ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 21
(давоми)
Мана шу сўзлар сўнгида бу муборак улуғ байъат бошланди. Бу ўринда биринчи байъат берган киши — отига мувофиқ — Асъад ибн Зурора эди. Яна бир ривоятда айтилур.
Юқоридаги сўзлар ўтгандин кейин Пайғамбаримиз байъат олишга қўл чўздилар. Анда Асъад ибн Зурора Расулуллоҳнинг қўлларини тўсиб туриб:
— Эй Ясриб (Мадинанинг илгариги оти) аҳли, узоқ ўйлаб, чўнқур пайқаб қаранглар, андин сўнг бу ишга киришинглар. Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари деб, биз бу кишига иймон келтирдик, уни бутун душманларидин қўриқлашга аҳд қилмоқчи бўлдик, демак, бу ишимиз бутун араб халқига қарши чиқмоқдур. Оқу қора инсонлар барига майдон ўқимоқдур. Агар бу иш бошланур экан, қиличларимиз қинидин суғурилур, уруш майдонларида бошлиқларимиз ўлдирилиб, қонларимиз тўкилур. Энди олдимиздаги бу қадар оғирчиликларни кўтариб, буларга чидай олсангиз, ул чоғда Расулуллоҳ қўлини олсангиз на улуғ шарафдур. Агар юқориги хатарлардин қўрқиб, сақланур экансиз, у ҳолда бу ишни қолдиринг, Аллоҳ олдида узримиз қабулдур, — деди.
Мажлис аҳллари бу сўзларни онглашлари ҳамон, ҳар томондин туриб «Эй Асъад, Расулуллоҳ қўлларини тўсма, бу тўғрида ҳар қанча оғирчиликлар кўрсак розидурмиз, бу йўлимиздин сира қайтмаймиз», дедилар ва «Агар бу йўлда юриб, жон берсак, қандоқ даража топгаймиз, ё Расулаллоҳ?» деб сўрадилар. Анда Пайғамбаримиз: «Худо розилигини топиб, жаннатга кирурсиз», деганларида, барчалари баробар: «Бундоқ эрса, розидурмиз, қўлингизни чўзинг», дейишиб, ҳаммалари байъат бердилар. Икки хотундан бошқа етмиш уч киши Пайғамбаримиз билан қўл тутишган ҳолда туриб, аҳд қилдилар.
Аммо хотунлар байъати сўз билан бўлди. Асъад ибн Зурора байъат топширур чоғида: «Биринчи Аллоҳ таолога, иккинчи ё Расулуллоҳ Сизга ростлик ила сўз берурман, шундоқки, бу йўлда ҳар на бермиш ваъдаларим, бу ҳақда қилмиш аҳдларимнинг барига вафо қилурман. Сўзимнинг ростлигини иш устида билдирурман. Танамда жоним борича сизнинг ёрдамингизда бўлурман» деди. Иккинчи, Нуъмон ибн Ҳориса айтди: «Байъат берурман Аллоҳга ва ҳам анинг пайғамбари сизга, ё Расулаллоҳ, шу биланким, Аллоҳ амрини доим олға юргизурман, ҳар ишда Аллоҳнинг розилиги ила бўлурман». Учинчи, Саъд ибн Рабиъ:
«Менинг аҳдим биринчи Аллоҳга, иккинчи — сизга, ё Расулаллоҳ, шулдурки, ҳар ишда Худо ва Расул амрига итоат қилурман, бутун буйруқларни жон-дил билан бажарурман», деди.
Қолганлари ҳам шунга ўхшаш сўзлар айтиб, байъат бердилар. Муборак байъат тамом бўлгандин сўнгра, Пайғамбаримиз айтдилар:
— Мусо пайғамбар ўз қавмидин ўн икки раис сайлаган эди. Шунга ўхшаш, мен ҳам сизлардин ўн икки бошлиқ сайлайдурман. Нега мен сайланмадим, бу сайланди, деган сўз кўнгилга келмасун. Чунки бу иш биродарим Жаброил алайҳиссалом ихтиёри ила бўлур, деб алардин ўн икки кишини раис қилдилар. Буларнинг тўққизи Хазраждин, учи Авсдин эди.
