O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сиздин азизроқ киши бўлмагай…

Сиздин азизроқ киши бўлмагай…
49 views
13 March 2016 - 0:04

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 20

(давоми)

Алар ичида энг атоғлик арабнинг сўзамол, чечанларидин бўлган Мафруқ ибн Амр номликбир киши бор эди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ билан у киши Ислом дини тўғрисида узоқ сўзлашдилар. Сўнгра Пайғамбаримизга боқиб: «Эй Муҳаммад, бизларни қайси иш қилишга даъват қилурсан?» деди. Анинг жавобида Расулуллоҳ шу оятни ўқидилар:

«Иналлоҳа яъмуру бил адли вал эҳсони ваийтои зил қурба ва янҳа анил фаҳшон вал мункари вал бағй, яизукум лааллакум тазаккарун».

Маъноси: «Аллоҳ таоло бандаларини ҳар ишда адолат қилишга ва аларни бир-бирларига ёрдам беришга, қариндош-уруғлар ўз ораларида сийлаи-раҳмни узмасга буюрди. Яна ҳар бир бузуқ ишлардин ва барча зулм-хиёнатлардин бандаларини қайтарди», демакдур.

Ҳақиқатда эса Аллоҳ таоло бу оят билан бандаларига икки дунёлик фойда-зиёнларини баён қилиб, Ислом динининг асосларини очиқ равишда кўрсатди. Бутун шариат ҳукмларини, Ислом ахлоқларини шундоқ қисқагина бир оятга сиғдирди. Зоҳирда бу оят оз кўринса ҳам, ўтган мужтаҳидларимиз бундин минг турлик маъно чиқардилар. Улуғ олимлардин бири бўлган Ал-Изз ибн Абдусалом ёлғиз шу оятдин чиқарган масала устида катта бир китоб ёзмишдир. Ҳар икки дунёга етарлик насиҳат сўз излаган мўминлар агар шу оят ҳукмига амал қилсалар, кифоядур. Яна мақсадга келайлик.

Пайғамбарлик билан сўзлашмоқда бўлган Мафруқ ибн Амр юқориги оятларни эшитиб, ҳайрон бўлиб турди. Сўнгра: «Эй Муҳаммад, сенинг бу ўқиганларинг ер усти сўзларига ўхшамайдур. Чунки инсон сўзларининг шевалари бизга маълумдур», деб таажжубда қолди. Бу киши шунчалик ҳидоятга яқинлашиб келган чоғида, қабила раисларидин Ҳониъ ибн Қубайса номлик киши Пайғамбаримизга қараб: «Эй Қурайш саййиди, сенинг бу сўзларингни яхши онгладик, бироқ бунинг жавобини бу жойда бергани бўлмайди. Чунки бош-оёғи билинмаган шу ўтиришимизда ўз динимизни ташлаб, сенинг динингни қабул қилар бўлсак, олди-орқани ўйламаган шошқин кишилардин ҳисобланиб қолурмиз» деб сўзни тўхтатди.

Сўнгра Расулуллоҳ булардин фойда чиқмаслигини билиб, бошқа қабилаларга ўтдилар. Қабиладин қабилага юриб, шундоқ дер эдилар: «Билингларки, мен Тангри тарафидин юборилган элчидурман, ул мени бутун халқига ҳақ динни ўргатиш учун юборди. Анинг тарафидин кечалиги кундузгидек ёруғ бир дин келтурдим, ҳар ким ўз ихтиёри ила иймон келтирур бўлса, қандоқ яхши саодатдур. Йўқ эса, менинг илгимда (қўлимда) ҳеч қандоқ мажбурият йўқдур. Маълумдурки, элчилар вазифаси келтирмуш хабарларини халққа етказишдур. Энди шу хизматни адо қилгунимча душманлар ҳужумидин мени сақлар бўлсангиз, Аллоҳ амрини бандаларига етказур эдим, Худо тарафидин устимга юкланган шу хизматни адо қилишимда ёрдам қилган бўлур эдингиз».

Шунчалик кўп қабилалардин бирортаси ҳам сўзларини қабул қилмади. Балки, «ўз қавмини тузата олмаган бир киши бошқаларни нечук тузата олсин?» деган сўзлар билан таъна қилдилар. Бу улуғ давлатни Аллоҳ таоло уларга насиб қилмади. Шунинг билан Пайғамбаримиз Мино тоғи остида Жамратул Ақаба деган жойга келдилар. Бу ерда мадиналик Хазраж қабиласидан бир тўп кишилар ўтиришган эди. Қайси қабила эканларини алардин сўрадилар.

Бировлари туриб: «Хазраждин бўлурмиз» деди. Энди билмак керакким, Мадина шаҳрида бурундин бери макон тутиб келган икки уруғ араб қабиласи бор эди. Бирини, Авс, иккинчисини, Хазраж, дер эдилар. Бу икки қабила аслида бир отадин туғилган оға-инилар бўлсалар ҳам, булардин тарқалган болалари иккига айрилиб, ҳамиша уруш-талаш ўртадан узилмас эди.

