Шунча муаммолар, шунча тала-тўпларда бўй кўрсатмаган пешволар, нарх кўтарилганида катта саҳнага чиқишди. Катта саҳнага чиқиб, худди янги Америка очгандай “эврика”, дейди. Бири шукр қилишга чақирса, бошқаси “Истиғфор айтмаганимиз сабаб доллар ошди”, дейди.
Зулм етганида сабрга, ҳақ поймол қилинганида шукрга чақирадиган сиздай одамлар бор экан, бизга душманни кераги йўқ. Сизлардан давлат одамларни ухлатиш, алла айтиш учунгина фойдаланади.
Сизлар фақатгина шукр қилишга, тинчликка, сабрга ва мусаффо осмонга масъулсизлар, холос. Фақат буни ўзларинг тушуниб етмайсизлар. Сизлар одамларни ҳали ҳам содда, нима десак ҳам лаққа тушадиган деб ўйлайсизлар. Одамлар бугун уйғонган. Энди улар кўзни юмиб, этагингизни тутадиган даврлардан ўтди. Энди улар ақлни ишлатяпти. Гапирган гапингизга далил сўраяпти.
Оят ва ҳадислардан усталик билан ўз мақсадларинг йўлида фойдаланяпсизлар. Оятларни поймол қилиб, яна уялмай “одамлар оят ва ҳадисга эргашмаяпти”, деб маломат қиляпсизлар.
Али Розияллоҳу анҳу: “Қаерда фақирлар оч қолса, ана ўша ерни бойлари уларни хақларини еб турган бўлади”, деган. Фақирлар оч қолишига сабаб, истиғфорни айтмагани учун, демаган.
Шунчалик мард бўлиб авомга насиҳат қилишга журъат топибсизлар. Нима учун аввал раҳбарларга насиҳат қилмайсиз? Нима учун “ҳой ноинсоф, сен ифлосни монополия қилганинг сабаб мана бу нарсалар қиммат. Сенларни монополиянг сабаб одамларимиз автобусларда ёниб ўлиб кетяпти. Сенларни пул ювишларинг, ситиларингни деб инфляция юқорилаб кетди”, демайсизлар. Сизларни динларингда насиҳат фақатгина қора халққа қилинадими?
Яна кўзини лўқ қилиб, мен оят ва ҳадисдан гапиряпман, дейди. Кимни алдаяпсан?
Зулм бўлганида индамаган, ҳақлар тортиб олинганида жим турган, зулмлар сабаб ҳижоблар ечилганида, болалар ҳайдалганида, эрлар қамалганида жим турган оғизлар сабр, шукр ҳақида бийрон бўлиб кетади.
Зулмга қарши гапира олмадингми, энди қолганига ҳам жим тур. Бу халқ сабрни, шукрни сен ўйлаганингдан кўра яхшироқ англайди. Бу халқ сенлар айтмасанг ҳам ота-онасини ардоқлайди. Тинчлигини қадрига етади. Бу халқ юз йилдан бери зулм остида сабр қилиб яшаяпти. Бу халқни қора қозони аранг қайнаб, золимлар, ифлослар, маккорлар хақини тортиб олганида ҳам шукр қилиб кун кечиряпти. Сабр ва шукрни сенлар ўйлаганингдан кўра кўпроқ англагани, қонига сингиб кетгани учун ҳали нон сўраб кўчага жанжал қилиб чиқмади.
Бу халқни устидан кулиб шукр ва сабр ҳақида гапирманглар. Бу халқ шундоқ ҳам сабр қиляпти. Боласи музлаб ўрмонларда ўлса ҳам, Россияда қурилишда томдан тушиб кетиб ўлганида ҳам, уйи бузилиб, кўчада қолганида ҳам, гўшт ея олмай ҳафталаб кун кечириб юрганида ҳам сабр ва шукр қилиб яшаяпти.
Шундоқ ҳам сабрни яктак, шукрни иштон қилиб олган бу миллатга золимлар ҳақида, монополистлар ҳақида, давлат мулкини ўзлаштираётган олғичлар, аҳмоқ ҳокимлар, халқни қонини сўраётган қариндош-уруғлар ҳақида гапиринг. Гапира олмаяпсизми? Ўзингизни кулгига қўйманг. Бу халқни дардини ҳис қилмаган, халқ учун, дини учун икки оғиз гапни юрак ютиб гапира олмаган, Имом, пешво бўла туриб ўз қавмини ҳимоясига туриб бера олмаганларни алжирашига муҳтож эмасмиз.
Сиз уҳлатишга уриниб оғиз жуфтлаганингиздан, жим турганингиз афзал. Илтимос, гапирманг.