Исломият оламида энг аввал хизматга сайланмиш ўн икки раислар шулардир:
- Абул Ҳайсам ибн Таййихон
- Асъад ибн Зурора
- Усайд ибн Хузайр
- Баро ибн Маърур
- Рофиъ ибн Молик
- Саъд ибн Аби Ҳайсама
- Саъд ибн Рабиъ
- Саъд ибн Убода
- Абдуллоҳ ибн Равоҳа
- Абдуллоҳ ибн Амр
- Убода ибн Сомит
- Мунзир ибн Амр.
Пайғамбаримиз: «Энди сизлардин ҳар бир киши ўз қабиласига кафилдур. Исо алайҳиссаломга ҳаворийлар кафил бўлгандек, мен ҳам ўз қавмимга, яъни Маккадин Мадинага ҳижрат қилиб борувчиларга кафил бўлурман», дедилар. Бу жойда Пайғамбаримиз айтган ҳаворийлар эса, алар Исо алайҳиссаломга дастлаб иймон келтиргувчи хос шогирдлари эди. Исо пайғамбар кўкка кўтарилиши олдида дин ишларини шуларга топширган эдилар. Ўз замонида Исо алайҳиссаломнинг дини шу ҳаворийлар орқалик халққа тарқалди.
Қуръони каримда Ёсин сурасининг бошроғида, Саф сурасининг охирида буларнинг қиссалари баён қилинмушдир. Исо алайҳиссаломнинг таржимаи ҳоллари ва Инжил китоби шулар томонидан ёзилмишдур. Юҳанно, Матто номли Инжил ёзувчилари шулардин эди.
Яна ўз сўзимизга келсак, энди, бу муборак байъатни шу йўсинда қилиб ўтказдилар. Бунда ҳозир бўлган бахт-саодатлик одамларнинг кўнгилларида иймон чироғи ёниб,
ботинлари анинг нурига тўлди. Бутун вужудлари ила ҳақиқатга берилдилар. Худо ва Расули Худонинг ишқи муҳаббати аларда жўш урди. Муҳаббат майининг мастлиги билан ичларидин Аббос ибн Убода деган киши: «Ё, Расулаллоҳ, улуғ Аллоҳнинг оти билан қасам қилурман, агар рухсат қилсангиз, бутун Мино аҳлига, шу эрталаб, қиличимиз ила қарши чиқайлик», деди. Анда Расулуллоҳ: «Мен ҳозир бу ишга буйрулмадим, бу ишнинг вақти ҳали етмади, ҳар киши қўшхонасига қайтсун», деб рухсат қилдилар. Яна бир ривоятда келтирибдур, бу байъат тамом бўлишини кўриб, Иблис малъуннинг жонига ўт кетди. Бу ишга чидай олмай, бир қаттиқ ва аччиқ ун билан қичқириб: «Эй Мино халқи, кўринглар Муҳаммадниким, сизларга уруш очмоққа йўлдошлари билан онт ичди, тутинглар буларни», деди. Малъуннинг бу фарёдини бутун байъат қилгувчилар онгладилар. Душманларимиз бу ишдин хабар топган эканлар деб, қуролларига югурдилар. Анда Расулуллоҳ: «Чўчиманглар, бу фарёд қилгувчи шайтондур. Сизлардин бошқа ҳеч кимсага бунинг товуши эшитилмас. Бу ишга чидаб туролмай, қўрққанидан фарёд қилди. Эй малъун, сен учун энди бўшандим, сенинг қўрққан кунларинг олдингга келгусидур», деб унга лаънат ўқидилар. Шунинг билан саҳобаларнинг кўнгиллари тинчланиб, ҳар қайсилари ўз қўшхонасига қайтишди.
Шундоғ бўлса ҳам одам шайтонлари бу ишдин хабар топишган экан, халқ ичида бу сўз тарқалиб қолди. Қурайш мушриклари буни эшитган сўнгида, аларнинг раисларидан бир нечалари буларга келиб: «Эй Авс, Хазраж, сизнинг қилмиш ишларингиздин биз хабар топдик.
