O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сеҳрли қалпоқ эмас, сеҳрли сўз…

Сеҳрли қалпоқ эмас, сеҳрли сўз…
193 views
26 June 2017 - 6:00

Ҳар бир халқнинг бугунги турмуш маданиятини, узоққа бормай, ўша ерда чиқарилган болалар ўйинчоғининг сифатига қараб билса ҳам бўлади…

Лекин сизнинг қўлингизда ўйинчоқ эмас, китоб. Сиз рангли суратларга беланган бу китобни варақлайсиз, варақлайсиз… ва ниҳоят ўзингизни овутишдан ўзга чора қолмайди, яхшиям, бу киши дурадгор эмас — ясаган курсисига ўтирган одам йиқилиб, қўлини синдирган бўларди. Яхшиям у киши меъмор эмас — қурган биноси устимизга қулаб тушарди. Яхшиям, бу киши — болалар шоири, ёзган шеъри қанчалик ёмон бўлмасин, ҳали болаларимизнинг бирортаси майиб бўлгани йўқ…

Аммо қўшни хонада бошқа бир одам бор — у ўзини овутмайди, у — норози.

— Болаларни майиб қилишнинг энг қула й, беозор йўли, бу, — дейди худди ўша рангли суратларга беланган китобга ниқтаб, — бу шоир дурадгорлик қилса яхши бўларди — ясаган курсисига ўтирган одам йиқилиб тушганидан кейин, иккинчи марта унга ўтирмас эди. Афсуски, бу одам болалар шоири — унинг китобини майиб бўлган бола ўз майиблигини ҳеч қачон билмайди — “шеър шу экан-да”, деб ўқишда давом этаверади.
Файласуфлар айтганидек, ҳамма бало сифат ўзгаришида.

Болалар кун сайин, ой сайин ўсади, бўй тортади, болаликдан ўсмирликка, ўсмирликдан йигитликка ўтади.

Аммо, уларнинг ўқиган китоблари ўз ўрнида қолаверади.

Бу китоблар, ёғочдан ишланган от каби, бир жойда туриб чопади, бир жойда туриб кишнайди. Унга ўтириб олган болалигингиз ўзини мислсиз қаҳрамон ҳис қилади, бу туйғуни ҳеч кимга беришни истамайди ва ўша от билан мангу қолиб кетади.

Ана турибди-ку сенинг болалигинг, дейлик, “Билмасвойнинг бошидан кечирганлари”ни қучоқлаб.

Болалагинг шу китобдан миннатдор, ўсмирлигинг бегона, ёшлигинг бутунлай норози.

Нечун бегона, дема. Нечун норози, дема.

Ҳамма бало сифат ўзгаришида. Лекин болаликнинг хотираси чуқур. Ҳайрият, чуқур. Афсус: чуқур. У ўзининг қуш уйқу идрокини тўғри келган китобга назр этади… ва хавфлар боқичи бошланади: чунки, бола ишонса, қаттиқ ишонади, алданса, ундан ҳам шафқатсизроқ алданадиган ҳеч ким бўлмайди.

Яқинда қишлоғимизнинг кекса чолларидан бири дунёдан ўтди. Шундай юмшоқ табиатли, меҳрибон чолнинг исми Пўлат эканлиги ҳақида ўйлаяпман. Албатта, исмнинг одамга дахли йўқ.

Аммо, Пўлат исмли одам ҳовлининг кунгайида ўтириб, парилар ҳақида эртак айтгани қизиқ. Пўлат исмли одам қўшнисининг боласи сувга чўкиб кетганида чеккада, ҳаммадан яширин йиғлагани ғалати. Энди билсам, ўша бир пайтлар босмачи бўлган экан.

Ахир, босмачининг башараси хунук, соч-соқоли ўсиб кетган, ёқалари кир бўлмасмиди; босмачи дегани ҳайвонсифат, қонхўр, салласи ичида, лоақал, иккита шохи бор махлуқ эмасмиди?

Китоблар, нега менинг болалигимни алдадингиз?

Нега босмачи дегани ҳам ўзимизга ўхшаган икки оёқли, икки қўлли одам боласи эканлигини ўша пайтдаёқ айтмадингиз?

Наҳотки, менинг ватанпарварлигимга футур етади, деб ўйладингиз?

Футурни ҳақиқат эмас, алдоқ етказди.

Агар болалигимда ўша нуроний чолнинг босмачи бўлганлигини билсам, мен унинг эртакларини тингламаган бўлардим, уни ҳовлимиздан ҳайдаган бўлардим.

Чунки, менинг болалигим ҳаммадан кўпроқ китобга, онамдан кўпроқ китобга, отамдан, ҳатто Пўлат бободан кўра ҳам кўпроқ китобга ишонарди.

Худди шу боис-ки, алдамчи китоблар алдоқчи одамдан хавфлироқ.

