Бугун Қиримнинг РСФСР таркибидан чиқарилиб Украина ССР таркибига берилганига роппа-роса 61 йил тўлди. 1954 йилнинг 19 февраль куни СССР Олий Совети Президиуми қарори билан Қирим Украина ССР таркибига берилганди. 2014 йилда Қиримнинг Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиниши ортидан 1954 йилги қарорнинг қанчалик қонуний бўлганлиги ҳақидаги масалани қайта жонлантирди. Хрушчёвнинг ушбу қарори хўжалик эҳтиёжлари туфайли қабул қилинганмиди ёки бош котиб шунчаки хотинига совға қилишни истаганмиди?
Коммунистик партия Марказий Кенгаши биринчи котиби Никита Хрушчёвнинг ўғли совет ҳамда россиялик олим, публицист Сергей Хрушчёв отасининг қарори бўйича ўз фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, отаси томонидан юқорида тилга олинган қарор иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ сабаблар туфайли, жумладан Украина жанубий минтақалари ва Қиримда сув таъминотини йўлга қўйиш учун Днепр дарёсида гидроэлектростанция қурилиши муносабати билан қабул қилинган.
– Қиримнинг Украина ССР таркибига берилиши тарихий хатомиди ёки хўжалик эҳтиёжимиди?
Сергей Хрушчёв: Бу хўжалик эҳтиёжи эди: у вақтда ҳеч ким совет иттифоқининг парчаланиб кетишини ҳаёлига ҳам келтирмаган. Ўша вақтда Шимолий Қирим каналини қазиш бошланганди ва Давлат режалаштириш қўмитаси ушбу каналнинг асосан Украина ҳудудидан ўтишини ҳисобга олди. РСФСР ушбу каналдан унчалик манфаатдор эмасди. Канални ўз вақтида қазиб тугатиш мақсадида Қиримни Украина таркибига қўшиш мақсадга мувофиқ деган қарорга келинди. СССР раҳбарияти ҳам бунга рози бўлди. 1954 йилда ҳеч ким вақти келиб бу иккала ҳудуд бошқа-бошқа давлатлар бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмаган. Бир республика ҳудудини бошқасига бериш амалиёти бир неча маротаба амалга оширилган аслида. Масалан, 1939 йили Вильнюс Белорусия ССР таркибига кирган. Кейин уни Литва ССР га беришган. Агар ўша ватқдаги СССР раҳбариятидагилар қачондир СССР нинг парчаланиб кетишини тахмин қилганларида ҳеч қачон сунъий тарзда Қозоғистон ССР ва Қирғизистон ССР каби республикаларни ташкил қилмаган бўларди.
– Қиримнинг Украинага берилиши амалий жиҳатдан қанчалик фойдали эди?
Сергей Хрушчёв: Ўша вақтда Қирим Украина учун унчалик ҳам муҳим аҳамият касб этмаган деб ўйлайман. Аслида ўшанда Қирим маҳаллий ҳукумат учун қўшимча бош оғриғи эди холос. Бироқ бу масала бутуниттифоқ ҳукумати томонидан ҳал қилинган, республикалар эса айтилганни бажаришган холос.
– Қиримнинг берилиши қонуниймиди? Орадан ярим асрдан ортиқ вақт ўтса ҳам ушбу қарор кўплаб тортишувларга сабаб бўлиб келади?
Сергей Хрушчёв: Назаримда ҳозир орадан 61 йил ўтишига қарамасдан бу саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди. Менинг эслашимча ва билишимча, қарор ўша вақтда амалда бўлган норматив ҳужжатларга тўла мос бўлган. У вақтларда юридик хизмат жуда пухта ишлаган, совет бюрократияси ўз қонунларига риоя қилишган.
– Қиримнинг Украинага берилиши ҳақиқатан ҳам отангиз Хрушчёвнинг украиналик бўлган ўз аёлига совға қилиш истаги билан боғлиқмиди?
Сергей Хрушчёв: Албатта йўқ. Никита Хрушчёвнинг ўзи ҳеч қандай украиналик бўлмаган. Бу отамнинг шахсий ташаббуси эмас, балки Давлат режалаштириш Қўмитасининг янги беш йиллик режанинг тайёрланиши доирасидаги таклифи билан бўлган. Ушбу режага кўра Жанубий Украина ва Шимолий Қирим каналлари қурилиши лозим эди. Мазкур беш йиллик режани амалга ошириш бўйича ўртага ташланган кўплаб таклифлар орасида Қиримни Украина ССР га бериш таклифи ҳам бор эди. Отам ҳам бунга розилик берган. Ўйлайманки онам украиналик бўлгани учун кимдир Қиримни совға қилиши унинг ҳатто ҳаёлига ҳам келмаган бўларди. У ҳам ўша вақтда кўпчилик каби менинг манзилим уй ва кўча эмас Совет Иттифоқи деб ўйлаган.
Манба: Дилетант
(русчадан таржима)