Муҳаммадни бу ердин олиб кетмакка ва бизга қарши уруш очмоққа қасам ичганингизни эшитдик. Худо ҳаққи, бутун араблар ичида сизлар билан орамиз бузилиб, уруш чиққандин ёмонроқ кўрган нарсамиз йўқ эди», дедилар. Анда бу ишдин хабари йўқ Авс, Хазраж мушриклари: «Ҳой, Қурайш сайидлари, бизда бундоғ иш бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмасдур. Йўқ иш, ёлғон сўз», дейишиб, қасам ичишиб, аларни қондирдилар. Аларнинг бу ишдин хабарлари йўқ бўлгани учун, айтган сўзлари тўғри эди.
Чунки бу ишни мўминлардин бошқа ҳеч ким билмаган эди. Шунинг билан ҳаж мавсуми ҳам тамом бўлиб, Минодин халқ тарқала бошлади.
Сўнгра бу сўзнинг аниқлиги Қурайшга маълум бўлиб, аларнинг ортидан қувиб чиқдилар. Орқада қолган икки кишига етиб, тутмоқчи бўлганда, бирови қочиб қутулди, иккинчиси
тутилиб қолди. Бу иккови эса ўша байъат туни сайланган ўн икки нақиблардин бўлиб, бири Саъд ибн Убода, иккинчиси Мунзир ибн Амр эди. Саъд ибн Убодани тутиб олиб, қўлини бўйнига бойлаб, уриб-судраганча Макка шаҳрига келтирдилар. Катта-кичик кофирлардин кўзи тушганлари бу кишини уриб-сўкиб озор бермоқда эди. Шу орада бир киши келиб, секингина: «Қурайш раисларидин кимларни танурсан? Агар танишларинг бўлса, шунинг отини айтиб, қичқиргин», деди. Жубайр ибн Мутъим билан Ҳорис ибн Ҳарб, бу иккови билан бурундин таниш бўлиб, алоқаси бор эди. Аларнинг отини атаб қичқирди. Сўнгра бу сўзни ўргатган одам у икковига келиб: «Пастки бозорда бир киши кўрдим, халқ томонидин урилаётибдур, аммо ул киши тўхтовсиз икковингларни атаб қичқирур. Бу ким экан деб сўрасам, Хазражлардин Саъд ибн Убода номлик киши эмиш», деди. Бу сўзни англашлари билан: «Ҳой, уларнинг бу ишлари яхши бўлмабдур. Шом тижоратида карвон юрар йўлимиз Мадинадур, йўл устидаги Авс, Хазраж каби кучлик қабила ила нечук душманлик қилса бўлур?» деб бу иккови олдирашлик (шошилинч) билан бориб, у мўмин қулни Аллоҳ асраб, мушриклар қўлидин қутулдирдилар ва ҳам у соғ-саломат Мадина шаҳрига келди. Буни кўрган Мадинадаги қавму қариндошлари бошлиқ ҳамма мўминлар суюндилар.
Шундоқ қилиб, ансор саҳобалари Маккада байъат ўтказиб келишгандин сўнгра Ислом дини Мадинада ривожланишга бошлади. Баъзи бир маҳалла халқи тамомий бутун оилалари билан Исломга мушарраф бўлдилар. Мадина хонадонларида иймон кирмаган уй йўқ эди. Эски одатни ташлаб, ундан ажрашни оғир олган чолу кампирлардин бошқа катта-кичик ҳаммаларига Ислом руҳи ўрнашди. Шунинг билан бирга байъат воқеасидин кейин Маккадаги мусулмонларга мушриклар чидаб туролмаслик даражада янгидан-янги
тажовуз қила бошладилар. Аларга турлик равишда жабр-зулмлар қилмоққа киришдилар. Уларга қарши мусулмонларда сабр қилмоқдин бошқа ҳеч чора йўқ эди ва шу вақтнинг ҳолига қараб Пайғамбаримиз бошлиқ барча мўминларга Худо тарафидин шундоқ буйрулган эди. Лекин аларнинг зулм-тааддийлари чекидан ташқари чиққанликдин, мўминларнинг қайси бирлари қочишга мажбур бўлдилар. Қай бирлари эса ортиқ азобга чидолмай, дилларига қўрқинч тушди. Иймони кучли кишилардин бир қанчалари азоб остида ётиб, шаҳид бўлдилар. Ва бир қанчалари Расулуллоҳ олдига келиб, бошқа бир жойга ҳижрат қилмоққа рухсат сўрадилар. Расулуллоҳ эса бу тўғрида Аллоҳнинг амрини кутганликдин аларга очиқ жавоб бермадилар. Иш мана шу қийинчилик ҳолга етгандин сўнгра бир куни Расулуллоҳ суюнган ҳолда уйларидин чиқиб келиб:
— Аллоҳ таоло менга бу жойдин ҳижрат қилиб кетмакка рухсат қилди, мўминлардин қудрати етган киши бўлса, Мадинага ҳижрат қилсун. Аллоҳ таоло у жойда сизларга тушгудек ўринлар, кутиб олгудек ёру дўстлар тайёрламушдур, — дедилар.