Мана кап-катта одам кеча кечаси билан, бугун куни билан болалар учун чиққан китобларни варақлаб ўтирибди: мактаб ёшигача, кичкинтойлар учун, ҳатто фалон синф ўқувчилари учун, деган махсус белги билан нашр этилган китобчалар. Нима шундан бошқа иши йўқми бу одамнинг?

— Йўқ, — дейди у зарда аралаш, — мен “Билмасвой”ни ўқиб катта бўлдим, энди ўғлимнинг нима ўқиётганини билишим керак.

— Сен тенгилари бугун болалар шоири, сен бўлса, ҳали ҳам уларнинг ёзганини ўқиб юрибсан.

— Мен тенгиларнинг ҳаммаси “Билмасвой”ни ўқиб шоир бўлишган…

— Энди менинг ўғлимдан қасос олаяптилар, демоқчимисан?

— Фақат меникидан эмас, ўз ўғилларидан ҳам қасос олаяптилар. Улар “Билмасвой”ни ўқиб шоир бўлишганига қаттиқ афсусланишади ва болаларига ёзаётиб, ичида ўзларини оқлайдилар: “Биз бундан баттарини ўқиганмиз, ўқийвер, болам”.

— Сенга қолса, “болалар адабиёти” деган терминни ҳам рад қиласан. Масалага бир томонлама ёндошмаслик керак.

— Гап терминда эмас. Фақат “алдагани бола яхши” деган бемаъни байроқ бор ва китобларнинг аксарияти шу байроқ остида ёзилган…

Шундай қилиб, кап-катта одам кичкинтойлар учун чиққан китоблардан унчалик хурсанд эмас.

Файласуфлар айтганидек, ҳамма бало сифат ўзгаришида.

Мана сенинг болалигинг: кўксига “Билмасвойнинг бошидан кечирганлари”ни босиб турибди. Сендан беш юз йил орқада, балки, олдинда бошқа бир болалик бор, у “Мантиқ-ут-тайр”ни ёд олаётган, бўлғуси буюк шоирнинг болалиги!

“Билмасвой” бошдан-оёқ Оврупо мушоҳадасига хос ҳаракатидан, воқеалар ривожи, адабиётшунослигимиз тили билан айтганда, динамикадан иборат. Чопиб кетаётган одам кам ўйлайди.

Аммо Фаридиддин Атторнинг чопиб кетаётганини сиз тасаввур қилолмайсиз. Ким-ки, “Мантиқ-ут-тайр”га ўхшаган китоблардаги “турғунлик” оҳангини тушкунлик деб атаса, унинг ёш Алишерга бўлган таъсирини ҳали ҳам “салбий” деб юрган бўлса, у исботи заиф, бир-икки тарихий хабарга асосланиб, ҳукм чиқарувчи одам бўлиб қолади.

“Болалар адабиёти” деган тушунча бугун расм.

Шарқ ҳеч қачон болалар учун махсус китоблар ёзмаган. Бўлар-бўлмас қофиялар тўқиб, уларни алдамаган. Шу жумладан Фаридиддин Атторнинг китоби ҳам “кичкинтойлар учун” битилмаган. Лекин бу китобнинг таъсири сиз айтганчалик “салбий” бўлмаганда эди, сиз айтганчалик “тушкун” бўлмаганда эди, буюк Навоий ижоди ҳозир сиз таъзим қилаётган даражада улуғ бўлмасди, балки.

Чунки, сиз билан биз китобхонни ўйлатиш кучига қодир китобларни “тушкун” деб ўрганганмиз, чунки ҳар қандай йиғлаган қаҳрамон ҳанузгача биз учун “салбий”дир.

Аслида, на ижобий, на салбий одам бор бу дунёда.

Фақат одам, ўзининг руҳий зиддиятларини кўксида кўтариб юрган олий идрок эгаси инсон бор фақат.

— Болаларга ўша инсон тасвири керак, — дейди НОРОЗИ одам, — шусиз қофия топилмай сарсон ўтирган “болалар шоири”нинг сарсонлиги беҳуда, ишлайвериб сийқаси чиқиб кетган композитсияни такрор китоб саҳифаларига жойлаётган “болалар рассоми”нинг санъати бир чақадир.

— Сен жуда ошириб юбординг. Болалар учун чиқаётган ўн минглаб нусха китоб бир кунда тарқаб кетаяпти-ку. Ишонмасанг, китоб растасига бориб кузат!

— Ҳамма бало шунда-да! Ўша тарқаб кетаётган китоблардан бир нусхасини мен олганман, мана, томоша қил! Лекин бу китоб қайси тилда ёзилган?

“Наг гавдасининг (?) учдан бирича (?) юқорига кўтарилган (?) тўхтаб (?) шамол турганда қимирлайдиган қоқигулга ўхшаб заҳарли илон (?) кўзларини (?) Рикки-тиккига тикибди”.

