўзбекистонда таъқиқланганини иддао қилса-да, диктатор Каримовнинг эркатойининг ҳаётига оид энг махфий материалларни ҳам “топиб”, нашр қилишнинг уддасидан чиқади. Ушбу хабарда айтилишича, Гугуша америкаликлар билан қўшиқ ижод қилаётганда, Бухорони қамалга олмаганини, АҚШда мода ўтказаётганда, уни мухолифат уюштирган пикетлар қўрқитмаганини, 1000 суннат ва никоҳ тўйини ўзбекларга хос ҳашар усули билан ўтказганини батафсил айтиб берибди…
Албатта, журналистлар Гулнора Каримовадан Швейцариядаги миллард долларни қаердан олгансиз, ҳозир бу мамлакатда бир неча ўзбек фуқароси пул ювишликда айбланмоқда, бу ишда сизнинг ҳам қўлингиз бор, дейишади шу тўғрими? МТС-Уздунробита ширкатининг шўрини нега қуритдингиз, бутун дунёнинг отангизни диктатор дейишидан сиз уялмайсизми, дея сўрашмаган.
Гулнора Каримовани мақтаб тугата олмаган Ежков ўз мақоласининг охирида тўсатдан, отасининг бир “яхши” томонини ҳам эслаб ўтган. Унинг айтишича, 2005 йилда Андижонда қатлиом содир қилгандан кейин, диктатор Каримов журналистлар билан учрашган ва бу учрашув охирида журналистлар Каримовни қарсаклар билан олқишлаган экан. Бунақа лаганбордорликни инсониятнинг кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган бўлса керак: Бир диктатор мингларча инсонни, улар ўз ҳуқуқларини талаб қилгани учун, отиб ўлдиради ва кейин матбуотнинг олқишига сазовор бўлади…
Инсофсиз Ежков, сенга сўз ҳам ҳайф аслида!
Намоз Нормўмин,
19 август, 2012 йил.