Яна, Мадина атрофида ўтирган яҳуд тоифасидин Бани Қайнуқў, Бани Қурайза, Бани Назир қабилалари бор эди. Булар иттифоқда, араблар эса ихтилофда бўлганликдин, кўпинча урушларда алар ғолиб келур эдилар. Пайғамбаримизнинг вужуди шарифлари туфайлидин, энг сўнги урушларида араблардин енгила бошладилар. Шу чоғда айтур эдиларким: «Қараб туринглар, бу яқинда охир замон пайғамбари чиқади. Ҳаммадин илгари биз унга иймон келтиргаймиз, ана шу вақтда сизлардин ҳеч кишини қолдирмай ўлдиргаймиз», деб. Мана уларнинг шу сўзлари Мадина арабларининг ёдидин чиқмаган эди. Юқорида айтилган жойда Пайғамбаримизга йўлиқишиб, ўзларининг мадиналик Хазраж қабиласидин эканликларини билдирдилар. Анда Расулуллоҳ алар олдида ўтириб, ўзларини танитгандин кейин, динга даъват этдилар. Сўзларига ҳужжат келтириб, Қуръони каримдин бир неча оят ўқидилар. Буни онглашлари билан, иймон нури дилларини ёритди, бир-бирларига қараб айтдиларким, «яҳудлар айтган охир замон пайғамбари шул бўлгай эрди, яна улар биздин бу ишда ўзғунлик қилиб кетмасунлар, бу эрнинг айтган сўзлари, кўрсатган йўллари барчаси тўғрилик экандур», дейишиб ҳаммалари иймонга баробар мушарраф бўлдилар. Ислом тарихида энг улуғ ўрин тутган, биринчи навбатда иймон келтиргувчи мадиналик саҳобалар қуйида номлари ёзилмиш зотлар эди:

  1. Асъад ибн Зурора
  2. Авф ибн Ҳорис
  3. Рофиъ ибн Молик
  4. Қутба ибн Омир
  5. Уқба ибн Омир
  6. Жобир ибн Абдуллоҳ

Пайғамбаримизнинг ансор саҳобаларидин энг аввал иймон келтиргувчилар шу олти кишидур. Бу зотлар тарих юзасида улуғ аҳамиятга эга бўлганликдин ҳар жойда отлари ёзилмишдур. Сўнгра алар: «Ё, Расулаллоҳ, биз Мадина халқи — Авс, Хазраж номида икки қабиладурмиз. Юз йилдин бери ўзаро адоватимиз узилмай, ўртамизда уруш-талашлар бўлиб, кўп қонлар тўкилмоқдадур. Агар сизнинг шарофатингиздин орамиз иттифоққа келиб, баробар хизматингизда бўлсак, араб ичида сиздин азизроқ киши бўлмагай», дедилар.

Шунинг билан бу олти нафар одам Мадинага боргандин сўнгра ўз қавм-қариндошларини Ислом динига даъват қилмоқчи бўлдилар. Ва келаси йили ҳаж мавсуми баҳонаси билан Мадинадан чиқиб, яна шу жойда кўришмакка ваъда бериб қайтдилар. Шундоғ бўлиб, Мадина араблари шу йилдан бошлаб, яъни Нубувватнинг ўн учинчи йилидан Ислом динига киришга бошлади. Ваъдалари бўйича иккинчи йили ўн киши Хазраждин, икки киши Авсдин бўлиб, жаъми ўн икки одам ҳажга келдилар. Буларнинг номлари қуйидагилардур.

  1. Асъад ибн Зурора
  2. Авф ибн Ҳорис
  3. Муоз ибн Ҳорис
  4. Рофиъ ибн Молик
  5. Заквон ибн Қайс
  6. Убода ибн Сомит
  7. Язид ибн Саълаба
  8. Аббос ибн Убода
  9. Уқба ибн Омир
  10. Қутба ибн Омир — булар Хазраж қабиласидан эдилар.
  11. Абул Ҳайсам ибн Таййиҳон
  12. Увайм ибн Соида — бу икковлари Авс қабиласидан эдилар.

Бу кишилар ҳам Минога келиб, Ақаба деган аввалги ўринда иймонга мушарраф бўлиб, барчалари Пайғамбаримизга байъат бердилар. Аларнинг берган аҳд-паймонлари шулардин иборат эди:

  1. Аллоҳ таолога ҳеч нарсани шерик қилмаслик.
  2. Зинодин, ўғриликдин, ёлғон сўзламоқдин, бўҳтон қилишдин ўзини сақлашлик, гуноҳсиз гўдак болаларни ўлдириш одатини ташлашлик, Пайғамбаримизнинг буйруқларига қарши чиқмаслик.

(давоми бор)