Бу босинқираш. Қўрқувдан илон танаси кўзига “гавда“ бўлиб кўринган одамнинг босинқираши бу. Афсуски, бу — болалар учун ёзаётган ўзбек ёзувчиларининг ичида энг иқтидорлиси Редияр Киплинг асаридан парча. Киплинг ўзбек эмас-ку, деб ўқрайма менга. Ўзбек тилига таржима қилинган ҳар қандай китоб муаллифи, лоақал, тилдаги мушоҳадаси билан ўзбек бўлмоғи даркор. Акс ҳолда, таржима ўз моҳиятини йўқотади. Ўзбек таржимони фақат рус ёки инглиз тилини эмас, ўз тилини ҳам билиши шарт.

Бунақа китоблар жилдига эса, “Болалар учун эмас, асло болалар учун эмас!” — деган ёзув керак. Чунки, менинг ерда қолган болам йўқ!

— Лекин бола ниманидир ўқиши керак-ку. Сенинг талабинг бўйича иш кўриладиган бўлса, ҳозирги чиқаётган китобларнинг тўқсон фоизи нашр қилинмаслиги керак… Тўқсон фоиз шоиру шуарони рўзғор тебратишдек улуғ ишдан маҳрум қилишга тўғри келади-ку… Норозилик ҳам эви биланда, оғайни!

— Менинг талабим қаёққа борарди. “Болалар адабиёти” деган бутун бир корхона аллақачон ишга тушган, уни тўхтатиб бўлмайди. Китоб ёзиш эҳтиёжи китоб бостириш имкониятидан анча орқада. Гуллаётган имконият қаршисида қарсак чаламиз, ўлаётган эҳтиёж устида йиғлаймиз, холос… Шахсан мен бу масалада йўл топдим: жавонларимдаги бор китобнинг ҳаммасини, болаларга аталмаган неки китоб бўлса, барини болаларга бераман, таъқиқни бекор қиламан. Ўқийверсинлар. Бола ақли етса, ўзига керагини топиб ўқийди.

— Боланинг онги мурғак, уни йўналтириб туриш керак, сен тушунган шеърни у бошқача тушунади, оқибати ёмон бўлиши мумкин…

Навоий ўзининг “оразин ёпқач кўзимдан тўкилур ҳар лаҳза ёш, бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғач қуёш” мисрасини битганида 12 ёшли бола эди. Бунинг “оқибати”ни эса дунё билади.

— Болаларнинг ҳаммаси ҳам Навоий бўлиб туғилавермайди-ку, ахир!

— Мен болада шоирликни эмас, ундаги шеърий фаросатни, иложи бўлса, нозик дидни тарбиялаш имкони ҳақида гапираяпман. Навоий ўша бир мисрани ёзишдан аввал шеърий оҳанг бағрида сузди, олди-қочли қофия эмас, чинакам мусиқани ўзига сингдирди.

Болани мазмундан аввал, сўз мусиқаси ўзига тортади, сўзлардаги мукаммал мутаносиблик — ҳақиқий шеъриятнинг фазилати — илоҳий жозиба тортади.

Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш —
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!..

Бу тўрт қатор шеърни олти ёшли жияним тилидан эшитганман. “Интизор” сўзининг мазмунини тушунмайдиган, “карвон”ни фақат мултфилмлардагина кўрган бола ҳали “р” ҳарфини “й” деб талаффуз қиладиган бола эғзидан эшитганман. У “Энг кичик заррадан Юпитергача” сатридаги сайёра номигагина эмас, балки унинг ердан нақадар узоқлигини ҳам биладигандай эди. Шеърни болага ўқиб бераётганимда, у ёд олаётган пайтда, бунақа ўқиш менинг хаёлимга ҳам келмабди. Ихтиро боланинг ўзиники эди. Тўғрироғи, бу шеърият яратган мўъжиза эди. Энди менга айт, бу шеър кимга атаб ёзилган, болаларгами, катталаргами?..

Жавоб беролмайсан, биламан!..

Чиндан ҳам жавоб топиш қийин бу қайсар одамга.

Бу одам, норози одам, балки, ҳақдир. Зеро, бугун, айниқса бугун, телевидение ва кино китоб билан юзма-юз келган бир паллада, сўз билан жонсиз сурат рақобатлашаётган пайтда, болаларимиз ўқиётган китобнинг савияси тубан бўлса — бу ёмон белги.

“Ойнаи жаҳон” ичига бошини кўмган болакайни қутқариш учун “сеҳрли қалпоқ” эмас, СЕҲРЛИ СЎЗ керак.

Ойнаи жаҳонда айб йўқ, айб рақобатга дош беролмаётган сўзимиздадир.

1980

(13)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (45-50-саҳифалар.)

(давоми бор)