Бу сўз чиққандин кейин саҳобалар ичида ҳижрат масаласи қўзғолди. Бу ишга яширин равишда ҳозирлик кўришга киришдилар. Бу сафарги ҳижратга энг аввал қадам қўйган киши — саҳобалардин Абу Салама эди. Бу зот бўлса, хотунлари Умму Салама бирлигида илгари ҳам Ҳабашистонга ҳижрат қилган эди. Ҳаммадин илгари сафар яроғини қилиб, бу киши тайёр бўлди. Умму Саламани қучоғидаги икки-уч ёшлик боласи билан туяга миндириб, етаклаган ҳолда йўлга тушди. Шу орада хотуннинг жамоатидин бир неча кишилар олдидан чиқиб қолиб: «Эй Абу Салама, сен бизнинг қариндошимизни қайси элга элтурсан, ўз уруғ-аймоғидин ажратиб, ёт ерга кетмакка қўймаймиз», дейишиб, туя бурундуғини анинг қўлидан тортиб олдилар. Бунинг устига эр томондин бир неча кишилар келиб қолди. Араблар одатларича ўзаро номус талашиб: «Хотунни сиз олур бўлсангиз, боласи бизда қолур», деган сўз билан болани аларга бермадилар. Шундай бўлиб, хотунни қариндошлари олди, боласи ота жамоатига қолди. Абу Салама бўлса, дин йўлида хотунболадин кечиб, йўлга тушди. Бу кўрган кулфат-машаққатлари, у зотнинг ҳақ йўлида қилган иродасига ҳеч қандоғ зарба етказа олмади. Икки орада бечора хотунга бек қийинчилик туғилиб, ҳам эридин, ҳам қучоғидаги боласидин ажради. Бечора хотун буларнинг фироқида ҳар куни эрталаб уйидин чиқиб, Мадина йўли устида, Абтаҳ деган жойга келиб, кечгача шунда йиғлаб ўтирур эди. Бир куни ўз қабила раисларидин бирови бу жойдин ўтаётганида, унинг йиғлаб ўтирганини кўриб, кўнгли оғриди. Бошқаларга қараб айтдиким:
— Бу на яхшиликдур, ул бечора эридин ҳам, боласидин ҳам ажраб, кўча бўйида йиғлаб ўтирур. Уни қўя беринглар, тилаган томонига борсин, йўқ эрса, эл ичида бизга номус келтирур, — деди.
Бу баҳона билан анинг йўли очилди, боласини ҳам ўзига қайтариб бердилар, қафасдин қутулган қушдек, ҳеч нарсага қарамасдин туясига миниб, боласини қучоғига олиб ёлғиз хотун йўлга тушди. Беш-олти чақиримча юриб, Танаъим деган жойга етганида, Усмон ибн Талҳа деган киши олдидин чиқди. Бу киши эрса, Қурайш раисларининг бириси бўлиб, «Байтуллоҳ очқичи»нинг эгаси эди. Умму Саламанинг йўлдошсиз сафарга чиққанини кўрди, «боласини ўнгарган ёлғуз хотунни кўра туриб, ўтиб кетсам, мен учун эр кишилик бўлмагай», деб туя бурундуғини тутиб етаклаганча Мадинага етказиб қайтди.